Самарқандлик уруш ва меҳнат ветерани Отажон Ибрагимовнинг ёши бир асрга яқинлашиб қолганлигига қарамасдан, ҳанузгача ўз ўрнини жамиятда деб билади, ҳеч кимдан ўз маслаҳати ва ёрдамини аямайди. Мамлакат равнақига тўсиқ бўлаётган иллатларни тугатиш, одамлар ҳаётига салбий таъсир этаётган урф-одатлар баҳридан ўтиш лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритади.
Отажон буванинг ижтимоий ҳаётимизга бўлган бугунги қарашини,
жонкуярлигининг асосини англаш учун бу муътабар замондошимизнинг босиб ўтган
ҳаёт йўлига бир назар солсак, айни муддао бўларди.
“Урушга кичик лейтенант унвонида бориб, шу унвон билан
қайтиб келдим”
Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, биринчи гуруҳ ногирони, Ўзбекистон
Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими ва ёшлар мураббийси, ўзбек
авиациясининг отахони деб тан олинган Отажон Ибрагимов 17 ёшида Ростов Дондаги
учувчилар тайёрлаш мактабига кирган эди. Ўқишни тугатгач, Самарқанд аэропорти
бошлиғи вазифаси унга ишониб топширилди. “Ўша вақтлардаёқ аэропортимиз халқаро
мақомга эга эди, – эслайди Отажон бобо. – Чунки самолётларимиз нафақат қўшни
республикаларга, балки Қобулга ҳам парвоз қиларди”.
Отажон Ибрагимов 1942-1945 йилларда ҳарбий учувчи сифтида Иккинчи жаҳон
урушида иштирок этди. У ҳаммаси бўлиб 506 марта осмонга кўтарилди ва ўзининг
ПО-2 учоқи билан фашистлар истеҳкомларини, қурол-яроқ омборларини бомбардимон
қилиш билан чекланмади. Ўта хавфли вазифани, яъни немислар эгаллаб турган
ҳудудлар устидан учиб ўтиб, партизан отрядларига озиқ-овқат, ўқ-дори ва керакли
маълумотларни етказиб турди. Ана шундай топшириқлардан бирини бажараётганда
унинг учоғи немис қирувчи самолёти томонидан уриб туширилди. Анча муддат
даволангандан кейин қаҳрамонимиз яна
сафга қайтди.
Албатта, умрининг деярли тўрт йилини бахшида этган бу суронли даврни Отажон Ибрагимов тез-тез эслаб туради. Жумладан,
хотирасида муҳрланиб қолган бир лавҳани учрашувларда ҳикоя қилиб беришдан ўзини
тиёлмайди. 1944 йилда у қўмондонликнинг алоҳида топшириғини бажариб, Кишинёвдан
Бухарестга парвоз қилди. Немислар назорати остида бўлган ҳудуд орқали пастлаб –
ер бағирлаб учиб (буни русчада “бреющий полёт” дейишади), ҳукумат вакиллари ва
юқори лавозимдаги ҳарбийларни манзилга
эсон-омон етказган эди. Улар бу ерга Руминиянинг янги ёш қироли Михай билан
учрашгани келишган эди. Шу вақтгача фашистлар Германияси томонидан туриб жанг
қилган Руминия энди урушдан ўз аскарларини олиб чиқишга кўндириш керак эди. Вакиллар
бу ишнинг уддалашди: қирол урушдан чиқишга қарор қилди ва меҳмонларга ушбу
қарорини тасдиқловчи мактуб тақдим этди. Бу вазифанинг ўта муҳимлиги шундаки, Руминиядек
бир мамлакат армиясининг урушдан чиққанлиги ғалабани яқинлаштиришга ҳисса
қўшган омилларидан бири саналади.
Шундан кейинги воқеани Отажон бобо қуйидагича эслайди: “Давлат
топшириғини бажариб, ҳарбий полкимимиз
аэродромига етиб келгач, биз билан бирга учган генерал менга қарата “оғир
шароитда самолётни моҳирона бошқардинг, қаҳрамон деган унвонга лойиқсан, табриклайман,
деди ”. Бунинг учун керакли ҳужжатлар тайёрланиб, юқори ташкилотларга юборилганлигини
О.Ибрагимов билмайди. У ўзини дурустроқ рағбатлантиришга доир бирорта
тавсиянома полкдан ташқарига чиқмаганлиги сабабини полк командирининг
миллатчилик кайфияти билан боғлайди.
“Майли, қаҳрамонлик унвонига нолойиқ деб ҳисоблашган бўлсин. Аммо урушга
кичик лейтенант унвонида бориб, шу ҳарбий унвон билан қайтиб келганлигим
сабабини бошқача тушунтира олмайман, – дейди Отажон бува. – Шунча ҳарбий парвоз
қилган бўлсам, қўмондонликнинг алоҳида топшириқларини бажарган бўлсам, тўрт
йиллик хизматим давомида ҳарбий унвонимни кўтиришмаганини яна қандай изоҳлаш мумкин?”.
Фуқаролик
авиациясини ривожлантириш йўлида
Урушдан сўнг Отажон Ибрагимов яна Самарқандга, ўз ишига қайтди. Бу вақтда
аэропорт Оҳалик қишлоғида, шундайгина тоғ ён бағрида жойлашган эди. Бу учиш ва
қўниш учун анча хавф уйғотарди. У юқори ташкилотларга аэропортни янги жойга
кўчириш таклифи билан чиқди. Жойни танлашга ўзи қатнашди. Натижада Зарафшон
дарёси яқинидаги катта майдонда янги аэропорт қуриладиган бўлди. Бу жой тўқайзор
бўлганлиги сабабли уни тозалаш ва тартибга келтириш учун жуда катта куч ҳамда
вақт сарфланди.
Отажон бува дарахтларни илдизи билан суғориб ташлаш учун юзлаб ишчиларнинг
меҳнати унча самара бермаганлигидан ҳарбий бўлинмадан бир нечта танк бериб
туришни сўраганлигини эслайди. Натижада танк ва тракторлар ёрдамида майдон
тартибга келтирилган ҳамда аэропорт қуришга киришилган.
У бир неча йил давомида Самарқанд аэропортида раҳбарлик вазифаларида фаолият
кўрсатди. Қаерда бўлмасин, ўзини ташкилотчи, жонкуяр раҳбар сифатида кўрсатди. Бу
орада ўша вақтдаги юқори ташкилот – Аэрофлотнинг кўрсатмаси билан қўшни
Тожикистонда фуқаролик авиациясини ривожлантиришда қатнашди. Аввал – 1954 йилда
– Сталинобод (ҳозирги Душанбе) аэропортининг бошлиғи, кейинчалик Ленинобод (ҳозирги
Хўжанд) бирлашган алоҳида авиаэскадриляси командири лавозимларида ишлади.
Қаҳрамонимизнинг меҳнат фаолиятида муҳим ўрин тутган яна бир йўналишни
қайд қилиб ўтиш зарур. У ўтган асрнинг 30-йилларда, энди иш бошлаган пайтида,
ўша вақтда кенг тарқалган безгак касаллигига қарши курашда бевосита иштирок
этган эди. Машҳур шифокор, Ўтра Осиёда безгакни йўқотишда катта ҳисса қўшган
олим профессор Л.Исаев таклифи ва иштироки билан касаллик тарқалган ҳудудларга,
айниқса безгак ўчоғи ҳисобланмиш сув ҳавзаларига тиним билмай, керак бўлганда
туну кун самолётдан дори сепган. Шу йўл
билан безгакнинг асосий сабабчилари бўлган чивинларни қириб ташлашда жонбозлик
кўрсатган.
50-йилларда О.Ибрагимов қишлоқ хўжалигига катта зиён етказган
чигирткага қарши курашда қатнашди. Унинг эслашича, чигиртка шунчалик кўп эдики,
уни бошқа йўл билан йўқотишнинг иложи бўлмади. Осмондан туриб тори сепиш орқали
бу офатга чек қўйишга эришилди.
Дахлдорлик ҳисси. Президент Путинга
мактуб
Отажон Ибрагимов ўзининг меҳнат фаолиятини то 2001 йилгача давом
эттирди. Бу вақтда у 84 ёшда эди. Нафақага чиқиб ҳам у баъзиларга ўхшаб фақат ўз
оромини ўйламади. Жамиятда кечаётган жараёнлардан узоқлашмасдан, уларга
дахлдорлик ҳисси билан яшаб келмоқда. Жумладан, Самарқанд янада чирой очишига ҳисса
бўлиб қўшилган сарв ва нина баргли дарахт кўчатларини экишни бошлаб берган эди.
Дастлаб Ялта шаҳридан сарв дарахтини олиб келиб, аэропортга олиб борадиган йўл
бўйлаб эктирган эди. 2000 йилда эса яна 250та
сарв, қарағай дарахтларини эктирди.
Мутахассис сифатида О.Ибрагимов Самарқанд аэропортининг аввалги
тизимини тиклашни, яъни ўз самолёт паркига эга бўлган бирлашган авиажамланма
ташкил этишни таклиф қилмоқда. Унинг бевосита иштирокида бундан бир неча йил
олдин Самарқанд аэропорти музейи барпо этилди. У аҳоли ўртасида мунтазам чиқишлар
қилади, ёшлар билан мулоқоти вақтида яқин ўтишимиз ва ҳозирги замонимизни
таққослайди, мисоллар келтиради.
Айни пайтда ўзини безовта қилаётган, оромини бузаётган муаммолар ҳақида
мамлакатимиз раҳбариятга мактуб йўллашга, камчиликларни тугатишга ҳисса қўшишга
интилмоқда. У кўтариб чиқаётган муаммоларнинг ҳар бири ҳақида кўп гапириш
мумкин. Шу сабабли бу ерда уларни фақат санаб ўтиш билан чекланаман. Мана,
бобомизни қийнаётган муаммолар:
– Орол денгизи муаммосини ҳал қилишда амалий натижага эришиш учун жаҳон
ҳамжамияти кучидан унумли фойдаланиш;
– Самарқанд шаҳрини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш мақсадида
шаҳарда учта маъмурий туманни тиклаш;
– Самарқандни Ўзбекистоннинг иккинчи пойтахти сифатидаги мавқеини (худди
Москва ва Санкт-Петербург, Вашингтон ва Нью-Йорк ва бошқалар каби) расман тан
олиш;
– Шаҳарларимиз ҳавоси мусаффолигини таъминлаш мақсадида кўплаб
фавворалар барпо этиш ва дарахтлар экиш;
– Ким ўзарга ўтказилаётган тўй-маъракалар аҳоли бошига кулфатлар олиб
келмаслиги учун уларни маълум тартибда ўтишини давлат назоратига олиши;
– Дорихоналардаги нарх-навони тартибга солиш ва дори сифатини мунтазам
назорат қилиб бориш ва бошқалар.
О.Ибрагимов нафақат ўзимзда, балки қўшни мамлакатлардаги жараёнлар
билан ҳам қизиқади. Қизиқадигина эмас, хориждаги айрим камчиликларга кўз юмиб
қараб туролмайди. Мана, мисол. У Россия Президенти Владимир Путинга мактуб
йўллаб, қатор таклифларни ўртага ташлади. Жумладан, Ўзбекистон тажрибасидан
келиб чиққан ҳолда траспорт воситаларини маст ҳолда бошқарадиганлар ҳамда автомобиль
ўғрилари учун жазони кучайтириш, ароқ ўрнига қизил вино ичишни тарғиб қилиб,
спиртли ичимликлар истеъмол қилиш маданиятини юксалтириб боришни таклифи шулар
жумласидандир. Буни қарангки, Отажон бува Россия Президенти маъмуриятининг
аҳоли мурожаатлири билан ишлаш бошқармасидан жавоб олди. Унда мактубда кўтарилган
муаммолар долзарб эканлиги ва мамлакат раҳбарияти улардан хабардор қилинганлиги
таъкидланади.
Қанийди, Отажон Ибрагимовдек тиниб-тинчимас, муаммоларни баралла айта
оладиган оқу қарони ажрата олишга қодир муйсафидларимиз кўпайса! Шунда ҳаётимиз янада мукаммалроқ
бўлармиди?!
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий