2 март куни Самарқандда сайловчиларнинг Президент ва айни пайтда 29 мартда бўладиган сайловда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов билан учрашув бўлиб ўтди. Шу куни кўрилган кенг миқёсдаги хавфсизлик чоралари доирасида Президентга қўшиб мени ҳам қўриқлашди.
Кейинги кунларда шаҳарнинг марказий кўчалари ва майдонларида олиб
борилган жуда катта тозалаш ва ободонлаштириш ишлари яқин кунларда юқори
мартабали меҳмон ташриф буюриши хусусида гап-сўзларга сабаб бўлган эди. Кеча эрталабдан
йўллар тўсилганлиги Президентнинг айнан шу куни Самарқандга келиши ҳақида даракчи
бўлди. Бугун азонда Ўзбекистон миллий
ахборот агентлиги хабарини ўқиб, учрашуб бўлиб ўтганлигини билиб олдим.
Бу ерда ўша учрашув хусусида ёзмоқчи эмасман. Унда қатнашмаган бўлсам, у
ҳақда қандай фикр билдирай? Бошқа масала ҳақида сўз юритмоқчиман. Давлат раҳбари
хавфсизлигига масъул бўлганлар ҳовлимиз дарвозаси яқинида икки кишини
қўйганидан ҳайратга тушдим. “Мени ҳимоя қилишяптими ёки мендан ҳимоя
қилишмоқдами?”, - ўйлаб қолдим. Чунки қайси ҳаракатим билан бундай “ҳурмат”га
лойиқ бўлганлигимни тушуна олмадим.
Фаолиятим очиқ кечмоқда, фикрларимни эркин ёзиб, барчага ошкор
қиляпман. Наҳотки, давлат ва жамият хавфсизлигига мутасадди бўлганлар таҳлил
қилиб, объектив хулоса чиқаришдан узоқ бўлишса?! Наҳотки, шу пайтгача қилмаган,
ҳатто хаёлимга келмаган бирор-бир ишга
мени қодир деб ҳисобласа, ўша ўзини давлат манфаатининг ҳимоячилари деб санайдиганлар?!
Ҳайронман, нимага асосланиб улар бундай хулосага келган экан-а?! Идорада
ўтирган ўша “таҳлилчилар”га ва мени қўриқлаган ходимларга давлатнинг (аниқроғи,
халқимизнинг) кетган маблағига кўнглим ачийди.
Афсуски, бу биринчи марта мени “зарарсизлантириш”га бўлган интилиш эмасди.
Ўтган йилнинг декабр ойида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган
сайловлар кунида ҳам икки киши “Матиз” машинасида (давлат рўйхатидаги рақами
146) уйимиз қаршисида қўним топиб, кун бўйи мени кузатишган эди. Ўшанда индамаган
эдим. Энди 29 март куни неча киши кўчамизга келаркин, деб ўйга ботдим. Яхшиси уларга
берадиган бир кунлик иш ҳақини ўзимга узатишсин, умуман кўчага чиқмайман деб
тилхат бераман.
Ҳазилни қўйиб, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсам, мендан давлат ва
жамият манфаатларига зиён етказувчи шахс сифатида қарашдан воз кечинглар,
жаноблар! Бундай бемаъни фикр кимдан ва қайси асосда келиб чиққанлигини бир
таҳлил қилиб кўринглар. Агар пул, бойлик, сохта обрўй ёки бошқа бир шахсий
манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлганимда, бошқача йўл тутардим. Ҳеч
бўлмаса, журналист сифатида бировни мақтайман деб, бошқани қўрқитаман деб,
пулини олардим ва кўп қатори юраверардим.
Ўзини давлат ҳимоячилари деб билганлар, кўзларингни очинглар! Мен ёки
мендай кишилар эмас, балки давлат идорасида ўтириб олиб, фақат ўзини, ўз
фойдасини ўйлаётганлар ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида
Ўзбекистонимизга катта зиён етказмоқда. Додини кимга айтишини билмасдан, сарсон
бўлиб юрган оддий фуқаролар қанча! Мисоллар керакми? Қани, айтсин: “фуқаро,
жамият ва давлат манфаатлирини ҳимоя қилишга тайёрман” деган мард борми? Бировнинг
тайёр бизнесини тортиб олаётганлар, айнан ўша тепада турган акаси ёки ҳомийсига
таяниб қонунни оёқ ости қилаётганлар ҳаракатига чек қўядиган холис инсон борми?
Бор бўлса, менга чиқсин, ҳақиқатни тополмасдан, эзилиб юрганларнинг номини
айтардим.
Қачонгача ким ватандўсту ким ватанфуруш эканлигини англамаган
калтафаҳмлар ўзгалар тақдирини ҳал қилувчи бўлади? Оқ ва қорани ажратолмайдиган
ношудлару калтабинларга қуйдагича мурожаат қилмоқчиман.
29 март куни вақт ва маблағни беҳуда сарфлаб, менга қоровул қўйманг. Сайловда
қатнашаман ва овоз бераман. Унга қандай тайёргарлик олиб борилаётганлигини
имкон қадар блогимда ёритиб боряпман. Фуқароларни хабардорлигини ошириш
мақсадида фақат холис ахборот тарқатяпман. Хулоса чиқариш хабарни ўқиган
одамнинг ўзига ҳавола.
Бу ерда эса ҳозир ўз фикримни баён этаман. Президенликка қўйилган тўрт
нафар номзод ичида Ислом Каримов номзоди бошқаларга нисбатан муносиброқдир. Биламан,
бу борада бошқача қарашлар ҳам мавжуд. Айримлар Конституция талаблари
бузилганлиги ҳақида гапирса, бошқалар “25 йил ичида бажаролмаган ишини энди 5
йилда амалга оширадими?”, деган фикр билдирмоқда.
Ҳозир мавжуд воқеликдан келиб чиқайлик. Расман тўрт нафар номзодимиз
бор. Улардан бирини ташлашимиз керак. Мамлакат ичидаги вазиятдан, ўша биз
айтган оддий фуқаро нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлсак, ким энг кўп овоз
олиши аниқ. Энди 5 йил ичида мамлакатда туб бурилиш қилиш мумкинлиги масаласига
келсак. Фикри ожизимча, агар ана шу нисбатан қисқа вақт ичида сўз ва матбуот
эркинлигига кенгроқ йўл очилмаса, фуқаролик жамияти асоси шаклланмаса, ўрта синфга
мансуб қатлам кенгаймаса, ўзаро сиёсий баҳс-мунозараларда тобланган ҳақиқий
сиёсатчилар гуруҳи вужудга келмаса, мамлакатимиз ва халқимиз ўта аянчли аҳволга
тушиб қолиши аниқ.
Ҳокимиятнинг бир қўлдан иккинчисига оғир асоратсиз ўтиши учун юқорида
санаб ўтган ўзгаришлар зарур. Акс ҳолда, тахт учун ўзаро курашлар, келиб
чиқадиган низолар халқимиз бошига қандай кулфатлар олиб келиши фақат
Яратганнинг ўзига аён. Ишонишимча, булар 29 мартда сайланидиган Президентга ҳам
маълум. Шу сабабли мамалакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг бардавомлиги ва
халқимизнинг ўзига мос ҳаёт тарзига эга бўлиши учун туб ўзгаришлар амалга
оширилишига умид қилсак бўлади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий