четверг, 12 марта 2015 г.

Самарқандда банклар тадбиркорларга қандай ёрдам кўрсатмоқда?


Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи Ғанишер Маматқуловнинг матбуот анжумани бўлиб ўтди. 12 март куни ўтказилган ушбу тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар бўйича банклар томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Ғ.Маматқуловнинг уқтиришича, 2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун 712,8 миллиард сўм миқдордаги 10134та лойиҳа молиялаштирилди. Бунинг натижасида 19825 та янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йили ажратилган кредит миқдори 2013 йилдагига нисбатан 1,3 баравар кўпдир. Кредитларнинг асосий қисми мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегияси лойиҳаларини бажаришга йўналтирилганлиги таъкидланди.

Бу қайси йўналишларни ташкил этади? Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 124,4 миллард сўм, саноат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга 82,1 миллиард сўм, сервис соҳасини ривожлантиришга 117,4 миллиард сўм, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 74,8 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик равнақига 33,2 миллиард сўм, таълим муассасалари битирувчиларига 25,5 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Ўз чиқиши давомида Ғ.Маматқулов шу куннинг долзарб муаммоларидан бўлган касб-ҳунар коллежи битирувчиларига кўрсатилаётган ёрдам ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Коллеж битирувчиларида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда, бизнес режаларини тузишда ва уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишда кўмаклашиш мақсадида вилоятдаги 161та коллежда “Ёш тадбиркорлар хонаси” ташкил этилган. Хоналар тижорат банкларининг амалдаги йўриқномалари ҳамда буклетлар билан таъминланган, интернет тармоғига уланган. Ҳар бир коллежга маълум тижорат банкининг раҳбар ходими масъул этиб беркитилган ва улар ҳар ойнинг дастлабки шанба куни битирувчилар билан амалий учрашув ва “мастер класс”лар ўтказиб келишмоқда.

Журналистларнинг тизимдаги муаммолар, тадбиркорлардан банк фаолиятидаги айрим камчиликлар ҳақида тушаётган шикоятлар хусусидаги саволларига жавоб берар экан, Ғ.Маматқулов, жумладан, шундай деди: “Муаммо, баъзи бир камчиликлардан  кўз юмолмаймиз. Уларни аниқлаган заҳотиёқ бартараф қилишга ҳаракат қиламиз”. Унинг таъкидлашича, бир қатор ҳолларда тадбиркорлардан тушган шикоятни жойида ҳал этиш давомида уларнинг ўзлари керакли ҳужжатларни тақдим этмаганлиги ёки камчилик билан тақдим этишганлиги маълум бўлади. Бундай пайтда банк ходимлари ҳам камчиликни бартараф этишга тадбиркорларга ёрдам беришга интилади.

Банк музейида
Самарқанд банк тизимининг обрўсига салбий таъсир қилган ҳолатлар – кейинги йилларда иккита хусусий-тижорат банкининг инқирозга учраганли сабаблари ва улар мижозларининг ҳозирги аҳволи ҳақидаги саволга ҳам журналистлар аниқ жавоб олишди. “Самарқанд” банки ва “Амир банк”, Ғ.Маматқуловнинг уқтиришича, мавжуд меъёрий ҳужжатлар талабларини менсимасдан, қўпол равишда уларни бузганликлари учун шу аҳволга тушган. Банклар ўз фаолиятини тўхтатгандан сўнг мижозларининг омонатлари  тақдири нима бўлди?

“Ўзбекистонда аҳоли омонати кафолатланган, – деди Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи. – Фуқароларимиз томонидан инқирозга учраган банкларда қўйилган омонатлари Марказий банк фондидан тўла қайтариб берилди. Ўз маблағини ҳозиргача ололмаган юридик шахсларга пуллари банкларнинг мол-мулки, жумладан, бинолари ким ошди савдоси орқали сотилгандан сўнг қайтарилади”.

2015 йилда ҳам банкларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига қаратилган сиёсати давом эттирилади. Бу йил мобайнида уларга  954 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиш кўзда тутилган. Бу ўтган йилдагига қараганда 241,2 миллиард сўм ортиқроқдир.

Матбуот анжумани охирида унинг иштирокчилари Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармасининг музейи билан танишдилар. Музей банкнинг эски биносида алоҳида хонада ташкил этилган. Бу бинонинг ўзи бой тарихга эга бўлиб, 1908 йилда айнан банк учун қурилган. Музейдан вилоят банк тизими тарихига оид қизиқарли экспонатлар ўрин олган.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий