пятница, 11 сентября 2015 г.

Самарқанддаги анжуманда нега тадбиркорлар фаоллиги сезилмади?


Самарқанд вилоят адлия бошқармаси “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилиш – мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг пойдевори” мавзусида анжуман ўтказди.

Унда вилоятнинг ҳуқуқни ҳимоя этувчи, назорат қилувчи ва суд органлари, қатор бошқармалар ва идоралар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуман 2015 йилнинг 21 августида кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга бағишланди.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Худоёр Маматов ўз чиқишида юқорида тилга олинган Қонун ва кейинги ойларда қабул қилинган бошқа ҳужжатлар мамлакатда хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратаётганлигини уқтириб, қатор мисоллар келтирди.
                      
Анжуманда сўзга чиққан вилоят прокуратураси вакили Азим Сатторов, вилоят солиқ бошқармаси вакили Зубайдулла Раҳмонов, вилоят божхонаси ходими Олим Облоқулов, адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Озод Шодиқуловлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун ва қарорларнинг ҳар бир йўналиш бўйича қандай афзалликларга эга эканлигини кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилишди.

Ҳа, нотиқлар айнан шунга интилишди, ҳаракат қилишди. Бошқача қилиб айтганда,  қоғозда ёзиб келганларини ўқиб беришди. Анжуманда раислик қилган Х.Маматов уларни тўхтатиб, қонундаги ўзгартиш ва қўшимчаларни ўз сўзлари билан, барчага тушунарли тарзда шарҳлаб беришни cўраганида, нотиқлар унинг таклифни деярли инобатга олишмади. Бундан ҳафсаласи пир бўлган анжуман раиси энг охирида чиқиш қилган божхона ходимининг паст овозда матнни ўқиб беришига эътибор қилмай қўйди.

Бу ҳолни кузатиб, ўзимга қуйидаги саволларни бердим: наҳотки шундай муҳим тадбир номигагина уюштирилган бўлса? Ундан икки кун олдин Тошкентда бўлиб ўтган худди шундай анжуманда Бош вазир ўринбосари, Бош прокурор, Солиқ қўмитаси раиси ва бошқа биринчи раҳбарлар иштирок этишди, сўзга чиқишди. Нега Самарқанддаги анжуманда бундай масъулиятли ишга жиддий ёндашилмади? У фақат Адлия бошқармасига керак эдими?

Мен чиқиш қилган ходимларнинг малакаси масаласида гапираётганим йўқ. Улар яхши, кучли билим ва кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар бўлиши мумкин. Аммо ҳамма ҳам кўпчилик олдида чиқиб, билганларини оммабоп тарзда баён қила олмайди. Раҳбарнинг вазифаси кўпчилик иштирокидаги тадбирга вакилини юборишдан олдин унинг ана шундай қобилияти бор ёки йўқлигини инобатга олишдан иборат. Адолат учун шуни уқтиришим керакки, тўрт нафар нотиқдан фақат О.Шодиқулов масала моҳиятини ўз сўзлари билан баён қилиб берди.

Афсуски, анжуман белгиланган вақтидан 43 дақиқа кечикиб бошланди. Бу Самарқандда одатий ҳолга айланиб бораётганлиги боис ҳеч ким унинг сабабини йиғилганларга тушунтирмади ва кечирим ҳам сўрамади...
                   
Маърузалардан сўнг Х.Маматов анжуманда қатнашаётган тадбиркорлардан фаол бўлишни, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонуну қарорларги ўз муносабатларини билдиришни сўради ва саволлари бўлса, бемалол беришлари мумкинлигини уқтирди. Бунга жавобан Оқдарё туманидан келган икки нафар тадбиркордан бошқа ҳеч ким чурқ этмади. Улардан бири “мен хусусий тадбиркорман, мени металл парчаларини топширишга мажбур қилишлари тўғрими?” деб сўраган бўлса, иккинчиси масъулияти чекланган жамият раҳбари эканлигини ва уни даврий нашрларга обуна бўлишга ва футболга пул ўтказишга мажбурлаш қанчалик асосли эканлиги билан қизиқди.

Хўш, нега тадбиркорлар уларнинг эркин фаолиятига кенг йўл очиб беришга қаратилган янгиликларга ўз муносабатини билдирмади? Нима, анжуманда, унинг ташкилотчиларидан бири таъкидлаб ўтганидек, фақат “юрагида ўти йўқ” тадбиркорлар қатнашдими? Йўқ, бундай бефарқлигнинг сабаби бошқа жойда бўлса керак. Таниш ишбилармон ва фермерлардан  бу ҳақда сўраган эдим, улар бошқача фикр билдиришди.

Буни қисқача “қоғозда бошқа, амалда бошқа” ёки юқорида айтилаётган гап-сўзларга қараб эмас, маҳаллий ҳокимият ва текширув органларининг тадбиркорга бўлган муносабатига қараб уларнинг мавжуд ҳолатга нисбатан фикри шаклланади, деб тушунтириш мумкин. Бу алоҳида катта мавзу бўлиб, уни жойлардан тайёрланадиган мақола, репортаж, очерк ва журналист текширувлари орқали кенг очиб бериш мумкин.

Демак, агар биз, журналистлар, фаоллик кўрсатсак, тадбиркорларга бўлаётган муносабат, янгиликлар қанчалик тез амалга жорий этилаётганлиги ва бу йўлда нималар ёки кимлар тўғаноқ бўлаётганлиги билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб борамиз.  

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий