понедельник, 14 сентября 2015 г.

Самарқанд: шаҳарсозликдаги ютуқлар ва ечимини кутаётган муаммолар

                                                    

Самарқандда шаҳар ва туман марказларида архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш борасида амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Норқул Содиқов чиқиш қилди.

Нотиқ 2014 йил ва 2015 йилнинг олти ойи мобайнида вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида гапирар экан, қатор рақамларни тилга олиб ўтди. Жумладан, ўтган йили 53та умумтаълим мактаби реконструкция қилинди ва 13таси капитал таъмирланди. Самарқанд шаҳрида ва туман марказларида кўпгина тиббиёт муассасалари реконструкция қилинди. Вилоят марказидаги қатор майдон ва хиёбонларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш Дастурига асосан 6та аҳоли пункти бош режаларини тузиш белгиланди. 2014 йилда “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК институти томонидан Каттақўрғон шаҳри ва Иштихон тумани маркази бош режаси ишлаб чиқилди.

Кейинги йилларда вилоятда намунавий уй-жойлар қурилишига катта эътибор қаратилмоқда. Агар жорий йилда 1235та шундай уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топшириладиган бўлса, 2016 йилда 1327та уй-жой дастурини шакллантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
               
Н.Содиқов вилоятда ноқонуний қурилган иншоотлар муаммоси мавжудлигини ва 2014 йил давомида 1094та ана шундай ноқонуний объектлар аниқланганлигини  уқтирди. Шундан бор-йўғи 410 ҳолат бартараф этилган. Қолганларидан 226таси суд, 8таси прокуратура органларига чора кўриш учун юборилган ва 429таси чора кўрилмасдан қолиб кетган.

Кейинги йилларда вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг кўламини баҳолаш учун мутахассис бўлиш шарт эмас. Катта ишлар амалга оширилмоқда. Аммо Самарқанд шаҳрида бу борада қатор муаммолар йиғилиб қолган бўлиб, матбуот анжумани ташкилотчилари бу ҳақда журналистларга деярли ахборот беришмади. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида матбуот анжумани сўнгида Н.Содиқовга саволлар билан мурожаат этдим.

Мана ўша саволлардан айримлари: Нега автомобил йўллари кесишган чорраҳалар учун тор жой қолдирилмоқда ва қурилаётган турар жойлар йўл ёқасигача келиб қолган? Нега автоуловлар тўхташ жойи бўлмаган ҳолда ресторан, тўйхона, маданий-маиший иншоотлар қурилишига рухсат берилмоқда? Нега Самарқанд шаҳрининг иқлимини муътадил сақлаб туришнинг муҳим омили бўлган Чўпонота тепалигида уй-жой ва бошқа иншоотлар қурилишига рухсат берилди? Нега Буюк ипак йўли кўчасидаги кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаб, яшил майдончалар ўрнида автомобилларни пулли сақлашга мўлжалланган пунктлар очилмоқда? Нега бундан 40-50 йил олдин қурилган кўп қаватли иморатлар оралиғидаги болалар майдончалари, ёшу қари чиқиб ҳордиқ чиқарадиган яшил ҳудудлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар қурилишига рухсат берилмоқда? “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси Тошкентдан туриб қанчалик Самарқанддаги турли туман муаммолардан хабардору, бунёд этилажак иншоотларнинг лойиҳасини тасдиқлашда қанчалик қадимий шаҳар манфаатларини инобатга олмоқда?

Саволлар, саволлар... Уларнинг барчасига ҳам вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғидан жўяли жавоб ололмадим. Шу сабабли журналист текшируви ўтказиб, бу борада алоҳида мақола тайёрлаш ниятим бор.

Тошпўлат Раҳматуллаев



1 комментарий:

  1. Шу бино ва иншоотлар курилиши ва режалаштириш давомида мутаасади ходимлар пиёдалар манфаатини кузламай колишияпти баъза кучаларда пиёдалар йулакчасида факатгина 2-3 та одам юра олади. Улар узларининг автоуловлари учун кенг йуллар яратишади.

    ОтветитьУдалить