пятница, 11 сентября 2015 г.

Қовун есанг саҳар е...


Қовунни саҳар ейиш лозимлиги ҳақидаги халқ мақолини деярли ҳаммамиз эшитганмиз. Аммо кундалик ҳаётимизда бу ўгитга амал қиламизми? Кўпинча тўю маъракаларда гувоҳи бўламан: айримлар турли газак ва овқатларни тўйиб еб олиб, орқасидан қовун истеъмол қилишга киришади. Буни халқ тиббиёти ҳам, замонавий медицина ҳам мутлақо нотўғри деб тан олган.   

Уч йилдан бери қовун айни пишган пайтда эрталаб қовун истеъмол қиламан. Шу нонушта менга тушгача етади. Биринчи йили бир ой шундай йўл тутган эдим. Бу йил эса бир ҳафтага зўрға чидадим. Тез оч қоладиган, ҳолдан тоядиган бўлиб қолдим ва қон босимим тушиб кетди. Бунинг сабаби қовунда клетчатка кўплиги ва у ошқозон-ичак фаолиятини тезлаштиришидадир. Демак, уни семиз ва қон босими юқори бўлганлар оч қоринда истеъмол қилса, фойда кўраркан.

Мутахассислар қовунни асосий овқатланишлар, масалан, тушлик ва кечки овқат   оралиғида истеъмол қилишнинг кони фойда эканлигини уқтиришади. У юрак, жигар, бўйрак касалликларини даволашда фойдалидир. Қовунда С витаминининг кўплиги туфайли у иммунитетни мустаҳкамлайди ва турли касалликларнинг олдини  олади. У яна суяк ва сочларни мустаҳкамлашга, терининг силлиқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Унинг икки грамм уруғи, иложи бўлса асал билан истеъмол қилинганда, эркаклик қувватини оширади.

Умуман, қовун ва унинг уруғи хусусиятлари ҳақида билмоқчи бўлганлар, интернетга мурожаат қилиб, керакли маълумотларни топиб олиши мумкин.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий