вторник, 31 декабря 2019 г.

Яхши меҳнат қилган мазмунли ҳордиқ чиқариши керак





“Агро-Браво” МЧЖда Янги йил байрами тантанали нишонланди. Байрам тадбири корхонанинг дид билан безатилган ошхонасида бўлиб ўтди. Унда 300 киши меҳнат қилаётган жамоанинг ишчи-ходимлари иштирок этишди. Уларнинг айримлари Янги йилни нишонлашга фарзандларини ҳам олиб келган эди.


Корхона таъсисчиси Азам Раҳматов ва раҳбари Алишер Раҳматовлар тўпланганларни кириб келаётган Янги йил билан табриклаб, уларга оилавий тинчлик, ишларига ривожу равнақ тиладилар. Азам Раҳматов ишчи-ходимларга қарата шундай деди: “Биз сизнинг меҳнатингизни қадрлаймиз. Сиз билан биргаликда корхонамиз ташкил этилганидан буён ўтган 14 йил давомида машаққатли, аммо мазмунли йўлни босиб ўтдик. Архив материаллари асосида тайёрланган видеофильмни томоша қилиб, янги ишчиларимиз бунга амин бўлишлари мумкин. Айни пайтда 100 хилдан ортиқроқ сифати кафолатланган маҳсулот ишлаб чиқараётган эканмиз, бу сиз азизларнинг сидқидилдан қилган меҳнатингиз самарасидир”.
 
Тадбир давомида жамоанинг меҳнатда ўрнак бўлган аъзоларига фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти топширилди. Барча ишчи ходимларга корхона маҳсулотларидан тайёрланган совғалар улашилди. Дастурхон атрофидаги давомли суҳбат, рақсга чорловчи куй-қўшиқлар тўпланганларга шавқ-завқ улашганлигини четдан кузатиб ҳам билиш қийин эмас эди.   
 
Алишер Раҳматовнинг сўзларига қараганда, ҳар бир байрамни тантанали равишда нишонланиш жамоада анъна тусига кирган. У меҳнат қилган, ўзига юклатилган вазифани вақтида ва сифатли бажарадиганлар эъзозда бўлиши кераклигини уқтириб, корхонада ишни ташкил этишнинг бу жиҳатига жиддий эътибор қаратиб келинаётганлигини қайд қилди.

Корхонада меҳнат қонунчилигига эътибор қандайлиги ҳақидаги саволимга суҳбатдшим қуйидагича жавоб қайтарди: “Биз 2012 йилда ўзимизнинг ички касаба уюшмасини тузган эдик. Ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилашга, уларга ҳордиқ чиқаришига ва қонунда белгиланган бошқа шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратиб келмоқдамиз. Уларни ишга ўзмизнинг автобус олиб келади ва яна уйларига олиб бориб қўяди. Тушлик ҳам бепул. Ишчиларга моддий ёрдам кўрсатиб турамиз. Шу билан бирга, меҳнат хавфсизлиги масаласи ҳам диққатимиз марказида”.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий