вторник, 7 января 2020 г.

Тўйларнинг тартибли ўтиши кимларга боғлиқ?


2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг  “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Қарор 2020 йл 1 январдан кўчга кирди. Уни амалда тадбиқ қилиш учун нималар қилиниши керак? Бу вазифага масъуллар кимлар?

6 январда Самарқанд вилоятида видеоселектор шаклида ўтказилган йиғилиш давомида ана шу саволларга жавоб берилди ва муаммоларни ечиш масаласи муҳокама этилди. Йиғилишни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов олиб борди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар тартибли ўтказиш бўйича авваллари ҳам турли қарору фармонлар, ҳатто қонун ҳам қабул қилинган эди. Аммо улар қоғозда қолиб кетган эди. Бу гал қандай бўлади? Вилоят ҳокими йиғилиш давомида ўтган йилги қарорда белгиланган талабларни бажариш қанчалик муҳимлигини ва бу ишга кимлар масъул эканлигини аниқ белгилаб берди.
Бу борада қарор ва у асосда ишлаб чиқилган Низомда кўзда тутилмаган айрим жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Мен йиғилишда қилган чиқишимда уларнинг айримлари устида тўхталиб ўтдим.
Тўйини ўтказиш мақсадида тўйхоналарга мурожаат қилган танишларимнинг сўзларига қараганда, тўйхона соҳиблари меҳмонлар сони камайганлиги ва бу уларнинг харажатларини қопламаслигини баҳона қилиб, хизат нархни кўтараётган экан. Шу сабабли тўйчи ва тўйхона эгаси ўртасида тузиладиган шартномада таклиф қилинадиган меҳмонлар сони, кўрсатиладиган хизматлар тури ва сифати билан бир қаторда ҳар бир меҳмон учун олинадиган нарх ёзиб қўйилиши керак.
Яна бир муаммо тўйхонада мусиқа овози баландлигини талаб даражасида бўлиши билан боғлиқ. Тўйнинг ўтишини назорат қиладиганлар буни ҳам инобатга олишлари керак. Бунинг учун мутахассислар овоз баланлиги неча децибеллгача бўлишини белгилаб қўйишлари лозим. Аммо бу таклифларим инобатга олиндими, йўқми, билолмадим.  
Шунингдек, ҳар бир вилоят, қолаверса, туман ва шаҳарнинг анъаналари ва ўзига хос хусусиятларни инобатга олиб, тўй ва тўйдан олдинги тадбирларни ҳамда маросимларни қандай ўтказиш бўйича ҳудудлар кесимида тавсиялар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий