среда, 1 июля 2020 г.

Долзарб уч ойликнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди



Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалла марказида «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойили асосида мамлакатимизда ўтказилаётган долзарб уч ойликнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда 2-сектор ҳудудидаги 15та МФЙ раислари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.


Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Бадриддин Насриев долзарб уч ойлик доирасида шароити оғир оилаларни камбағалликдан чиқариш, хонадонларни ободонлаштириш йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни бирма-бир санаб ўтди.

“Аслида маҳаллаларда қилиниши лозим бўлган ишларни биз олдиндан белгилаб қўйган эдик. “Обод маҳалла” тамойили асосида амалга оширилииш лозим бўлган ишларнинг асосий қисми “Йўл харитаси”га киритилган эди. Шунинг учун агар бу ишлар ўз вақтида сифатли қилиб бажарилса, олам гулистон”, – деди Б.Насриев

 
Семинарда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларнинг ишга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш, хонадонлар ва кўчаларни ободонлаштириш бўйича тадбирлар амалга ошириш, камбағал оилаларнинг хонадонларини таъмирлашга кўмаклашиш, нуронийларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш каби муҳим масалалар бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими етакчи мутахассиси Зокир Давронов бўлим томонидан берилаётган топшириқларни ўз вақтида бажариш учун МФЙ раислари масъул эканликларини эслатди ва тўпланганларга мурожаат этиб, шундай деди: “Бўлимимизнинг Телеграм мессенжеридаги каналида берилаётган топшириқларни кузатиб бориб, уларни белгиланган муддатда бажаришингиз ва зудлик билан бизга етказишингиз зурур. Чунки биз маълумотларни умумлаштириб, юқорида турувчи ташкилотга ўз вақтида юборишга масъулмиз”.

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий