воскресенье, 5 июля 2020 г.

Маҳаллалар “Шоҳизинда” қабристонидаги ҳашарда фаол қатнашди




Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 5 июль куни “Шоҳизинда” қабристонида ташкил этилган ҳашарда 100дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинидан 500 нафардан кўпроқ киши фаол қатнашди.


Бу йилги баҳорнинг серёғин келиши ўт ва майсаларнинг серавж ривожига сабаб бўлди. Жумладан, қабристонлар ҳудуди ҳам ўт-ўланлар билан тўлиб кетди. Шу кунларда одам бўйи бўлиб ўсган ўтлар сарғайиб, атроф кўринишини бузаётган эди. Агар уларга ўт тегса, ёниб кетиш  хавфи тобора кучайиб бораётган эди. Шу сабабли маҳллалар ичидаги кўплаб қабристонларда ҳашар ўтказилиб, уларнинг ҳудуди ўт-ўландан тозаланаётган эди.

Аммо бу иш амалга оширилмаган “Шоҳизинда” қабристонинниг шарқий қисмида 3 июлда ёнғин содир бўлиб, каттагина ҳудуд қорайиб қолган эди.
 
“Биз бундай ҳолатга бефарқ бўлиб, қараб туролмасдик. Агар тегишли чора кўрилмаса, бундай нохуш ҳолат қабристоннинг қолган қисмида ҳам юз бериши мумкин эди. Шу сабабли якшанба куни ҳашар эълон қилиб, хоҳлаганлар бу савобли ишга ҳисса қўшиши мумкинлигини эълон қилган эдик. Бу таклифимизга 100дан ортиқ маҳалла қўшилди ва уларнинг ҳар биридан 4-7 нафардан, ҳаммаси бўлиб 500 нафардан кўпроқ киши ҳашарда қатнашди”, - деди биз билан суҳбатда шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раиси Бадриддин Насриев.
 
Эрталаб вақтли бошланган иш баракали бўлади, дейилади. Дарҳақиқат, бир неча соат ичида қабристоннинг икки гектарлик майдони ўт-ўланлардан тозаланди.  

Яна шуни қўшимча қилмоқчи эдимки, ҳали бегона ўтлардан тозаланмаган қабристонлар мавжуд. Масалан, “Еттигўр” қабристонининг Боғимайдон маҳалласига тегишли секторини тартибга келтириб қўйганмиз. Аммо қабристоннинг бир қатор маҳаллаларга тегишли каттагина қисми ўт-ўларлар исканжасида ётибди. “Шоҳизинда” қабристонидаги ёнғиндан хулоса чиқармасак, яна бир аянчли ҳолатга йўл қўйган бўламиз. Бу катта гуноҳ эмасми?

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий