четверг, 9 февраля 2012 г.

Журналист рэкети


Ўзбекистон телевидениесида журналистикамизнинг айрим томонлари қаттиқ танқид остига олинган кўрсатувнинг намойиш этилиши кутилмаган бир ҳодиса бўлди. Таҳририятларда қандай йўл билан бўлса ҳам пул топишни касб қилиб олган, журналист гувоҳномасини шахсий бойлик орттириш манбаига айлантирганларнинг мавжудлиги аксариятга аён эди. Лекин аҳвол бунчаликка борганлиги...

Аслида, касалликни даволашга қараганда уни олдини олиш муҳимлигини билганимиз ҳолда, журналистикамизда иллатлар томир ота бошлагандаёқ уларнинг бартараф этишга киришиш зарур эди. Ана шу иллатлар ҳақида гапириб келганлар орасида камина ҳам бор. 2001 йилда ўзим бош муҳаррири бўлган “Самарқанд” газетасида, кейин “Ҳуррият”да “Тижоратчи мухбирлар рэкети” сарлавҳали мақолам босилган эди. Ушбу мақола билан  БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси уюштирган танловда қатнашиб, биринчи ўринни эгаллаган эдим. Унда кўтарилган муаммолар ўз долзарблигини йўқотмаганлигини инобатга олиб, мақолани блогимга қўйишни лозим топдим.

 Тижоратчи мухбирлар рэкети         

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда таҳририятларда сони кўпайиб қолган ва тижоратчи мухбир деб аталиб келинаётганларни журналист дейиш мумкинми? Аксарият бош муҳаррирлар тан олиб уқтиргандек, вазифаси пул ундиришдан иборат бўлган бу йигитларни (уларнинг кўплари ҳали ёш, чақкон, тили бурро) журналистика кўчасидан ўтган деб айтиш қийин. Республика газеталаридан бир нечтасининг Самарқанд вилоятида фаолият юргизаётган тижоратчи мухбирларини билганлигим шундай дейишимга асос бўлмоқда.

Ушбу масалага доир фикрларимни қоғозга туширишга вилоят газетасида ишлаб келаётган бир ҳамкасбим билан бўлган суҳбат туртки берди. Анча мулоҳазали инсон ва малакали журналист бўлган бу киши  обрўйимизга, бутун журналистикага путур етказаётган, мақсади қандай   йўл билан бўлса ҳам пул топишдан иборат бўлиб қолган сохта "мухбир"лар кўпайиб кетаётганлигини афсус билан гапирди. Каминага бу ҳақда мақола ёзиб, республика матбуотига чоп этишимни маслаҳат берди. Мен рози бўлдим. Шу билан бу жиддий  муаммога  жамоатчилик ва мутасаддилар диққатини жалб этиб, зора бирор-бир ижобий натижага эришсак, деган мулоҳазага бордик.

Кўпгина корхона ва ташкилотлар, айниқса, дон, ун, ёғ ишлаб чиқарувчилар, бозорлар, йирик савдо идоралари, банк раҳбарлари, бақувват тадбиркору тижоратчилар видеокамера, диктофон ёки блокнот билан ҳузурига келувчи чаққонлардан юраклари безиб қолганлигини айтишади. Улар ўша тижоратчи мухбирларнинг  ишини ўзига хос рэкет деб талқин этишади. Бир таниш раҳбар куюниб ана шундайлар ҳақида қуйидагиларни айтган эди: "Бундайлар бир-иккита бўлганда ҳеч гап эмасди. Ахир, кетма-кет келаверишгач, жонга тегади-да! Айримлари мақола ёки лавҳа чиқариб, умуман реклама характерига эга бўлмаган оддий бир  хабар учун ҳам тўловнома варақасини қистиришади. Бошқа бировлари аввал бошидан "корхонангиз ҳақида материал тайёрлаймиз, бу фалон пул туради", деб очиқчасига гап бошлайди".

Ҳар бир тижоратчи мухбирнинг қўлида нуфузли газетанинг гувоҳномаси бор. Гувоҳномада у шахс "мухбир" деб кўрсатилган. Асосий ишни "бажарадиган" ҳам ана шу ҳужжатдир. Уни кўрсатганга кўп  эшиклар очилади. Бунинг устига ҳужжат эгаси бир арзимас камчилик ҳақида хабардор бўлса, тамом, Худо берди. Шу аснода маълум бир газета номидан, унинг сеҳрли гувоҳномаси асосида иш юритадиган тижоратчи мухбир биринчи навбат кимни ўйлайди. ўз манфаатиними ёки газетаними? Бу саволга тўғри жавоб қайтариш учун "Мўъжизалар майдони" телеўйинининг иштирокчиси бўлиш шарт эмас. Тижоратчи мухбирлари бўлган газеталарнинг бош муҳаррирлари уларнинг бир йиллик фаолиятини таҳлил қилиб кўришсин-чи, таҳририят хазинасига улар қанча маблағ олиб келишган экан. Барибир, бу маблағ қанча бўлишига қарамасдан, айрим тижоратчи мухбирларнинг ўша газета, қолаверса, бутун журналистикамиз шаънига иснод келтираётганлигини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Албатта, газеталарнинг  оғир молиявий аҳволи бош муҳаррирлардан ҳар қандай йўл ва воситаларни ишга солишга ундамоқда. Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида оммавий  ахборот воситаси рекламасиз кун кўролмайди. Хорижий газеталарга даромаднинг 70 фоизгача қисми рекламадан тушади. Масалан, "Германия Федератив Республикасида оммавий ахборот воситалари" китобида таъкидланишича, рекламанинг 10 фоизга камайиши газетанинг иқтисодий аҳволини хавф остига қўяди, унинг 20 фоизга камайиши эса газетанинг ёпилишига олиб келади. Бизда эса ҳали ҳақиқий реклама бозори шаклланган эмас. Ишлаб чиқариш корхоналари самарали фаолият юргизганда, маҳсулотлар кўпайганда, рекламага эҳтиёж туғилади.  Вақти келиб, бу омиллар бизда ҳам ривожланади. Ҳозир эса... 

Кўпгина ривожланган мамлакатларда ўтиш даврида ёки урушдан кейинги оғир шароитда давлат ОАВни қўллаб-қувватлаб турган. Бир характерли мисолга мурожаат қилайлик. Швецияда 1945 йилдан 1968 йилгача 77 та газета ёпилган эди. 1969 йилга келиб давлат газета ва нашриётларга молиявий ёрдам бериш тизимини жорий этди. Жумладан, маълум ҳудудда  тиражи бўйича иккинчи ўринда турган газетага пул ажратиладиган бўлди, рекламадан тушадиган даромаддан олинадиган солиқлар миқдори камайтирилди. Шундан сўнг, яъни 1969 йилдан кейин бирорта ҳам газета ёпилгани  йўқ.

Ҳозирги кунларда ҳам АҚШ, Австрия, Германия, Франция, Норвегия каби ривожланган мамлакатларда ҳукумат газеталарни ё бевосита (маблағ ўтказиш йўли билан ) ё билвосита (улар тўлайдиган солиқнинг бир қисмини қоплаш, телефон ва газетани тарқатиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш орқали) қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўша биз юқорида тилга олган Швецияда матбуотни қўллаб туришга ҳар йили давлатнинг умумий харажатларидан 0,2 фоизи сарфланар экан. Лекин  нима бўлганда ҳам келгусида газеталаримиз харажатларининг асосий қисмини рекламадан тушадиган маблағ қоплашини назарга олиб биз ҳам бу соҳадаги хориж тажрибасини ўргансак, унинг ижобий томонларини ўзимизда қўлласак, фойдадан   холи бўлмайди.

Чет элда газетанинг реклама бўлими алоҳида фаолият кўрсатади. Тўғри, бу бўлимнинг мақсади газетанинг  умумий мақсади билан чамбарчас боғлиқ. Лекин реклама билан шуғулланувчиларнинг вазифаси журналистлар ишидан фарқ қилади. Реклама берувчини ахтариб топиш, у билан музокаралар олиб бориш, уни реклама беришга кўндириш, бу иш икки томонга ҳам фойда эканини исботлаб бериш реклама агентининг вазифаси ҳисобланади. Рекламани қандай тайёрлаш ва жойлаштириш масаласини таҳририят реклама берувчи таклифини инобатга олган ҳолда ҳал қилади.

Хорижда ёпиқ ёки яширинча реклама қораланади. Яъни, мақола ёки хабар тариқасида бераётган материалда реклама бўлиши журналистлар этика кодексининг бузулиши сифатида талқин қилинади. Бу журналистнинг сотилиши деб баҳоланади. Шу сабабли реклама характеридаги материалда унинг бу хусусияти аниқ кўрсатиб ўтилади.

Америкалик журналистлар учун чиқарилган "Газета" китобининг реклама агенти фаолиятига бағишланган бобида унинг қандай хусусиятга эга бўлиши санаб ўтилган. Реклама агенти самарали ишининг омилларидан бири ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиш эканлиги таъкидланган. Агар буни кенгроқ тушунадиган бўлсак, бу – реклама агенти ҳам таҳририятнинг бошқа ходимлари каби ўз иш жойининг қадрлаши, унга гард юқтирмасликка, фақат ҳалол йўл билан, яъни рекламага тушган маблағдан таҳририят билан боғланган шартномада кўрсатилган  миқдорида ўз улушини олиши зарур дегани.

Биз ҳам ҳозирги тижоратчи мухбирлар гувоҳномаси журналистларникидан бошқачароқ бўлишига эришмоғимиз ва унда ходимнинг вазифаси реклама агенти эканлигини кўрсатишимиз лозим. Мавжуд барча воситаларни ишга солайлик, токи журналист деган номга доғ тушмасин. Журналист ахборот етказиш, давлат билан жамият ўртасида воситачи, жамоат назоратчиси бўлиш каби вазифаларни тоза қўл, тоза қалб ва тоза фикр билан амалга оширсин.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Мақола “Самарқанд” (2001 йил 5 май) ва “Ҳуррият” (2001 йил 27 май) газеталарида чоп этилган.





Комментариев нет:

Отправить комментарий