среда, 16 мая 2012 г.

Аллома сабоқлари. Самарқандда академик Воҳид Абдуллаевнинг 100 йиллиги кенг нишонланди.


Йирик адабиётшунос олим, шоир, жамоат арбоби, моҳир ташкилотчи, беназир инсон академик Воҳид Абдуллаев тирик бўлганида 100 ёшга тўларди. Ана шу юбилейга атаб Самарқандда қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Дастлаб Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида аллома ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди. Олим туғилган кун – 15 майда Ҳамид Олимжон номидаги мусиқали драма театри биносида яна бир ажойиб тадбир ташкил этилди. Уни олиб борган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Фармон Тошев тадбирни устоз Воҳид Абдуллаев сабоқлари деб аташ тўғри бўлишини таъкидлади. 

 Дарҳақиқат, кеча давомида узундан-узоқ маърузалар ўқилмади. Аксинча, йиғилганлар алломани яхши билган сафдошлари, шогирдлари, қариндошларининг хотираларини мароқ билан тинглаб, шеърларига битилган қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар. Жумладан, ўз вақтида Садриддин Айний, Фитрат, Воҳид Абдуллаев бошқарган СамДУ Ўзбекистон адабиёти тарихи кафедрасининг айни пайтдаги мудири профессор Дилором Салоҳий узтоз илм-фан дарғаси эканлигини, унинг илмий изланишлари ҳозиргача ўз аҳамаятини йўқотмаганлигини таъкидлади. У забардаст олим ўша вақтгача адабиётга номаълум бўлган ўнлаб шоирларни кашф қилганлигини, кўплаб шогирдлар етиштириб, ўзининг тинимсиз меҳнати ва яратган асарлари билан ўз номини абадийлаштирганлигини қайд этди.

Олимнинг адабиётшуносликка қўшган ҳиссаси ҳақида сўз кетганда, унинг Алишер Навоий номини янада юксакликка кўтарганлигини (унинг 1941 йилда ҳимоя қилган “Алишер Навоий Самарқандда” номзодлик диссертациясини эслатиш ўринли), 17-18- асрларда ўзбек адабиёти тушкунликда эди, деган фикрнинг хатолигини исботлаганлигини, 1964 йилда олий ўқув юртлари учун “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги яратганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.   

Кечада сўзга чиққан Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси раиси профессор Убайдулла Қувватов, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ҳасан Нормуродов, узтознинг жияни профессор Абдуғофур Абдумажидов, шоира Хосият Бобомуродова, Самарқанднинг собиқ “Спартак” футбол жамоаси ўйинчиси Валерий Қодиров ва бошқалар академик Воҳид Абдуллаевнинг сабоғи улар учун нимадан иборат бўлганлигини аниқ мисолларга таянган ҳолда сўзлаб беришди.

Мана, ана шу  мисоллардан бири. В. Абдуллаев ижодий сафар билан Хатирчи туманда бўлганида ушбу туман мактабларидан бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишлаб юрган Х.Бобомуродова ўз шеърини ўқиб берган. Ёш ўқитувчида истеъдодни пайқаган зукко аллома уни Самарқандга таклиф қилган ва унинг ижодкорлар сафига қўшилишида катта ҳисса қўшган.

Нотиқлар академик В.Абдуллаевнинг буюклиги унинг самимийлигидаю оддийлигида, одиллигидаю халқ билан ҳамнафаслигида намоён   бўлганлигини уқтиришди. Ҳамма билан бир хилда муносабатда эди, СамДУда ректор бўлган пайтида ҳар бир киши қабулига кирарди ва муаммоси осонликча ҳал бўларди. Энди шеър машқ қила бошлаганлар мурожаат қилганда, машқларини кўриб берар, ўз маслаҳатларини аямасди. Айрим раҳбару номи чиққан ижодкорларга хос бўлган ман-манлик, калондимоғлик, такаббурлик каби салбий хислатлар у кишига ёт эди.  

Шу муносабат билан интернетда топган бир қизиқ маълумотимни келтирмоқчиман. Қрим татарларидан бўлган Руслан Менлиазизов деган бир киши отаси Зиёдин Жавтебели (Менлиазизов) билан Ўзбекистонда яшаганлигини эслаб, қуйидагиларни ёзади: “Дадам бўёқчи бўлиб ишларди. Бўш вақтларида шеър машқ қиларди ва ёзганларидан айримини “Ленин байроғи” газетасига юбориб турарди. Дадам академик Воҳид Абдуллаев билан яхши муносабатда эди. У бир куни уйимизга катта тарвуз кўтириб кириб келди, мени тарвуз билан сийлади. Воҳид амаки билан дадам алламаҳалгача ёддан шеър айтишди”.  Мана бу оддийлик, одамийлик, самимийлик намунаси эмасми?!

Ҳамид Олимжон номидаги театрда бўлиб ўтган тадбир давомида хушовоз хонандаларнинг чиқишлари даврага ўзгача файз бағишлади. Айниқса, академик Воҳид Абдуллаевнинг 95 ёшли укалари Неъмат бобонинг акаси вафотидан сўнг ёзган марсиясини қўшиқ қилиб ижро этган Фарҳод Ҳалимов ҳамда олим ва шоир Нуриддин Шукуровнинг марсиясини мусиқага солиб куйлаган Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Асатулла Атоуллаев хизмати таҳсинга лойиқ бўлди.

Яна шуни таъкидлаш ўринлики, театр фойесида алломнинг эвариси, ёш рассом Мадина Юсупованинг бобосига бағишлаб ташкил этган кўргазмаси намойиш этилди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий