Ёзувчи ва публицист биродарим Нусрат Раҳматнинг шаҳардан
чеккароқда, унинг иссиқ ва дим ҳавосидан узоқроқда дам олиш хусусида билдирган
таклифи каминага ҳам маъқул бўлди. Иккаламиз Нусрат аканинг уловида Самарқанд-Китоб
йўли устида жойлашган Омонқўтон қишлоғидаги “Шифо ул-замин” сиҳатгоҳига йўл
олдик.
Сиҳатгоҳ Катта ўзбек трактидан сал пастроқда, Тахтиқорача
довонига олиб борадиган эски йўл бўйида жойлашган экан. Унинг биноси бундан 40
йил олдин “Интурист” меҳмонлари учун қурилганлигини сиҳатгоҳ қоровули 87 ёшли
Убайдулла бобо Жўраев ҳикоя қилиб берди. Унинг сўзларига қараганда, бино кўп
йиллар давомида бўш ётган. Бундан икки йил аввал у қайта таъмирланиб,
сиҳатгоҳга айлантирилган.

Энг асосийси, сиҳатгоҳ ходимлари самимий, кўнгли ва
чеҳраси очиқ инсонлар экан. Врач Шуҳрат ака, ҳамширалар Гулноза ва Нигора,
ошпаз Елена, қолаверса бутун жамоа меҳмонлар хизматига ҳозиру нозир. Бундан,
албатта, кўнглингиз яйрайди, димоғингиз чоғ бўлади.
Меҳмонлардан бири, Самарқанд туманидаги 9-мактаб
ўқитувчиси Майсара Алимова фикрига қулоқ тутайлик: “Бу ерга онам ва янгам билан
келганмиз. Бизга маъқул. Уйда овқатим яхши ҳазм бўлмасди. Ҳозир ўзимни яхши
сезаяпман. Ҳавосининг тозалигини айтмайсизми?! 73 ёшли онам жуда хурсанд, чунки
бу ерда ўзларини худди туғилиб ўсган юртлари – тоғли Айний туманида бўлгандек
ҳис этмоқдалар”.

Уч кун кўз
очиб юмгунча ўтиб кетди. Биз сиҳатгоҳ жамоаси ва бу ерда ортирган янги
танишларимиз билан хайрлашик ва “яна кўришгунча” деб, Самарқанд томон равона
бўлдик.
Саёҳатимиз билан боғлиқ яна бир ҳикояни иккинчи мақоламизда
ўқишингиз мумкин.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий