воскресенье, 27 января 2013 г.

АҚШ элчихонаси виза бериш тартибига ўзгартириш киритди


АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида жорий йилнинг дастлабки ПрессГапи, яъни матбуот анжумани бўлиб ўтди.  Унда консул Леон Гендин и вице-консул Отто Вестхассел иштирок этишди.

Дастлаб консул сўзга чиқиб, бир қатор рақамларни тилга олиб ўтди. Унингча, Ўзбекистон иммиграцион виза олиш учун мурожаат этувчилар сони бўйича жаҳондаги 6та мамлакат қаторида туради. Визанинг бошқа турларини сўраб ариза берувчилар сони ҳам оз эмас. Жумладан, ўтган йили студентларга бериладиган виза учун 400та ҳужжат тушган. Айни пайтда эса, ҳар куни ноиммиграцион виза олиш учун 100 нафарга яқин киши мурожаат қилмоқда.

Леон Гендин виза билан боғлиқ масалада жуда эҳтиёт бўлиш шартлигини, чунки, акс ҳолда, қаллобу фирибгарлар қўлига тушиб қолиш мумкинлигини таъкидлади. У ариза берувчилар учун энг яхши маслаҳатчи консуллик бўлимининг АҚШ элчихонаси сайтидаги саҳифаси эканлигини қайд этди.

Отто Вестхассел чиқишининг аввалидаёқ иккита янгилик ҳақиди хабар бериш нияти борлигини уқтириб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб иммиграцион виза олиш учун мурожаат этувчилар сил касаллигини аниқлаш мақсадида текширишдан ўтишлари талаб этилади. Касаллик аниқланганлар даволаш муддатига қараб, 6 ойдан 24 ойгача даволанишлари керак бўлади.

Даволаниш назорат остида амалга оширилади. Тиббиёт ходимлари беморнинг сил касаллигига қарши белгиланган дориларни қабул қилаётганлигини назорат қилишади.

Бошқа бир янгилик иммиграцион виза олиш учун тўланидиган ҳақ билан боғлиқ. Энди унинг суммаси 165 АҚШ долларини ташкил этади. Тўлов Грин карта олинганидан кейин электрон тарзда амалга оширилади.

Матбуот анжумани тугаши билан Леон Гендин журналистларни консуллик бўлимига таклиф этди ва виза олиш учун мурожаат этувчиларга яратилган шароитлар билан таништирди.    

Тошпўлат Раҳматуллаев

 Суратларда: матбуот анжумани; Леон Гендин консуллик бўлими билан таништирмоқда.













Комментариев нет:

Отправить комментарий