Ош чемпионатининг ғолиби Абдуманнон Нусратовнинг тан олишича,
рақибларининг қайси вилоятдан эканлиги, ёши, иш стажи, ош пишириш усули уни
чўчитган эмас. У ўзига ишониб, ўзи билган йўлдан бориб, ўрганиб қолган усулини
ишга солди ва ғолибликни қўлга киритди.
Самарқандлик ошпаз Абдуманнон Нусратов TVM телеканали ўтказган “Ошга
марҳамат-2” лойиҳасида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан қатнашган
32 нафар ошпаз орасида биринчи ўринни элаллади. У паловхонтўра пишириш бўйича мамлакат
чемпиони унвонига сазовор бўлди.
Абдуманнон саралаш ҳамда нимчорак, чорак ва ярим финал босқичларида рақибларидан
устун келиб, ҳал қилувчи финал босқичига йўлланма олди. Финалда у
тажрибали тошкентлик рақиби билан “жанг”
қилди. “Рақибингизнинг пойтахтдан эканлиги, унинг қўллаб-қувватловчилар кўплиги
Сизни чўчитиб қўймадими?”, – сўрайман ундан.
“Йўқ, – дейди ўзига хос камтарлик ва самимийлик билан суҳбатдошим. – Мен ҳар
гал, худди кўрсатув бошловчиси Мурод Ражабов уқтиргандек, “рингга” чиққанимда
рақибларимнинг ёши, ош пишириш усули ёки бошқа жиҳатларига эътибор қилмасликка ҳаракат
қилдим. Ўз билим ва тажрибамга суяниб, танлов шартларини ўзим ўрганиб қолган
йўл билан бажаришга интилдим”.
Мусобақа иштирокчиларининг аксарияти учун чорак финал босқичи оғир
кечганлигининг сабабини сўраганимда, Абдуманнон кўпчиликни кенжа гуручи
шошилтириб қўйганлигини уқтирди. Унинг сўзларига қараганда, у бундан аввал ҳам
гуручнинг бу навидан ош дамлаганлиги унга бу вазифани уддалашига ёрдам берган.
Ёши 36да бўлишига қарамасдан чемпион деярли 20 йилдан бери умумий овқатланиш
соҳасида хизмат қилиб келмоқда. Боғимайдон маҳалласида ўсиб улғайган қаҳрамонимизнинг
отаси Жамшид Нусратовнинг таъкидлашича, Абдуманнон мактабда ўқиб юрган
пайтларидаёқ таътил вақтида қўшниси, ошхонаси бутун Самарқандда машҳур Аҳмаджон
Ҳожи Зубайдов қўлида ишлаган. Ўқишни битиргач, бир муддат отаси билан новвойлик
қилиб, машҳур Самарқанд нонларини тайёрлаш сир-асрорларини ўрганган.
“Кейинчалик устозим Раббим Шодиевга шогирд турдим, – эслайди
Абдуманнон. – У киши асосан тўй-маъракаларда ош пиширарди. Мен ёнларида туриб,
айтганларини бажарардим. Бундан 10-15 йиллар илгари бизда тўйларда гуручнинг
кенжа навидан палов тайёрлаш одат бўлган
эди. У бошқа гуручларга нисбатан кичик бўлиб, пишириши ўзига
хос маҳорат талаб қилади, лекин оши мазали бўлади”.
Эндиликда А.Нусратовнинг ўзи тўй-маъракаларда шогирдлари билан ош дамлаб,
кўпчиликнинг дуосини олаётган пазанда ҳисобланади. Бир қозонда қанчагача гуруч
солганлигини сўраганимда, у бир тўйда 90 кило дамлаганлигини уқтирди. Бир
тасаввур қилиб кўринг-а! 90 кило гуруч, шунча сабзи, шунга мос гўшт, ёғ... Ушбу
масаллиқдан пиширилган паловхонтўра тўйга келган 800 кишини тўйдиради. Демак,
яхши ошпаз ҳақига шунча одам дуо қилади. Бу бежиз эмас. Чунки халқимизда
тўйнинг нони, оши ва чойи сифатли бўлиши керак, деган гап бор.
Кўп йиллик тажрибаси бўлмаганда, доимо самарқандча ош пишириб келган
одам финалда Тошкент чойхона паловини қойилмақом қилиб тайёрламаган, боз устига
10 нафар ҳакамнинг ҳаммаси унга овоз бермаган бўларди!
Абдуманнон билан “Ошга марҳамат-2” лойиҳаси ҳақидаги суҳбатимизни давом
эттирамиз. “Агар бошловчи Мурод Ражабов ўрнига бошқа киши бўлганида,
кўрсатувнинг рейтинги, машҳурлик даражаси ҳозиргидай бўлармиди?”, деган
саволимга у қуйидагича жавоб қайтарди: “Мурод ака нафақат моҳир бошловчи, ўз
касбининг устаси, балки ошпазлик санъатидан чуқур хабардор, соҳани профессионал
даражасида биладиган инсон. Кўрсатув бунчалик донг таратиб, ҳатто “Йилнинг энг
яхши телелойиҳаси” сифатида тан олинишида у кишининг ўрни беқиёс”.
Бундан кейинги режалари ҳақида гапириб, А.Нусратов ош пишириш бўйича
халқаро мусобақа ўтказиладиган бўлса, унга албатта иштирок этишини таъкидлади. Ҳозирча
эса ўзи маҳнат қилаётган “Сабина” ошхонасида мамлакат чемпионига хос даражада
тайёрлаётган оши билан самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари кўнглини овлаш
йўлида хизмат қилмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев
вы пробовали плов в его столовой сабина? он как и певцы при жюри без фонограммы а на обычном концерте фонограмма...
ОтветитьУдалить