Ўзбекистонда паспортлаштиришнинг биометрик тизимига
ўтиш Тошкентда бошланган эди. Бу иш айни
пайтда вилоятларда, жумладан Самарқандда қандай бормоқда?
Ушбу савол билан Самарқанд шаҳар ИИБ хорижга чиқиш-келиш
ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Шерзод Ҳалимовга мурожаат
этдик.
У суҳбатимиз аввалида шаҳримиз фуқароларига
биометрик паспорт бериш ишлари ўтган йилнинг охирги чорагида бошланганлигини ва
ҳозиргича 9 мингта ана шундай ҳужжат
берилганлигини таъкидлади.
“Бизга ҳар куни 300 нафардан кўпроқ фуқаро мурожаат қилмоқда,
– дейди Ш.Ҳалимов. – Аҳолига қулайлик яратиш, биринчи навбатда, одамлар вақтини
тежаш мақсадида уларга шаҳримиздаги 8та
милиция бўлинмаси хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда ҳар бир фуқарога нима қилиш, қандай
ҳужжатлар тайёрлаш ҳақида аниқ маслаҳатлар берилади. Тайёр бўлган ҳужжатлар бизнинг бўлимга етказилади. Биз
уларни расмийлаштириб, Давлат персоналлаштириш марказига юборамиз. У ерда
паспорт бланкига унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар ва биометрик параметрлар
киритилади”.
Мутахассислар фикрича, янги русумдаги электрон ҳужжат
бир қатор жиҳатлари билан амалдаги паспортга нисбатан устунликларга эга. У
замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жаҳон стандартлари
асосида тайёрланган бўлиб, юқори
даражада ҳимояланган. Унинг қалбакилаштиришга қарши ҳимояланиш даражаси юқори ҳамда
бундай ҳужжат эгаси ҳисобланмиш фуқаронинг
чегарадан ўтиши қулайдир. Чунки шахс ҳақидаги барча маълумотларни зудлик билан
аниқланаш имконияти мавжуд.
Айни пайтда биометрик паспорт кимларга берилмоқда? Бу
ишда қандайдир чекловлар борми? Маълум бўлишича, 16 ёшдан ўтган ҳар бир шахс
ушбу паспортни олиш учун мурожаат қилиши мумкин ва у 10 йил муддатга берилади. Ҳали
бу ёшга етмаган, лекин хорижга чиқмоқчи бўлганлар ҳам биометрик паспорт олиши
керак. Бу ҳужжатнинг амал қилиш муддати 5 йил.
Биометрик паспортни расмийлаштириш учун фуқародан
олинидиган тўлов энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида қилиб белгиланган. Шу
кеча-кундузда бу сумма 39735 сўмни ташкил этади.
Бундан 2-3 ой муқаддам янги русумдаги паспортни олиш
учун 15-20 кун кутиш лозим эди. Эндиликда бу муддат икки баравариги қисқарди.
Чунки авваллари бу йўналишда ишлайдиган фақат битта аппарат мавжуд эди. Айни
пайтда улар сони учтага етди. Натижада ходимлар сони ҳам ошди ва кўпроқ фуқарога
хизмат қилиш имконияти яратилди.
Келажакда бу ишни янада жадаллаштириш талаб этилади.
“Биз олдимизда турган ушбу вазифани аниқ англаб турибмиз, – дейди Ш.Ҳалимов. –
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ҳамда фуқаролиги бўлмаган
шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини олиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг талабини қондириш
учун уч йил давомида анча иш бажаришимиз лозим. Чунки амалдаги паспорт 2015
йилнинг охиригача ҳақиқий ҳисобланади”.
Шуни таъкидлаш лозимки, биометрик паспорт берила
бошланган дастлабки пайтда унга зурурий эҳтиёж сезган фуқаролардангина ҳужжат
олинарди. Эндиликда эса барча мурожаат этувчига янги русумдаги паспорт расмийлаштирилмоқда.
Ушбу иш туманларда қандай йўлга қўйилган? Вилоятнинг
энг катта туманларидан бири – Самарқанд туман ИИБ хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни
расмийлаштириш бўлими бошлиғи майор Абдуғани Рўзиев ҳикоя қилади: “Ҳар куни
250-300 фуқарога хизмат кўрсатяпмиз. Туманимизда 7та қишлоқ фуқаролар йиғини
мавжуд. Улар навбати билан янги паспорт олмоқчи бўлганларни бизга юборишади.
Туман ҳудуди катта ва айримлар бир неча чақирим йўл босиб келишини инобатга
олиб, фуқароларни кўп ушламасдан, тезроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз”.
Бошлиқ ҳузидан чиққанлардан бирини суҳбатга тортдим.
Ўзини Даштаки Боло қишлоқ фуқролар йиғинига қарашли Рустам қишлоқдан деб
таништирган Савлат Мирҳалимов янги паспорт учун ҳужжатлар топширганлигини билдириб, иши бунчалик тез ҳал
бўлишини кутмаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, бундан бир неча
йил олдин бу ерда аҳвол тамоман бошқача бўлган. “Бошлиқ эшига олдига яқинлашиб
бўлмасди, чунки тартиб йўқ эди, – дейди у. – Кутиш хонасида одамлар тик турар,
бир-бирини туртар ва натижада дилхираликлар бўлиб турарди. Ҳозирги аҳвол эса
тамоман бошқача. Ўтирғичлар қўйилган, телевизор бор. Махсус ажратилган бир ходим тартибга масъул ва у фуқароларнинг
навбат билан керакли хонага киришини кузатиб боради”.
Дарҳақиқат, кутиш хонасидаги тартиб киши диққатини
ўзига жалб қилади. Бу ерда фуқаролар учун керакли маълумот жамланган.
Шунингдек, телевизор орқали биометрик паспорт ҳақида видеофильм мунтазам
намойиш этилади.
Ишнинг бундай йўлга қўйилиши фуқаролар учун қулайлик яратса,
бўлим ходимлари учун улар меҳнати самардорлигини ошириш имконини беради.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий