суббота, 10 августа 2013 г.

Ўзбекистонлик журналист ва блоггер Тошпўлат Раҳматуллаевнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

(9 август - Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити нишонлаётган куни Би-би-си радиоси менга саволлар билан мурожаат қилди. Саволларга имкон қадар очиқ жавоб беришга ҳаракат қилдим. Тошпўлат Раҳматуллаев)

Би-би-си: Тошпўлат ака, аввало бугунги Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин!
Тошпўлат Раҳматуллаев: Қуллуқ, Би-би-си Ўзбек хизмати ходимлари ва тингловчиларини ҳам Ҳайит байрами билан табриклайман! Соғлик- омонликда келгуси Ҳайитларга Аллоҳ таоло ҳаммамизни етказсин!

Би-би-си: Раҳмат, айтганингиз келсин!
Ўшдан Одилжон Маҳдумий: Muhtaram Toshpo'lat aka! Jurnalistik sohasi kasbmi yoki mas'uliyat?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Албатта масъулият. Агар журналистика орқасидан қорнимни тўйғазаман, фақат оиламни боқаман, бошқасига ишим йўқ деган одам менимча бошқа касбни танласа маъқулроқ бўлади. Чунки бўлаётган воқеа-ҳодисаларни очиқ-ҳаққоний айта билиш, масалаларни кўтариш ва муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилиш бу- журналистликни бўйнига олган одамнинг энг асосий вазифаси ҳисобланади.Чунки масъулият бўлмаса, уни ҳис қилмаса, жамиятда кечаётган иқтисодий-ижтимоий, сиёсий соҳаларга ўзининг дахлдорлигини сезмаса, киши журналистлик касбини йиғиштириб, бошқа тинчроқ ишни топиши керак, деб ўйлайман.
Хўжанддан Ўктам Ризаев блоггерлик фаолиятингиз, блогларнинг интернет веб саҳифалардан фарқи, журналистикага кириб келишингиз ва журналистика нима, шунингдек, сўз эркинлиги ҳақидаги фикрларингиз билан қизиққан. Марҳамат!
Тошпўлат Раҳматуллаев: Албатта кўпчилик билади, блог бу- бошқа сайтлардан фарқ қилиб, ўша шахснинг кундалиги, яъни онлайн тизимида юритадиган кундалиги ҳисобланади. Сайтларда эса ҳар хил фикрлар, қарашлар, мақолалар, турли муаллифларнинг қарашлари жойлашади. Лекин мен блогда кенгроқ, шаҳримизда, вилоятимизда, қолаверса мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни кўтаришга ҳаракат қиляпман.
Журналистика эса, мен учун эҳтиёж сифатида пайдо бўлган. Блогдаги таржимаи ҳолимда ёзганман, мактабда 9-синфда ўқиб юрган пайтимда Вьетнам уруши ҳақида "Вьетнамдан қўлингни торт!" деган бир ҳайқириқ бўлган. Ундан кейин ҳам, хусусан 80-йилларнинг охирида матбуотда сўз эркинлигига, ошкораликка катта йўл ва имконият очилганлиги туфайли мамлакатда, жамиятимизда бор камчиликларни айтиш учун мен ўша пайтда қўлимга қалам олгандим. Бўлмаса тинчгина Самарқанд Давлат университетида ишимни давом эттирсам бўларди. Ўша пайтларда фаоллигим, матбуотда чиқишларимни инобатга олиб, мени университетдан "Самарқанд" газетасига бош муҳаррирлигига таклиф қилишганди. Мен у ерда етти йил ишладим. Ҳозир нафақадаман. Блоггерлик фаолиятим учун умуман иқтисодий ё молиявий манфаатим йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам эҳтиёж сифатида озгина бўлсада чиқишлар билан жамиятга, бировларга фойдам тегсин, деган мақсадда шу фаолият билан шуғулланяпман. Агар очиқ, эркин сўз айтолмаса, сўз эркинлиги бўлмаса, у вақтда журналистиканинг ҳам, журналистнинг ҳам кераги йўқ. Сўз эркинлиги шароитидагина журналист ўзининг имкониятларини тўлиқ ишга сола олади, халққа, ватанига ёрдами тега олади. Шундагина уни ҳақиқий журналист деса бўлади, деган фикрдаман.
Тошкентдан Ҳожиаҳмад: Тошпўлат ака, баъзи хабарларга кўра Ўзбекистонда блоггерлик фаолияти тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда экан. Дастлаб ушбу хабарни эшитишим билан, ҳайрон қолдим. Ахир блоггерлик Ўзбекистон шароитида ҳали унчалик ривожланган эмас. Сизнинг муносабатингиз қандай?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Мен ҳам бу саволдаги кўтарилган масалани эшитиб ҳайрон қолдим. Чунки ўзим шахсан бу ҳақда эшитганим йўқ. Лекин агар шундай бўладиган бўлса, ҳозирги босқичда блоггерликни ривожлантириш, бу ишни янада кенгайтириш, одамларни жалб қилиш керак бўлган бир вақтда уни чеклаб қўйишга қилинган ҳаракат, уриниш нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки айримлар, "Мана бизда, Ўзбекистонда 10 миллион интернет фойдаланувчи бор", деб мақтанади. Лекин 10 миллион фойдаланувчиларнинг ичида қанча киши шу блоггерлик билан шуғулланади? Жуда кам. Чунки ўша ўн миллионнинг катта қисми шу интернетга баъзи-баъзида кириб фильм кўрадими ё қўшиқ эшитадими ёки қўшиқларни кўчириб оладими, мана шу ҳисобдан ўша 10 миллион пайдо бўлган, деб ўйлайман. Лекин фаол интернет фойдаланувчилар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалалар билан қизиқувчилар, энг асосийси ўз фикрини айта оладиганлар жуда оз. Агар мабодо қонун ишлаб чиқилсаю, у амалга ошадиган бўлса, бу ҳозирги вақтда блоггерлик фаолиятини, жумладан интернетга чиқиб турадиганларнинг сонини камайишига олиб келади. Бу айни пайтда унча мақсадга мувофиқ эмас, деб ўйлайман.
Би-би-си: Тошпўлат ака, сиз ўзингиз блогингизга қанча вақт ажратасиз? Қайси блогларни кўпроқ кузатиб борасиз?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Мен блоглар эмас, ўша ўзбек ва рус тилларидаги асосан янгиликлар сайтларини кўриб бораман. Чунки одамларнинг ўз ҳаёти ҳақида ёзганлари, турли машмашалар, ҳаётда бўлган-бўлмаган воқеалар устида фикр юритиб, ўқишга вақтимни қизғанаман. Чунки блогимга қарасангиз, ҳафтада икки-учта, ойига саккиз-ўнта атрофида материал қўяман. Бўлмаса ёзаман десам, ҳар куни бир-иккита нарса қўйиш ҳам мумкин. Лекин бунинг учун вақт йўқ. Мен кўпроқ турли мавзудаги китобларни ўқиб-ўрганишга ҳаракат қиламан. Интернет яхши, лекин барибир китоб ўқимасангиз бўлмайди деб ҳисоблайман. Ўзим жидддийроқ бир нарса, интернет журналистикаси, ўзбек журналистикасида янгиликнинг берилиши ҳақида каттароқ, жиддийроқ бир нарса ёзишга ҳаракат қиляпман. Шунинг учун вақтимни ўша нарсаларга сарфлаб, блогимга унча кўп вақт ажратмайман. Агар ҳар куни уч-тўрт соат ишлаганимда эди, ҳар куни материал берардим. Қандайдир бир айтишим зарур бўлган ғоями бир мавзуни топсам, ўшани тугатиб, блогга бериб, кейин яна ишларим билан шуғулланаман. Энг асосийси ўз устимда ишлаш, жисмоний жиҳатдан, саломатлик масаласида, бошқа соҳаларни ўрганишни айтиш мумкин, канда қилмайман. Шунинг учун блогда ишлаш учун вақтим унча кўп эмас.
Хўжанддан Олимбек: Тошпўлат ака, Самарқанддан экансиз, "Самарқанд" газетасининг муҳаррири вазифасида ҳам ишлаган экансиз, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришда матбуотнинг ўрни ҳақида гапирсангиз? Фаолиятингиз пайтида миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришга ёки аксинча кескинлашувига сабаб бўлган бирор мисол (матбуотда шу мавзудаги бирор чиқиш, унга акс-садолар, эътирозлар бўлганми?) бўлган бўлса, вақтингизни дариғ тутмай, ўртоқлашсангиз миннатдор бўлардик. Раҳмат!
Тошпўлат Раҳматуллаев: Бу жуда долзарб масала, долзарб саволни кўтарибди биродаримиз. Мен гапнинг очиғи, бу ҳақда кўп ўйлайман. Чиқиш ҳам қилиш ниятим бор эди, айнан шу кеча-кундуздаги воқеалар ҳақида. Масалан, "Самарқанд" газетаси бошиданоқ Самарқанд шаҳрининг хусусиятини ҳисобга олиб уч тилда- ўзбек, тожик, рус тилларида чиқиб келган. Ва мени- университетда ишлаб юрган одамни бирдан чақириб, муҳаррир қилиб қўйишганда ҳам айнан шу жиҳат- уч тилни билишим ва ёза олишимни инобатга олиб таклиф қилишган эди. Ва биз матбуотда миллатлараро тотувликни сақлаш ва ривожлантиришга кўп ҳаракат қилганмиз. Газета тўрт саҳифа бўладиган бўлса, икки саҳифаси ўзбек тилида, бир саҳифаси тожик, биттаси рус тилида бўлишига интилганмиз. Лекин бу матбуотда чиқиш катта масала. Ҳозир мутахассислар бир ёқда қолиб кетиб, турли кишилар бирданига муаммоларни кўтариб, хусусан интернетдаги турли сайтларга чиқиш қиляпти. Мен ўйлайманки, мана шу кеча-кундузда маданиятимиз, айниқса баҳс маданияти ҳали унча ривожланмаган бир пайтда бу масалани очиқ матбуотда кўтариб чиқиш нотўғри. Буни олимлар, тарихчилар ўзаро анжуманларда ҳал қилиб, илмий журналларда олиб чиқишлари керак. Масалан ким қадимлироқ, ким олдин пайдо бўлган, қайси тил энг қадимги, қайси миллат энг зўр, қайсиси иккинчи даражали деган нарсалар ҳақида шундай бемаъни гап-сўзлар бўляптики, бу оддий халқни ҳам, илгари алоқаси жуда яхши бўлган халқлар ўртасида ҳам айрим бир тушунмовчилик бўлишига олиб келяпти. Шунинг учун бу масалани агар ёзиладиган бўлса, фақат халқларнинг тотувлигини, миллатларни бирлаштирувчи мақола, чиқишлар бўлиши керак. Ким яхши, ким ёмон, ким зўр деган гаплар уларни бир-биридан узоқлаштирувчи хавфли нарсалар. Мен 1997 йилда "Маҳаллийчилик миллат оёғидаги кишан" деган мақола ёзган эдим. "Ҳуррият"газетаси уни ўшанда бошқа "Оғайни қаердансиз? Воҳаданми, водийданми ёки Ўзбекистонданми?" деган сарлавҳа билан чоп қилган ва шов-шувга сабаб бўлганди. Мен ўшанда "Раҳбар қаердан бўлса, доимо ўз одамларини атрофига тўплайди. Бу ўша раҳбарга ҳам, атрофидагиларга ҳам ёмон". Миллатчилик эмас, маҳаллийчилик деб айтгандим, лекин миллатчиликни ҳам назарда тутгандим. Ким бўлишидан қатъи назар, бир ишга қўйишидан олдин "Оғайни, жиян, қўлингдан нима иш келади? Эртага сени деб мен маломатга қолмайманми?" деб сўраши керак. Бу масалада матбуотнинг роли жуда катта. Бир халқни камситиш ҳисобига ўз миллатини юқорига кўтариш маданиятсизлик, деб ҳисоблайман.
Би-би-си: шу мавзудаги яна бир савол Дилшод Самарқандийдан:
Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик айниқса мустақиллик даврига келиб долзарб масалага айлангани ҳаммамизга яхши маълум. Лекин, афсуски, шундай бўлса-да очиғини айтишимиз керак, хусусан, Самарқанд шаҳрининг маиший ҳаётида муайян рол ўйнайдиган ва бугун маҳаллий бизнеснинг салмоқли қисмини қўлида тутган тожик, эроний биродарларимизнинг орасида вилоятнинг турли жойларидан келиб ўқиб, ишлаб, яшаб юрган ўзбекларга нисбатан айирмачилик, миллатчилик, беҳурматлик каби иллатларига ҳануз дуч келасан киши. Бундайларнинг тилида илк ҳақоратли сўз - "Ўзбак" дейиш билан бошланади. Бу одатларга ҳаттоки, баъзи оилаларда бола тарбияси жараёнида, оилавий тадбирларнинг "кулминацион якун" нуқталарида, зиёлилар орасида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Ваҳолангки, Конституция ва қонунларимизда барчанинг тенглиги эътироф этилиши билан бирга, ушбу миллатнинг хурматга лойиқ номи ҳам Ўзбек халқи дея мустаҳкамлаб қўйилган.
Тошпўлат ака бунга ҳамшаҳар журналист, тарихчи сифатида муносабатингиз. Бу нима, "Тарихий шаҳарда янгича эгаликка интилишми?", "Сепаратизм белгисими?", "Тўқликка шуҳликми?" ёки "Ношукрликми?" бунинг туб илдизлари қаерда ва бундай салбий ҳолатларни йўқотиш учун нималар қилиш керак деб ҳисоблайсиз? Бу муаммо ҳақида тадқиқотлар олиб боргансизми?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Тўғри, миллий масала маиший маънода сақланиб қолаётганлиги тўғри. Лекин оддий одамлар орасида бу гап унчалик йўқ. "Сен ўзбекми, тожикми, эроними, русми?"- деган гапни оддий аҳоли ўртасида жуда кам эшитамиз. Афсуски зиёлилар орасида бу нарса кейинги пайтларда томир отиб боряпти. Гап фақат эрони билан тожикларнинг ўзбекларга муносабати ҳақида эмас, ўзбекларнинг уларга ёки маҳаллий миллат вакилларининг бошқа оврўполикларга нисбатан фикрлари ҳам ҳар хил эканлигини биз кузатиб борамиз. Бунинг сабаби, кўп йиллар давомида бу нарсага табу қўйилган эди. Миллий масала ҳақида гапириш, очиқ фикр билдириш, қандайдир бунга йўл қўйилмасди. Лекин кейинги пайтларда баъзи бир гуруҳлар орасида бундай кайфият кучайиб бораётганлигини сезиш мумкин. Мен буни саводсизлик, маданиятсизликнинг нишонаси деб ҳисоблайман. Чунки бизда азалдан шу Ўзбекистон ҳудудида, Мовароуннаҳрда ҳеч ким миллат ажратмаган, бағрикенглик бўлган. Ўзбек, тожик ёки бошқа миллатми, мен сендан устун, деган гап бўлмаган.Тожик давлатчилиги бўлмаган бўлсада, давлат бошлиқлари туркий қабилалардан, ўзбеклар бўлган тақдирда ҳам саройларда, шаҳарларда тожик тили ҳам, ўзбек тили ҳам бир хил даража, мақомда бўлган. Афсуски ҳозир баъзи зиёлиларимизнинг нотўғри талқини натижасида бу нарса пайдо бўлмоқда. Шунинг учун айни пайтда нафақат матбуотда, балки олимлар, амалдорлар одамларга бу масалани тўғри тушунтириш вақти келди, деб ўйлайман. Акс ҳолда ўсиб келаётган авлод учун катта бир муаммога айланиши мумкин.
Мен ўзим миллий масалада тадқиқот олиб борган эмасману, лекин тарихчи сифатида археологлар, тарихчилар билан суҳбатлар қилганман. Ислом дини кириб келганда ҳам, 12-13 асрларда ҳам миллий маслада бағрикенглик бўлганлигини тарихдан кўриш мумкин.
Дилшод Самарқандий: Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида қурилиш-ободонлаштириш борасида анча-мунча ишлар қилинди. Аммо бунёдкорлик ишлари ниҳоялаган бўлса-да, бирон сабаб билан яна бошланган асфальт-бетон йўллардаги таъмирлаш ишлари ойлаб, ҳатто йиллаб давом этади. "Сиёб", "Дамариқ" ёки бир қатор туманлар бозорлари, кўчалар, савдо масканлари, хиёбонлар, кўпқаватли уйлар, ариқларда ҳали ҳам тўпланиб ётган ҳар хил чиқинди ва ахлатларга дуч келаверамиз. Экологик маданият юксак даражада деб айтаолмаймиз. Қачонки давлат миқёсида бирор тадбирлар ўтадиган бўлса, ўшандагина атроф-муҳит ободонлиги масаласига кампаниябозлик билан киришилади. Бу жойлар тозаланади, ёз бўйи қуриб ётган дарахт кўчатлари, гул, майса ўт (газон)ларга сув қўйилади, қайтадан экилади. Яна бу ишларга ўқитувчи, ўқувчи-талабалар, ҳамшираю врачлар жалб қилинади. Шу кеча кундузда ҳам навбатдаги "Шарқ тароналари", "Мустақиллик" айёми яқин экан, тепадаги ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Ҳали замон "пахта сафарбарлиги" бошланади. Нега шундай давом этаяпти? Мазкур тадбирларни маданий давлатлардаги каби тўғри изга тушиб кетиши учун ҳокимият қандай ўзгаришлар қилиши лозим? Ва бундай ўзгаришлар бўлишини яна қанча кутамиз деб ўйлайсиз? Газетангиз бу борада бонг урганми?
Тошпўлат Раҳматуллаев: 1996-97 йиллар бўлса керак, биз газетимизда Самарқанддаги Университет хиёбони атрофидаги дарахт, буталарни олиб ташлаб ўрнига бошқа бута экилганида улар қуриб қолганини кўтариб чиққанмиз. Мен ўшанда "Файзинг йўқолдику хиёбон" деган бир мақола ёзган эдим. Кейин "Меҳмон кутадиган уйингиз обод бўлсин" деган мақолам чиққан. Самарқандга кўп меҳмон келади, бошқа. Бу ерда гап менинг чиқишим ҳақида эмас, уйғунлик масаласида. Қадимги ёдгорликлар билан ҳозирги қурилаётган бинолар ва дарахтлар, "ландшафт" масаласи уйғунлиги ҳақида гап кетяпти. Бу масалада анча иш қилиниши лозим. Лекин ҳозир Самарқанд анча ўзгарди. Бир масала, йўлкаларда қуёш тафтида қолиб кетасиз. 50-100 ёшли дарахтларнинг кесиб ташлангани шаҳар экологиясига жуда катта таъсир қилди, деб ўйлайман. Бу ҳақда блогимда ҳам ёзганман. Шу билан бирга Эски шаҳар колорити бузилаётгани, янги шаҳар билан фарқи қолмаётгани ҳақида ёзган эдим. Бу ҳақида ҳали яна бошқа режаларим бор. Шарқ калорити йўқолмаслиги, шаҳарнинг ўзига хослигига путур етмаслиги лозим.
Ўшдан Даврон: Тошпўлат ака сизни блогингиз билан танишиб чиқдим. Асосан, ижтимоий муаммолар ҳақида ёзар экансиз. Нега сиёсий, хуқуқий муаммоларни кўтариб чиқмайсиз. Масалан, пенсияга келганларнинг навбат кутишдаги одобсизлигини ёзгансиз аммо, нафақа пулларини олишдаги муаммолар ҳақида гап йўқ. Шу ҳақда фикрингизни билмоқчиман.
Тошпўлат Раҳматуллаев: Юқорида айтганимдай, блог менинг шахсий кундалигим, сайт эмас. Шунинг учун ўзимни шу кеча-кундузда қизиқтираётган ва қандайдир ёқаётган, ёқмаётган нарсалар ҳақида ёзаяпман.Чунки ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий масалалар бор. Сиёсий масалада ёзадиган жуда кўп сайтлар бор. Хоҳлаган одам уларга кириб ўқиши мумкин. Айниқса чет элдан туриб ёзадиганлар ҳаммаси сиёсатни ёзаяпти. Лекин мана бу ҳаётни кўриб, ўзи бевосита гувоҳ бўлган нарсаларни ёзаётганлар жуда кам. Нафақалар масаласига келсак, мана ўзим тўрт йилдан буён пенсия оламан. Лекин биринчи ойдан иккинчи ойга қолмаган. Ҳар ойнинг 10-15ида беради. Шунинг учун шахсан ўзим нафақа берилмаётганига тўқнаш келмаганим учун кўтармадим.
Фарғонадан Қаҳрамон Олимов: Ватанимиз Ўзбекистон кундан-кун гуллаб-яшнамокда бу борада президентимизнинг меҳнатлари юксак. Лекин баъзи бир камчиликлар дилни хира қилади. Масалан водийда электр энергияси билан таъминлаш жуда ҳам ёмон, айникса қиш фаслида суткасига ўртача 8-10 соатга тўғри келади. Бу камчилик қачон тузатилади? Ватанимиздаги журналистлар бу мавзуни қачон кўтариб чиқади? Ахир Ўзбекистон жаҳонга юз тутмоқда, ватанимизни жаҳон танимоқдаку?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Мен энди ҳамма журналистлар номидан жавоб беролмайман. Лекин блогимни очиб ўқилса, Самарқанддаги свет ва газ масаласи доимий, мунтазам, ҳатто керагидан кўп кўтарилган, деб ўйлайман. Бошқа жойларда кўтарилмагани ўша шаҳар, вилоят журналистларининг виждонига ҳавола. Бу энди биринчи масала. Иккинчидан, фуқаролик жамияти деймиз. Қуряпмиз, боряпмиз деймиз. Агар одамларнинг ўзлари ҳаракат қилмасдан, қачон журналист келиб кўтаради, деб ўтирса ҳеч нарса бўлмайди. Одамларнинг ўзлари ҳам жим ўтирмасликлари, керак бўлса журналистларга далда бўлиши, керакли идораларга мурожаат қилиши керак.
Би-би-си: Тошпўлат ака, шу йил халқаро "Олтин қалам" танлови ғолиби бўлдингиз. Шу каби мукофотлар журналистга қандай руҳ, кайфият беради?
Тошпўлат Раҳматуллаев: Словениялик бир ташкилот инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш номинацияси бўйича мени тақдирлади. Албатта гап у мукофотнинг ўзида ёки пулида эмас. Мен моддий манфаатдорлик учун ёзганим йўқ мақолани. Гап одамнинг қилаётган ишини жамоатчилик тан олиши. Қилаётган ишингиз фойдали, манфаатли, одамларга фойдаси тегаяпти деган гапни эшитсангиз, қолаверса одамларнинг "сизнинг ёзганингиз менга фойдаси тегди", дейишининг ўзи мукофот. Қолаверса, мукофот журналистга тўғри иш қилаётгани, тўғри йўлдан бораётгани ва ишини давом эттириши кераклигига бир туртки, далда бўлади деб ўйлайман.
Би-би-си: Тошпўлат ака мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Тилакларингиз бўлса марҳамат!

Тошпўлат Раҳматуллаев: Тилагим шуки, ҳар бир киши ўз ҳаққини, ўз манфаатини ҳимоя қилиш даражасида билимга, кучга, маданиятга, керак бўлса сабр-тоқатга эга бўлсин дейман! Ҳар биримиз ҳаракатимизни мана шу йўналишда олиб борсак, елкадош бўлсак бир-биримизга, умумий ишимизнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилсак, албатта мақсадга эришамиз деб ўйлайман. Ва бу йўлда барча дўстларга, биродарларга омад ёр бўлишини тилаб қоламан!

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/08/130805_cy_talking_point_toshpulat_rahmatullaev.shtml  

Комментариев нет:

Отправить комментарий