Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси Самарқанд вилоят
бўлими ташаббуси билан “Амир Темурнинг давлат тизими” мавзусида анжуман ташкил
этилди. Унда олимлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этишди.
Дастлаб жамғарма вилоят бўлими раиси иқтисод фанлари
доктори, профессор Қўзибой Мамараимов
жорий йилнинг ярим йили мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Ёшларни Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги билимини янада ошириш мақсадида
шаҳардаги олий ўқув юртларида ҳафтада бир марта ўтказилаётган маънавият
дарсларида жамғарма аъзолари чиқиш қилишмоқда.
Жамғарма вилоят бўлими ўз алоқаларини кенгайтиришга
интилмоқда. Қ.Мамараимовнинг таъкидлашича жамғарманинг мамлакатимиз
вилоятларидаги бошқа бўлимларидан ташқари хорижий ташкилотлар билан ҳам алоқалар
ўрнатилган. Жумладан, фақат кейинги ойларда Андижон ва Сурхондарё вилоят
бўлимларининг раёсат аъзолари ҳамда Қозоқистон
Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси Икром Ҳошимжонов раҳбарлигидаги
делегация Самарқандга ташриф буюрган эди.
“Биз меҳмонларга вилоятимизнинг Соҳибқирон номи билан
боғлиқ жойларини кўрсатдик, кўнгилдагидек зиёрат қилишлари учун шароит яратдик,
– дейди Қ.Мамараимов. – Уларни жамғармамиз фаоллари билан таништириб, яқин,
ўзаро фойдали алоқаларни кенгайтиришга
келишиб олдик”.
Анжуманда филология фанлари доктори, СамДУ профессори
Усмон Санақулов “Амир Темур ҳаётидан лавҳалар” мавзусида чиқиш қилди. Россия
Федерациясининг Халқаро “Олтин қалам” (“Золотое перо”) танлови совриндори ёзувчи
Тоҳир Жулматов Соҳибқироннинг ёшлигига бағишлаб ёзган китоби қандай дунёга
келганлиги хусусида сўзлаб берди. Шоир, “Ватан учун яшайлик” танловининг ғолиби
Олқор Дамин “Ассалом, Соҳибқирон” достонидан парча ўқиб берди.
Анжуман иштирокчилари ушбу чиқишлар атрофида ўз
фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, бундан кейин самарқандлик олимлар ва
ижодкорлар илмий ишлари ва бадиий асарларини жамлаб, тўплам чиқаришни йўлга қўйиш
лозимлиги ҳақида келишиб олинди.
Тадбир сўнгида жамғарма вилоят бўлимининг 11 кишидан
иборат янги раёсати сайланди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий