Самарқанд вилоят адлия бошқармасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда бошқарманинг раҳбар ходимлари ва етакчи мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида Адлия бошқармаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бўлими бошлиғи Ҳусан Давронов мавзу бўйича чиқиш қилди. У янги Қонуннинг ўзига
хос жиҳатлари хусусида сўз юритиб, унинг бундан аввал амалда бўлган “Фуқароларнинг
мурожаатлари тўғрисида”ги Қонундан фарқи устида тўхталиб ўтди. Жумладан, янги
Қонуннинг татбиқ этиш доираси кенгайганлиги ҳамда субъектлар сирасига жисмоний
шахслар ҳам кирганлиги билан ажралиб туриши уқтирилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожланиши билан
боғлиқ ҳолда тарқалиб бораётган “электрон мурожаат”нинг ҳуқуқий жиҳатдан
мустаҳкамланиши Қонуннинг муҳим янгиликларидандир.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
тўғрисида”ги Қонунда фақат фуқаролар эмас, балки юридик шахсларнинг мурожаатини
кўриб чиқишда йўл қўйилган қонунбузарлик учун ҳам маъмурий ва жиноий
жавобгарлик белгиланди.
Қонун бўйича энди қайси тилда мурожаат қилинган бўлса, имкон қадар ўша
тилда жавоб қайтарилиши кўзда тутилган. Қонуннинг бу талабини шарҳлаб,
Ҳ.Давронов шундай деди: “Масалан, мурожаат рус тилида бўлса, аксар ҳолларда унга
давлат тилида жавоб қайтариларди. Аслида бунинг ёмон жойи йўқ. Лекин жавобнинг
таржимасини кимлардандир эшитган мурожаат эгаси ундан кўнгли тўлмасдан, яна
шикоят ёзарди. Бу бир неча марта такрорланган ҳоллар бўлган”.
Матбуот анжумани давомида журналистларга юқорида тилга олинган
Қонуннинг жамият учун, ҳар бир фуқаро учун аҳамияти хусусида батафсил сўз
юритилди. Энди ОАВ ходимлари улар билан аҳолини тушунарли тилда, оммабоп қилиб
таништиришлари зарур. Токи барча учун ўта муҳим бўлган қонун ҳужжати амал
қиладиган бўлсин. Унинг нормалари бузилганда, ОАВ орқали бонг урадиган
бўлайлик. Масалан, бирор бир идоранинг ноқонуний хатти ҳаракати устидан юқори
ташкилотга ёзган ариза ёки шикоятимиз кўриб чиқиш учун яна шу идорага юборилса,
бунга бонг урсак арзийди.
Аслида журналистлар билан адлия ходимлари ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш
зарур. Қабул қилинган қарору қонунлар моҳиятини мутахассислар шарҳлаб,
тушунтириб беришса, матбуот ва бошқа ахборот воситалари уни жамоатчиликка
етказишса, бундан ҳамма ютган бўларди. Аҳолининг хабардорлиги ошиб, ҳуқуқий
саводхонлиги юқори савияга кўтариларди. Одамлар ўз муаммоларини қонун
воситасида ечишни ўзлаштириб олишарди, асоссиз шикояту турли идораларга
мурожаатлар сони камаярди.
Шу мақсадда вилоятлардаги Адлия бошқармалари ҳеч бўлмаганда йилнинг ҳар
бир чорагида бир марта оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашиб
туришни одат тусига киритишса деган таклифим бор эди...
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий