вторник, 11 августа 2015 г.

Самарқанд солиқчиларининг матбуот анжумани нега кечикиб бошланди?

Шуҳрат Жамолов

 Бугун, 11 августда Самарқанд вилоят матбуот уйида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жамолов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир белгиланган вақтидан 45 дақиқа кечикиб бошланди. Бу ҳол солиқчилар учун оддий ҳолдай унга, яъни журналистларни шунча вақтини ўғирлашга нима сабаб бўлганлигига изоҳ берилмасдан ва кечирим сўралмасдан матбуот анжумани бошлаб юборилди.


Ш.Жамолов вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширалаётган ишлар ҳақида чиқишини тугатиб, савол-жавобларга ўтишни эълон қилиши билан ундан дастлаб тадбирнинг кечикиб бошланишига изоҳ беришини сўрадим. Маълум бўлишича, бунга вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими Шерали Искандаровнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлган экан. “Бу масалани биз идорада албатта муҳокама қиламиз, айни пайтда эса вақтларингни олганлигимиз учун сиздан кечирим сўрайман”, - деди журналистларга қарата Жамолов.

 Билмадим, маданиятсизлик белгиси бўлган бундай нохуш ҳолатни бошқармада қандай муҳокама қилиб, ундан қандай хулоса чиқаришади. Аммо туманлардан 100-150 чақирим йўл босиб келган журналистнинг кўнгли бундан қанчалик таскин топади? Масаланинг  бошқа томони борки, у ҳам мени ташвишлантирмоқда: шундай аҳволга тушган журналистлар матбуот анжумани ҳақида тайёрлаган ахборотида тадбир кечикиб бошланганлигини қайд қилиб ўтадими?

Энди матбуот анжуманида муҳокама этилган  масала ҳақида. Ш.Жамоловнинг уқтиришича, бугунги кунда вилоятда 15,7 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда (бизга тақдим этилган пресс-релизнинг бошқа жойида уларнинг сони 15,6 минг деб кўрсатилган). Кейинги уч йил ичида уларнинг сони 4676тага, жорий йилнинг олти ойида эса 733тага кўпайган.

Кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи худудий маҳсулотидаги улуши 77,4 фоизни ташкил этиб, уларда иш билан банд аҳолининг 83,3 фоизи меҳнат қилмоқда. Саноат маҳсулотидаги улуши эса 44,3 фоизни ташкил этади.

Шундан сўнг вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари тадбиркорларга яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, кичик бизнес субъектларини текшириш ишларни тартибга солиш ва тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилган қатор тадбирлар белгиланганлигини таъкидлади. Барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилиб, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб текширишлар микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликларида кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан 3 йилда бир марта ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билн боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги ҳам белгиланган. Ваҳоланки, шу вақтгача барча текширишлар учун 30 кунлик муддат ажратиларди.  

Журналистлар Ш.Жамоловни деярли бир соат давомида саволга тутишди. Тизимда қарийб чорак асрдан бери хизмат қилаётган тажрибали мутахассис барча саволларга батафсил ва асосли жавоб беришга интилди. Жумладан, пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар,  фуқароларнинг солиқ инспекциясидан солиқ тўловчининг индивиуал рақамини хамда ер ва мол-мулк солиғидан қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномани олиши масаласи, савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этишда солиқчиларнинг ўрни каби саволларга жавоб қайтарди.

Камина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қанча солиқ идораси ходимига нисбатан чора кўрилганлиги ёки ишдан ҳайдалганлиги ҳақидаги рақамлар сирми, бу ҳақда ошкора гапириш мумкин эмасми, деган саволимга Ш.Жамолов бу хусусда бемалол сўз юритиш мумкинлигини уқтириб шундай деди: “Сўрасангиз, бу ҳақда керакли маълумотни етказамиз, айрим нопок ходимлар ҳақида ошкора гапириш биз учун ҳам, ҳозирда бизда ишлаётган ва ишга кирмоқчи бўлганлар учун ҳам фойдали”.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосарининг алоҳида уқтиришича, айни кунларда вилоят солиқ идорасида анчагина бўш ўринлар мавжуд. Маълумоти ва ихтисослиги тўғри келган ёшлар бемалол мурожаат қилишлари мумкин экан. “Аҳоли орасида бизнинг тизимга фақат ошна-оғайнигарчилик йўли билан ишга кириш мумкинлиги ёки ишга даъвогар казо-казоларнинг фарзанди бўлиш кераклиги каби асоссиз гап-сўзлар юрганлигидан хабардормиз. Йўқ, биз ҳар томонлама тайёргарлик кўрган, ҳалол ва пок ёшларни ишга қабул қилишдан манфаатдормиз”, - деди Ш.Жамолов.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий