суббота, 1 августа 2015 г.

Ҳаёт мазмуни ёки опамни хотирлаб

Бундан беш кун аввал 74 ёшли опам оламдан ўтдилар. Бу мени яна бир марта ҳаёт, унинг мазмун-моҳияти ҳақида ўйлашга ундади. Умарро опам бундан 32 йил аввал умр йўлдошларидан айрилгач, 8 нафар болани ўқитувчилик қилиб оёққа турғиздилар. Ҳозирги меъёрлар билан фикр юритадиган одам бу ҳолни тасаввурига сиғдиролмайди.

Саккиз болани оддий ўқитувчи маошида аёл боши билан уйли-жойли қилиш, уч нафар ўғилни уйлантириш, беш нафар қизни турмушга узатиш ҳозирги ёшлар учун даҳшатдек кўриниши мумкин. Лекин бу айни ҳақиқат!

Мана, энди болаларнинг қўлидан иш келиб, онаси хизматида бўлаётган бир пайтда онаизор уларни ташлаб кетди. Опамнинг бетоблиги кунларида эзилган юрагим шу кунларда жиянларимнинг аҳволини кўриб янада қаттиқроқ эзилди. Нима ҳам қилиш мумкин?! Фақат сабр ва тоқат, ҳақларига дуо қилишдан бошқа илож борми?

Раҳматли поччам Йўлдошқул Саломов ўзгалар соғлиги ҳимояси йўлида жонбозлик кўрсатиб, 44 ёшида ҳаётдан кўз юмган эди. У киши вилоят онкология диспансерида бош врач ўринбосари, радиология бўлими мудири вазифасида ишлардилар. Иш жараёнида оз-оздан бўлса ҳам олган радиацияси (нурланиши) натижасида оламдан ўтди. Ўшанда уларнинг катта фарзандлари 16 ёшда эди...  

Ҳаёт мазмуни. Бу ҳақда қанча ўйламасак ҳам бир хулосага келишимиз аниқ: дунёда фақат эзгулик қолади. Ҳар бир инсон ўз яхшиликлари, солиҳ фарзандлари орқали ном қолдиради. Шу сабабли опамни билганлар эзгу амаллари туфайли фақат яхши томондан эслаб юришларига ишонаман.

Айни пайтда у киши ҳаётининг давомчилари бўлмиш фарзандлари қаторига 27 нафар невара ва 18 нафар эвара ҳам қўшилганлигини таъкидламоқчи эдим. Демак, ҳаёт давом этмоқда.   


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий