Яшашдан мақсад нима? Ҳаётнинг мазмун-моҳияти нимадан
иборат? Ушбу саволлар инсониятни доимо
қизиқтириб келган. Ҳар бир киши ёши улғайгани сари ўтказган ҳаётидан мазмун
ахтара бошлайди, қандай яшаганлиги, нималар қилиши мумкин эди-ю, нимага
эришганлиги, нималарни қўлдан чиқарганлиги устида фикр юритади.
Вақтида анча машҳур бўлган қўшиқдаги ушбу сўзларни
эслайсизми: “Эсиз, болаликни қолдириб ортда, умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда, умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда”?
Бежиз умрни оқар сувга ўхшатишмайди. Дарё сувини
тўхтатиб бўлмаганидек, умрни ҳам тўхтатишнинг иложи йўқ. Кексайганда “эсиз” деб
қолмаслик учун бу ҳақда ёш бир жойга етганда эмас, анча аввалроқ ўйлаш
лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. “Ҳаёт мезони унинг давомийлигида эмас, балки
сиз ундан қандай фойдалана олганлигингиздадир”, – деган эди франциялик файласуф М.Монтен.
Яшашдан
мақсад, ҳаётнинг мазмуни ҳақида фалсафий, диний ва бошқа йўналишлардаги
қарашлар мавжуд. Ҳозир улар хусусида сўз юритиб ўтирмаймиз. Ўз умрининг мазмуни
ва моҳиятини англашга уринаётган бир шахс сифатида бу ҳақда нима дея оламиз?
Одатда яшашдан мақсад ҳақида сўз кетганда, аксарият кишилар қуйидагиларни тилга
олади: яхши оила қуриш, болалар тарбиясига эътибор қаратиб, уларнинг келажагини
таъминлаш, ўз соғлигига эътибор бериш, яхши дўстлар орттириш.
Бундай қараш ҳар бир кишиннинг шахсий ҳаёти, ўз
эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ. Аммо инсон бошқа одамлар орасида яшайди,
унинг ҳар қандай ҳаракати ижтимоий оқибатлар билан боғлиқ. Шу сабабли камина
ҳаётнинг мазмунини ўзидан эзгу ном қолдиришда деб биламан. Яхши ном қолдириш
учун эса фақат ўзи ва фарзандлари ҳақида эмас, амалга ошираётган фаолияти
атрофидагиларга, бошқаларга қандай таъсирга эга эканлигини иноботга олган ҳолда
яшамоқни талаб этади.
Ўз умрининг мақсадини яхши ном қолдиришдан иборат деб
билган одам фақат эзгу, эл корига,
хизматига ярайдиган ишлар қилади. Бундай шахс бошқаларга яхшилик қилиш,
меҳр улашиш, қўлидан келгунича бировнинг оғирини енгиллаштириш орқали ўзидан муносиб ном қолдиради.
Эзгу амалларни ўзига байроқ
қилиб олган одам бу оламни тарк этгандан кейин эмас, тириклигида ҳам ўзгалар
меҳрига сазовор бўлади, унинг атрофида доимо танишлари, ҳатто нотанишлар ҳам
тўпланишади.
Дарҳақиқат, ҳар биримиз неча марталаб шундай
бир ҳолатнинг гувоҳи бўлганмиз: айримларни узоқдан кўрсак, йўлимизни
ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Мабодо юзма-юз келиб қолсак, тезроқ узоқлашишга
интиламиз. Аммо бошқа бировлар борки, уларни кўришимиз билан юзимиз ёруғлашади,
суҳбатга тортгимиз, гаплашгимиз келади.
Айримларнинг хонадонига
ҳатто энг яқин одамлари ҳам келмайди ёки мажбур бўлгандагина онда-сонда уларнинг
остонасини ҳатлаб ўтади. Бошқаларнинг уйидан дўсту биродарлари, қўшниларининг
оёғи узилмайди.
Фақат ўзини, ўз тинчини
ўйлаб яшайдиганлар, вақтинчалик ҳою
ҳавасга асир бўлиб қолиб, бошқаларни назар-писанд қилмайдиганлар, шунингдек,
мудом ҳаётдан норози бўлиб, нолийдиганлар охирида ҳеч кимга керак бўлмай, якка
ёлғизликда қолиб кетади. Аслида ҳар ким ўз йўлини ўзи танлайди, ўз бахтини ўз
қўли билан яратади, бежизга “инсон ўз бахтининг меъмори” дейилмайди.
Бошқаларга керак бўлмасак, фақат ўз нафсимизни
қондириш илинжида бўлсак, яшашдан маъно қоладими? Шоир айтгандек:
Гар керак бўлмасам элга-элатга,
Гар мадор бўлмасам бу азиз юртга,
Тик
таянч бўлмасам халққа, миллатга,
Яшашнинг
қизиғи йўқдир мутлақо!
Илмий тадқиқодларининг кўрсатишича, ҳаётда ўз олдига
аниқ мақсад қўйганлар фақат турмуш лаззатини ўйлайдиганларга нисбатан қариганда
ҳам руҳан соғлом бўлиб, ақл-идрокини сақлаб қолади ва узоқроқ умр кўришади. Одамнинг
қандай ном қолдирганлиги нафақат ўзига, балки авлодига ҳам таъсир қилади.
Ҳар замон эшитиб қоламиз: “У фалончининг ўғли
(невараси)ми? Ўша бемаъни ота (бува)сидан узоққа борармиди? Йўқ, бу одам
бўлмайди”. “Бунисининг ота (бува)си ажойиб инсон эди, бунинг палаги тоза, бу
ҳам яхши одам бўлиши табиий”. Эътибор қаратинг, ота-боболарнинг раҳмати ёки
лаънати кейинги авлодга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатувчи яққол
мисоллар эмасми булар?!
Яхшилик билан бу ҳаётда ном қолдирмоқчи бўлган инсон вақт
ва умрнинг қадрига етиб яшайди. Мақсадсиз умргузаронлик қилаётган одам эса фақат
нафси ғамида бўлади, қимматли вақтни
беҳуда сарфлайди ва ном-нишонсиз бу дунёдан ўтиб кетади.
Тошпўлат
Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий