понедельник, 25 февраля 2019 г.

Танқид учун таъқиб ва таъқиқлар ортда қолдими?




Ўзбекистон журналистларининг ўз фикрини очиқ баён қилиш учун имкониятлар анча кенгайганлигини тан олмаслигимизнинг иложи йўқ. Тақиқланган мавзуларда қалам тебратган “қайсар”, “ўжар” журналист таъқиб остига олинган давр ортда қолиб кетмоқда. Албатта, ҳозир ҳам анча юқори қатламларда, айрим “нозик” кишиларга тил тегизганни бошини силашмайди. Аммо, ҳар ҳолда, ошкоралик сари сезиларли қадам қўйилди.


Камина бу хусусда кўплаб жонли, ҳаётий мисоллар келтиришим мумкин. Чорак аср давомида оммавий ахборот воситаларида рўй берган жараёнлар орасида бўлган бир ижодкор сифатида танқид, таъқиб, таъқиқ нима эканлигидан яхши хабардорман. Хабардоргина эмас, буларнинг ҳаммасини бошимдан кечирганимни таъкидламоқчиман.

Вазият қанчалик ўзгарди? Бир таққослаб кўрайлик

Вой, бу таъқиблар! Улар мени қанчалик безор қилиб ташлаган эди. Нафқат ўзим, балки оила аъзоларим ҳам эшигимиз қаршисида турадиган пойлоқчилардан қанчалик безишган эди! Самарқандда бирор бир сиёсий тадбир, масалан, сайловлар ўтказилса ёки шаҳарга юқори мартабали меҳмон келадиган бўлса, кўчамизда менинг “қўриқчиларим” пайдо бўларди.

Шукр, бир йилдан бери бу гапларга барҳам берилди. Энди тадбирларга таклиф қилишмоқда. Мени узоқдан кўриши билан ўзини четга оладиган мансабдорлар ёки айрим маддоҳизмга кириб кетган касбдошлар саломлашадиган, ҳатто маслаҳат сўрашадиган бўлишди. Танқидий чиқишларим орқасидан таъқибга учрамасдан юрганлигимни ОАВга нисбатан сиёсат ижобий томонга ўзгариб бораётганлигининг нишонасидир, деб ҳисоблайман.

“Олдинги давр ёмон эди, ҳозир эса – зўр” деган қуруқ таъкидлар билан чекланмасдан, юз берган ўзгаришлар ҳақида ҳар кимнинг ўзи таққослаш орқали хулоса чиқариши учун аниқ мисолларга мурожаат қилмоқчиман.   

Бундан 10 йил аввал 60 йиллик юбилейимни фақат дўсту қариндошларим билан ўтказган эдим. ҳокимликлардан, давлат идоралари у ёқда турсин ҳатто журналистлар уюшмасидан, расмий газеталардан ҳеч ким қатнашмаган эди. Ундан бир йил аввал фарзандимниг тўйига ҳам расмий идораларда ишлайдиган таниш-билишларим, 32 йил умрим ўтган СамДУ раҳбарларини таклиф қилган бўлсам ҳам, келишмаган эди. Тўйдан бир неча кун ўтиб, университет проректори билан учрашиб қолганимизда, у кишининг айган қуйидаги сўзлари ҳозиргача қулоқларим остида жаранглайди: “Тўй куни дарвозангиз ёнидан ўтаётганимда, кўп машина турганини кўриб, шерикларимга “шу тўйга айтилганман” деган эдим”.

Буларни эслаганимнинг сабаби кимлардандир ўпкаланиш эмас. Мақсад, юқорида таъкидланганидек, таққослаш. Замон ўзгарганлигини кўрсатиш. Кўпчилик “давр менинг тақдиримда” деган сўзларни эшитган, албатта. Мен ҳам давр ўзгарганлигини ўзимга бўлган муносбат орқали, ўз тақдирим орқали кўрсатиб ўтмоқчиман.

Яқинда 70 ёшга тўлганлигимни нишонлаш жараёнида умуман бошқача манзаранинг гувоҳи бўлдик. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасидан табриклашди, унинг Самарқанд вилоят бўлими, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида юбилей тадбири бўлиб ўтди. Газеталарда камина ҳақимда мақолалар эълон қилинди, вилоят телерадиокомпанияси репоратаж тайёрлади. Мени узоқдан кўриб, ўзини четга олган касбдошлар ва амалдорлар бемалол кўришиб, табриклашди ҳам.  

Бундай ўзгаришлар ҳақ сўзга бўлган муносабат ижобий томонга қараб силжиб бораётганлигининг мисолидир. Жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ҳар қандай ҳолат, амалдорларнинг ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳақида ёзган мақолаларим учун таъқиб қилишарди. Эндиликда ўша камчиликлар, тараққиётимиз йўлидаги ғовлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг иродаси ва бевосита кўрсамаси билан олиб ташланмоқда.

Бу шунчалик мақтаниш учун айтилаётган сўзлар эмас. Ижодим билан таниш бўлмаганлар блогимга кириб, ундаги 1080та мақола ва хабарларимни ўқиб, ўзи хулоса чиқариши мумкин. Бу фақат охирги етти ярим ичида ёзганларим. Ундан олдингиларининг айримларини қидирув хизмати орқали интернет тизимидан топиш мумкин.

Бир жонли мисол келтирмоқчиман. Ўзим бош муҳаррир бўлиб ишлаётган “Самарқанд” газетасининг 2001 йил 6 апрелдаги сонига жойлаштириш учун “Ватанини ким кўпроқ севади: уни фақат мадҳ этувчиларми ёки тараққиёти йўлидаги ғовлар, оғриқ нуқталари хусусида очиқ ҳақиқатни айтувчиларми” мақоласини тайёрлаган эдим. Цензура мақоладаги бир абзацни олиб ташлашни талаб қилганда, ўша жойни бўш қолдириб, газетани чоп эттирган эдик. Бу цензурага қарши ўзига хос жавоб бўлган эди.

Аслида эндиликда ким ҳақу ким ноҳақлиги маълум бўлди. “Тирноқ остида кир қидираётганлар”, “Ватанига тош отаётганлар” деган тамға олган журналистлар аслида тўғри иш қилганлигига Президентимизнинг кейинги икки ярим йилда ичида тилга олиб келаётган камчиликлар ва уларни бартараф этишга  қаратилган фармону қарорлари яққол мисол бўлиб турибди.

Алабатта, ҳозирча барча муаммолар ечилган эмас. Улардан тўла қутулиш учун мамлакатимизда ошкоралик муҳити, сўз ва матбуот эркинлиги барқарор бўлиши лозим. Бунинг учун эса ҳали кўпгина амалий ишлар қилиниши талаб этилади.

Нима қилмоқ керак?

Айрим таклифларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Биринчидан, эркин, журналистлар дардини эшитадиган, уларга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлайдиган ташкилот зарур. Журналистлар ижодий уюшмасини ушбу касб эгаларининг ҳақиқий ЎЗ ташкилотига айлантириш керак. Касб фаолияти бўйича тазйиққа учраган журналистни амалда ҳимоя қила оладиган, керак бўлса тажрибали юристлар, адвокатлар ёллай оладиган бир ташкилот бўлсин. Раисининг  номзоди юқоридан кўрсатилмасин, у журналистлар томонидан сайлансин. У ҳақиқий жонкуяр, журналистика назарияси ва амалиётини чуқур билган шахс бўлиши керак.

Иккинчидан, журналистика муаммоларини кўтарадиган, ўзаро баҳс-мунозаралар орқали мавжуд муаммолар ечимини топишга ундайдиган, журналистлар учун минбар вазифасини бажаришга лойиқ ҳамда касб маҳоратига оид масалалар доимо диққат марказида бўлган нашр зарур.

Учинчидан, ҳур фикрли ижодкорлардан қўрқмаслик керак. Аксинча, улардан, уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш зарур. Масалан, Карим Баҳриевдек гигантлар соҳани ҳамда журналистика бўйича таълим тизимини бошқарганда, қанча ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин эди. ТВдаги демократик ўзгаришлар ва эркин сўз муаммоларига бағишланган кўрсатув ва ток-шоуларни бир умр маддоҳлик қилиб келганларга эмас, ҳар қандай шароитда ҳам ана шу қадриятларга содиқ бўлганларга топширилса, улар самаралироқ бўлармиди?!

Ҳозиргача аксарият бош муҳаррирлар ва журналистлар ички цензурадан халос бўлиша олгани йўқ. Уларни ҳам тушунса бўлади. Узоқ йиллар давомида ҳаққиқатни ёзганлар, мавжуд камчиликларни рўй-рост танқид қилганлар таъқиб қилинди-ю, озгина ютуқни ҳам бўрттириб, йўқни ҳам бор қилиб кўрсатадиганлар, маддоҳлар тақдирланди, унвону мукофот эгалари бўлди. Кўпчилик шароитга қараб яшаш ва ишлашга, муҳитга қараб ўзгаришга ўрганиб қолганлиги боис, енгил йўлни танлади, тинчини, оиласини, ҳаловатини ўйлади. Ҳозирда ҳам ушбу ҳолат инерция билан давом этмоқда.

Агар танқидий-таҳлилий чиқишлар билан танилган журналистлар қўллаб-қувватланса, унда бошқа ҳамкасбларида ҳам жасорат шаклланиб боради. Турли танловлар, жумладан, “Олтин қалам”да ҳам фақат ижобий мақолалар ёзганлар эмас, аксинча ўз чиқиши билан кўпчиликнинг оғзига тушган, қандайдир бир муаммонинг ечилишига ҳисса қўшган журналистларга ғолибликни бериш керак. Бундай танловлар шаффоф ўтилишини таъминлаш зрур.

Тўртинчидан, ОАВ ишини ташкил этишда ва ички ишларига четдан, хоҳ у юқоридан бўлса, хоҳ пастдан, аралашишга йўл қўймаслик керак. Уларнинг қонун доирасида ишлашига имкон бериш керак, холос. “Фидокор” газетасида мухбир бўлганимда мунтазам танқидий-таҳлилий мақолалар билан чиқиш қилардим. Бир неча йил ўтгач, газета бош муҳаррири билан учрашганимизда, у “ёрилди” ва “деярли ҳар бир мақолангиздан сўнг Президент девонидан қўнғироқ бўларди, мен гап эшитардим” деди. Шунда нега мени огоҳлантирмасдан, аризамни олмасдан ишдан бўшатганлигининг сабабини англадим.

Яна бир муаммо. Журналистларнинг танқидий чиқишлари кўп ҳолларда эътиборсиз қолиб кетмоқда. Қанча вақт ва куч сарфлаб тайёрлаган материалга, энг асосийси, аниқ кўрсатилган муаммога эътибор қаратмаслик журналистга иккинчи марта бундай ишларга қўл уришнинг фойдаси йўқлигини кўрсатади.

Мени тақдирлашларини сўраб Президентга мурожаат қилдим

Кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мени мукофотлашларини сўраб мактуб юбордим. Ахир, чорак аср педагоглик қилдим, кейинги чорак аср журналистика соҳасида қалаб тебратмоқдаман. Ҳеч қандай давлат мукофти ёки унвонга лойиқ кўрилмадим. Энди 70 ёшни тўлдириб, давлат раҳбарига мурожаат қилдим.

Ёмон хаёлга борманг, олдин қанақа мукофот сўраганлигмини айтай. Давлатимиз раҳбаридан “Согдиана” блогимни блоклинишига барҳам берилишини сўрадим. Ана шу мен учун катта мукофот! Ким, нима учун блогимга (https://rtoshpulat.blogspot.com) “запрет” қўйганлигини соғлом ақл билан тушуниш мушкул.  

Мактубда блогимни блоклашга асос бўладиган ҳеч қандай материал йўқлигини уқтириб қуйидагиларни ёзганман: “Аксинча, Сиз кейинги пайтларда доимо тилга олаётган камчиликлар ҳақида, айрим боқибеғам амалдорларнинг ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги хусусида ёзяпман. Блогимнинг бундан олдинги йилларда блокланганлигини тушунардим. У пайтлар ҳақ сўзни айтган халқ ва давлат душмани ҳисобланарди. Сиз қаттиқ танқид қилган ташкилот вакиллари ҳар бир чиқишимни кузатиб бориб, мени тинч қўйишмасди. Ватанпарварликка чақириб, ҳамма гапни ҳам ошкор қилиш яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида ваъз ўқишарди. Сизнинг ҳаракатингиз ва кўрсатган азму иродангиз туфайли  ўша “ватанпарварлар”нинг аксарияти ким эканлиги маълум бўлди ва қилмишига яраша жазосини олмоқда”.  

Шуниси борки, блогимнинг очилиши нафақат менга, балки ҳақиқатни ёзишдан, танқидий мақолалар чиқаришга чўчиб турган журналист ва муҳаррирларга замон ўзгарганлигини кўрсатадиган яққол мисол бўларди. Энди фақат мақтовчиларгина тақдирланмасдан, бор ҳақиқатни холис ёритувчилар бошига ҳам қуёш чиққанлигига ишора сифатида баҳоланарди бу қадам.

Танқид учун, ҳақ сўз учун таъқиқ ва таъқиб ортда қолдими? Буни келажак кўрсатади. Чунки ҳозирча барча соҳа, йўналиш ва шахслар танқиддан тўла холи бўлган деёлмасак керак. Шундай эмасми? Бу хусусда айтадиган гапларим бор.  

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ


Комментариев нет:

Отправить комментарий