понедельник, 27 января 2020 г.

Маҳалла тизими ҳам эътибордан четта қолмайди



Замон эврилмоқда, сен-чи, замондош? 

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида ижтимоий ҳаётимизнинг барча қирралари қатори маҳалла тизимига катта эътибор қаратилди. Тизимни жиддий ислоҳ қилиш натижасида маҳаллани халқчил ва аҳоли манфаатларини амалда ҳимоя этувчи институтга айлантириш ҳақида фикрлар билдирилди. Жумладан, “Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” деган янги концепция асосида мутлақо янгича тизимни яратиш ва амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.


Маҳалла тизими ходими сифатида, ундаги муаммоларни ичидан билишим туфайли маҳаллани том маънода ўзини ўзи бошқариш органига айлантириш учун ҳали анча ишлар қилиниши лозимлигини уқтирмоқчиман. Кейинги пайтда маҳалланинг мустақил нодавлат нотижорат ташкилоти сифатидаги мавқеи бироз яхшиланди. Ҳар ҳолда, Самарқандда буни кузатиш мумкин. Ишимизга, функционал вазифамизга дахли бўлмаган турли йиғилиш ва тадбирларга жалб қилиш ҳолатларига деярли барҳам берилди. Шундай бўлса-да, ҳали ҳар хил қоғозларни тўлдириш, бошқа ташкилотлар вазифасини бажаришги ундаш каби иллатлар кузатилмоқда.   

Мурожаатномада мамалакатимизда ижтимоий соҳада амалга ошириладиган барча ислоҳотлар, туб ўзгаришлар бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш кераклиги уқтирилди. Бу йўналишда, албатта, маҳалла институти зиммасида ҳам улкан вазифа ва масъулият юкланади. Маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, улар обод бўлиб, аҳолиси фаровон яшаса, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакат тинч, обод ва фаровон бўлиши кундек равшан-ку!

Ўзимизнинг маҳалла мисолида айрим масалалар устида тўхтаб ўтмоқчиман. Кейинги уч йил ичида маҳалламизда жиноят содир этилган эмас. Маҳалла фаоллари профилактика нозири билан бирга доимо мавжуд вазиятдар хабардор бўлиб туришга ҳаракат қиламиз. Оилаларда муаммо вужудга келса, уни жойида ечишга интиламиз. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги ўзаро меҳру оқибатни кучайтиришга, барча ишларни енгил ва муроса билан ҳал этишга имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, одамлар орасида ортиқча гап-сўзларни юзага келишининг олдини олади ва маҳаллада  осойишталикни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзаро ҳамжиҳатликнинг кучайишига маҳалла ободлиги йўлида амалга ошираётган ишларимиз муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Маҳалла марказида олиб борган қурилиш ва ободонлаштириш ишларида ёшу қари бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилди. Натижада ўз кучимиз билан янги бинони қуриб битказдик. Ўз меҳнатининг натижасини кўрган маҳалладошларимиз хурсандлигининг чеки йўқ. Бундай ташаббусимиз вилоят маҳаллалар кенгаши эътиборидан четда қолмади. Кенгаш бошқарув раиси Бадриддин Насриев амалга оширган ишларимиз билан танишганидан сўнг дастлабки ёрдам сифатида ажратган 20 миллион сўмга янги бино учун стол ва стуллар сотиб олдик.

Шу кунгача уйма-уй юриб аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш оқибатида  ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқласак-да, уларнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатиш имкони йўқ эди. Бу борада лимит мавжудлиги бизни қийнаб келмоқда. Президентимиз аҳолининг аксарият қисми етарли даромат манбаига эга эмаслигини айтиб, қуйидаги рақамларни тилга олди: “Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”.

Давлатимиз раҳбари кам таъминланган оилаларга кўмак кўрсатиш қамровини кенгайтиришни, ижтимоий нафақа тайинлашдаги мезонларни қайта кўриб чиқиш ва уларни белгилашда очиқ ва адолатли тизим яратишни ва бу борада маҳалланинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Бизда янги тамойил – жамият ислоҳотларнинг ташаббускори бўлиши керак, деган устувор ғоя бош мақсад сифатида белгиланган экан, уни амалга ошириш йўлида маҳалла ҳам ўз ўрнига эга бўлиши шубҳасиздир. Энди бундан кейин эскича мезонлар билан ишлаб бўлмайди!

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалла фуқаролар йиғини раиси


Комментариев нет:

Отправить комментарий