пятница, 7 ноября 2014 г.

Самарқандда Байдаков қишлоғи йўқ

UzReport.uz cайтида Самарқандда янги автобус йўналишлари очилгани ҳақида сўз юритилиб, жумладан, “Узоқ лагерь-Байдаков қишоғи” йўналиши ҳам тилга олинган. Самарқанд ва унинг атрофида бу номдаги қишлоқ йўқ. Автотранспортчиларнинг бекатларни ёзишдаги саводсизларча ёндашувини журналист тузатмасдан, хатоларни айнан такрорлаган.
 
Бир вақтлар, бундан 60-70 йил олдин Самарқанд туманининг кўҳна шаҳарга яқин бўлган қисмида бир қатор кичик колхозлар бўлган. Улар ўша вақтларда машҳур, турли жабҳаларда қаҳрамонлик кўрсатган кишилар номига қўйилган. Ана шулардан бири Байдуков колхози бўлган. Бу жамоа хўжалиги 1937 йилда машҳур учувчи Валерий Чкалов билан бирга Москвадан АҚШга Шимолий қутб орқали тўғидан тўғри учган Георгий Байдуков номига қўйилган. Кейинчалик колхозларни йираклаштириш бошлангач,  бир нечта хўжалик, жумладан, Байдуков хўжалиги ҳам бошқалари билан бирлаштирилиб,   “Победа” колхози ташкил этилган.
 
Авваллари Байдуков хўжалиги бўлган ҳудудни катта ёшдагилар ҳозир ҳам “Байдуков” деб аташади. Бу ҳозирги Жўйисой маҳалласи ҳудуди. Лекин бу номдаги қишлоқ йўқ ва бўлмаган ҳам. Шу сабабли автобуслардаги “Байдаков қишлоғи” деган ёзув аҳолининг, айниқса, ёшларнинг саводхонлигига салбий таъсир қилмоқда.
 
Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий