пятница, 28 ноября 2014 г.

Фақат свет ўчгандагина бизда газ бўлади

Самарқандликларнинг аксариаяти свет бўлмаган пайтдагина табиий газ келишига ўрганиб қолишган. Электр энергиясининг газга қандай алоқаси бор дейсизми? Бор, бўлганда ҳам қандоқ! Шу вақтгача фақат айрим хонадон соҳиблари мотор,  яъни  газни  тортиб  берадиган  насосдан фойдалиниб келишаётган эди. Эндиликда   бутун бошли бир кўча  ёки  маҳалла аҳли бирлашиб, газ тақсимлагич(ГРП) ёнида насос ўрнатишмоқда.

Ҳовлимиз  шаҳарнинг Сўзангарон маҳалласидаги Самибоев кўчасида, 52-мактаб ва 65-болалар боғчаси ёнида жойлашган. Бизда октябрь ойининг охирларидан бошлаб газ йўқ. Бунинг сабаби қўшни маҳаллаларда катта насослар ўрнатилганлигидадир. Хамза кўчасида газ тақсимлагич  ёнида баҳайбат темир қути ичида катта насос қуйилган (суратга қаранг). Шунингдек,  Ойсават, Ёмини маҳаллалари ва бир қатор бошқа жойларда ҳам ана шундай насослар ўрнатилган.

 
Қаерда мотор қўйилган бўлса, ўша ерда газ бор. Қолган  жойларда  унинг ҳиди  ҳам  йўқ.  Бу ҳақда шаҳар хокимиятига, «Самарқандшаҳаргаз» корхонасига ва  «Ўздавнефтгазинпекция» Самарқанд вилоят бўлимига шикоят-ариз билан мурожаат қилдик. Халигача натижа йўқ. Ариза топширганимиздан кейин газ идораси вакиллари қўшни маҳалларларга келиб, “устимиздан шикоят тушди, насосларни ишлатмасдан туринглар” деб, илтимос қилиб кетишган.  Насосларни фақат икки кун ўчириб қўйишди. Паст босимда бўлса ҳам уйларимизга газ келди. Аммо учинчи куни яна ўша эски ҳолат  такрорланди.

 
Энди биз свет ўчишини пойлашга мажбурмиз. Фақат шундагина оз бўлса-да, газ келади. Электр токи келган заҳоти яна ўчади. Насоснинг хавфли томони шундаки, ундан фойдаланаётган хонадонларда свет ўчиб  қайта ёнганда, ёнғин  чиқиши  мумкин. Чунки свет ўчиши билан газ келиши ҳам тўхтайди. Уй эгаси бундан хабарсиз қолсаю газ ускуналарини ўчирмаса, свет ёнгандан сўнг катта босимда келган газ портлаш ва ёнғинга сабаб бўлиши мумкин. Ўтган йили маҳалламизда аввалида бирданига олтита ҳовли, сўнгра бешта  ҳовли  ёниб, кулга айланган  эди. 

 
Насос қўйган маҳаллаларнинг оқсоқоллари мавжуд ҳолатдан хабардор бўлишса  ҳам  бунга эътибор қилишмаяпти,  айримлари  ўзлари  бу  ишга   бош-қош  бўлишмоқда.  Газ  назоратчилари ҳаммасидан  хабардор. Аммо бу ишга панжа орасидан қарашлари  сабабсиз бўлмаса керак? Ўша маҳаллаларда  қариндош ёки яқин танишларимиз  яшашади.  Уларнинг гапларига қараганда, бу иш газ идораси билан келишилган ҳолда амалга  оширилган экан. Бир воқеа бу ҳолатга аниқлик киритди.  

 
21 ноябрь куни газчилар ва ёнғинга қарши курашиш идораси ходимлари Ҳамза кўчасидаги насосни кесиб ташламоқчи  бўлганда, 50  яқин  киши тўпланиб, жанжал кўтарган. Улар  газ назоратчисидан аввал олган бир неча миллион сўм пулни қайтариб беришини талаб  қилишган. Газчилар ва ёнғинга қарши курашиш идораси ходимлари  ҳеч  нарса қилолмасдан қайтиб кетишган. Бу ҳақда мени хабардор қилган «Самаркандшахаргаз» бош муҳандиси Исрофил Ваҳобовнинг сўзларига қараганда,  назоратчининг иши прокуратурага оширилган. 

 
Шунингдек, Ваҳобов Ҳамза кўчасига борадиган газ қувурини бошланиш нуқтасидан  кесиб қўйилишини таъкидлаган эди. Аммо осмон баланд, ер қаттиқ деганларидек, мана бир неча кун ўтган бўлса ҳам газдан  дарак  йўқ, ҳатто ҳидига ҳам зор бўлиб ўтирибмиз.  Газчиларнинг ўрнида ўзимиз қўшни маҳаллага бориб газдан ноқонуний  фойдаланувчилар  билан  гаплашсак,  маҳаллалар ўртасида низо чиқиб,  катта жанжал  бўлиши  мумкин.

 
65-болалар боғчасига қатнайдиган икки нафар неварам боғчадан совуқ қотиб, иштонини  ҳўл қилиб келгани ва йўталаётганлигини  кўриб, бу муаммони қаламга олишга қарор  қилдим. Бошқа чора қолмади, шикоятлар ёзиб ва қайта-қайта газлаштириш идорасига  қатнаб, бирор натижага эришолмадик. Ушбу мақолани «Ўзтрансгаз» ва Ўзбекистон  Республикаси Бош прокуратурасидагилар ўқиб, Самарқанддаги аҳволдан хабардор бўлиб,  бирор йўлини қилишса  керак деган умид билан ёздим. 

 
Соҳа мутасаддиларига яна шуни эслатмоқчи эдимки, кузги-қишги мавсумда аҳолини газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори мавжуд. Нега Самарқандда бу қарор  бажарилмай қолмокда? Бунининг сабабини сўраб суриштирадиган одам борми?

                                                                                                    

                                                                                                            Муртазо  Турсунов, 

                                                                                                            журналист

    

Комментариев нет:

Отправить комментарий