Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бир пиёла чой устида учрашув ташкил этди. Учрашувда шу кунгача ўз меҳнат фаолиятини давом эттираётган нафақа ёшидаги адвокатлар, нафақа чиқиб, кексалик гаштини сураётган отахонлар, ҳаётдан кўз юмган адвокатларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят
ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Аҳтамов очди. У Кексаларни эъзозлаш йилида
нишонланаётган бу йилги Хотира ва қадрлаш куни ўзгача маъно ва моҳият касб
этаётганлигини таъкидлади. “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурини амалга
оширишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кексаларга ғамхўрлик қилиш ва
эътиборни кучайтириш эътироф этилган, – деди жумладан О.Аҳтамов. – Биз ҳам
Давлат дастурини бажаришга ўз ҳиссамизни қўшиш ҳамда оламдан ўтган
касбдошларимизни хотирлаш ва айни пайтда сафда бўлганларни қадрлаш мақсадида
ана шундай тадбирни ташкил этдик”.
Учрашув давомида сўзга чиққанлар вилоятдаги 340 нафар адвокат бошини
қовуштириб турган Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбариятига
доимий эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар. Палатанинг ёши улуғ аъзолари
Пармон Расулов, Тугал Ражабов, Турсун Расулов ва бошқалар Хотира ва қадрлаш
куни арафасида ташкил этилган тадбирнинг аҳамияти хусусида алоҳида сўз
юритишди. Улар таъкидлагандек, ўзининг кўп йиллик меҳнати билан эзгу ном
қолдириб кетганларни хотирлаш, сафда бўлган фахрийларни эъзозлаш ёш ходимлар
учун ибрат мактаби ҳисобланади.
“Хотира ва қадрлаш куни арафасида немис-фашист босқинчиларига қарши
урушда қатнашган юртдошларимизга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги хайрли ва
савобли ишдир, – деди ўз чиқиши давомида адвокат Н.Тошматов. – Афсуски,
уларнинг сони тобора камайиб бормоқда. Масалан, бундан бир неча йил аввал
Нарпай туманида 2800 нафар уруш иштирокчиси бор эди. Шу кунга келиб улардан
фақат 18 нафари ҳаёт. Демак, биз уларни қанча ардоқласак арзийди”.
Мароқли суҳбат анча вақтгача давом этди. Унинг охирида Адвокатлар
палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси номидан фахрийларга эсдалик совғалари
топширилди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий