Муҳсин Ҳусаинов ва Беҳзод Тўрақулов |
96 ёшни қаршилаган Муҳсин Ҳусаинов совет-фин урушида қатнашди, Брест қалъасида қуршовда қолиб, қаттиқ жароҳат олди ва асирга тушди, беш марта қочишга уринди, икки марта ўлимга ҳукм этилди, охири асирликдан қочиб, машҳур Фёдоров партизан отрядига қўшилди. Урушдан кейинги йилларда университетни битириб, ўқитувчи бўлиб ишлади ва айни пайтда газеталар билан ҳамкорлик қилди, мунтазам мақола ва очерклар ёзиб турди.
96 ёшни қаршилаган Муҳсин Ҳусаинов совет-фин урушида қатнашди, Брест
қалъасида қуршовда қолиб, қаттиқ жароҳат олди ва асирга тушди, беш марта
қочишга уринди, икки марта ўлимга ҳукм этилди, охири асирликдан қочиб, машҳур
Алексей Фёдоров партизан отрядига қўшилди. Урушдан кейинги йилларда
университетни битириб, ўқитувчи бўлиб ишлади ва айни пайтда газеталар билан
ҳамкорлик қилди, мунтазам мақола ва очерклар ёзиб турди.
Самарқанднинг Мотруд маҳалласида истиқомат қилаётган Муҳсин ота
хонадонига тарих фанлари номзоди, СамДУ доценти Беҳзод Тўрақулов ҳавроҳлигида
бордик. Жангчи, педагог ва журналист Муҳсин Ҳусаинов ҳақида айнан ана шу олим
дўстим каминани хабардор қилган эди. Унинг сўзларига қараганда, раҳматли падари
бузруквори Тўрақул Жўраев билан Муҳсин ота яхши дўст бўлганликлари боис у бу
хонадонга тез-тез келиб, отахоннинг аҳволидан хабардор бўлиб туради, дуосини олади.
М.Ҳусаинов билан бўлган суҳбатимиз аввалидаёқ мен у кишининг хотирасига
қойил қолдим. Нафақат воқеаларнинг ўзини, балки санасини ҳам ҳозиргача яхши
эслаб қолган. Муҳсин ака сўзларини эшитиб, одам боласи бошига қандай кунлар
тушиши мумкинлиги ва у ҳар қандай вазиятда ўзлигини йўқотмасдан, тўғри йўлдан
оғишмай илдам олдинга қараб бориши муҳимлигини илғаб олиш қийин эмас.
Отахон 1939 йилда Самарқанд давлат университети ўзбек филология
факультетида ўқиб юрган чоғида ҳарбий хизматга чақирилади. Кўп ўтмай совет-фин
уруши бошланади. “Мен хизмат қилаётган ҳарбий қисмни 1939 йилнинг 3 декабрида урушга
жўнатишди. Биз бутун қишни жанггоҳларда ўтказдик, – эслайди М.Ҳусаинов. – 1940 йилнинг
30 мартида фронтдан қайтдик. Август ойида эса яна урушга отландик”. Шўро ҳукуматининг
бу галги уруши Болтиқ бўйи республикаларига қарши қаратилган эди. Армия ёрдамида
Латвия, Литва, Эстония собиқ Иттифоққа қўшиб олинди.
Шундан сўнг Муҳсин ота Белоруссиянинг Брест қалъасида жойлашган ҳарбий
қисмда ўз хизматини давом эттирди. Тарихдан маълумки, немис фашистларининг дастлабки
ва энг қақшатгич зарбаларидан бири айнан Брестга қаратилган эди. 1941 йилнинг
22 июни тонгидаги немисларнинг ҳужуми бутун мамлакат каби Брестдагилар учун ҳам
кутилмаган ҳодиса бўлди.У ердаги ҳарбий қисмларнинг аксарияти катта куч билан
бостириб келган фашистлар қуршовида қолади. М.Ҳусаинов бошидан яраланади, оёғига снаряд
парчаси тегиб, қаттиқ шикаст етказади. Шу аҳволда асирга тушади.
Муҳсин ота асирликда “энди шу кўргилик экан-да” дея, тақдирига тан
бериб, бош эгиб юрмади. Соғлиги тикланиши билан қочиш ҳаракатини қилди. Беш марта
қочишга уринди, икки марта ўлимга ҳукм этилди. Уч йил деганда асирликдан
қочишга муваффақ бўлди. Партизанлар отрядига келиб қўшилди. Аммо қаттиқ жароҳат
асорати унга тинчлик бермасди, боши оғрирди. Шу сабабли “Яширин обком ҳаракатда”
китоби орқали фаолияти кенг оммага маълум бўлган машҳур Алексей Фёдоров отряди
командирларидан бири М.Ҳусаиновни фронт орқасига ишга боришни маслаҳат беради.
Қаҳрамонимиз 1947 йилда уйига, уни интиқлик билан кутаётган ота-онаси
ҳузурига қайтиб келади. 1953 йилда СамДУдаги чала қолган ўқишини тугатди. 20
йил давомида Темирйўл техникумида дарс берди. Шундан сўнг ўзи туғилиб ўсган
қишлоғидаги ўрта мактабда ишлади. Муҳсин ота педагогик касбини мухбирлик
фаолияти билан қўшиб олиб борди. Унинг мақолаю очерклари вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги
“Зарафшон”), “Ўқитувчилар газетаси” (ҳозирги “Маориф”) ва бошқа газеталарда
мунтазам босилиб турди.
“Ленин йўли” газетаси бош
муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган Миршариф Хўжаев ўша даврни шундай хотирлайди:
“Муҳсин ака газетамизнинг Саноат ва савдо бўлимида доимо ҳозиру нозир эди. Четдан
қараган одам у кишини газетанинг штатдаги ходими деб ўйларди. Чунки оёғи
таҳририятдан узилмасди. Саноат, айниқса, транспорт соҳасида мақола керак бўлиб
қолганда, бу иш Муҳсин акага топшириларди. У киши зиммасига юклатилган ҳар
қандай вазифани доимо қойиллатиб бажарарди”.
М.Умаровнинг жамоатчи мухбир сифатида амалга оширган ишлари қанчалик
муҳим ва аҳамиятга молик эканлигига унга 1979 йилда “Ўзбекистонда хизмат
кўрсатан маданият ходими” унвони берилганлиги яққол мисол бўла олади. Унинг асарлари
бир неча марта республика танловларида ғолиб деб топилган эди.
Муҳсин ота умр йўлдоши Кимё ая Аҳмаджонова билан мазмунли ва ибратли
ҳаёт кечирди. Кибриё ая – филология фанлари номзоди, кўп йиллар СамДУда дарс
берди ва шу билан бир қаторда рўзғор юмушларини бажариб келди. Айни пайтда улар
фарзанд ва набиралар дуогўйи бўлиб, кексалик гаштини сурмоқдалар.
Германия фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги олдидан,
Хотира ва қадрлаш куни арафасида жангчи, педагог ва журналист Муҳсин Ҳусаиновни
чин дилдан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламиз. Отахонимизга яна узоқ йиллар
давомида эл ардоғида бўлишлик насиб этсин.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий