Отам Раҳматулла Ёрбобоев Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, даҳшатли Курск жангида яралангандан сўнг госпиталда даволанганликлари ва уйга қайтиб келганликлари ҳақида ҳикоя қилиб берардилар. Уч йиллик умрларини фашизмга қарши курашга бахшида қилган бўлсалар ҳам уруш ва унинг тафсилотлари хусусида гапиришни унчалик ёқтирмас эдилар.
Дадамиз ва тенгдошларининг болалик ва ёшлик даври энг оғир шароитда
ўтган. Инқилоблару тўнтаришлар, фуқаролик уруши, ундан кейинги етишмовчиликлар,
30-йилларнинг қатағонию очарчиликлар – буларнинг ҳаммаси ана шу авлод вакиллари
бошига тушган синовлар эди. Шунча ғалваю қийинчиликлар етмагандек, бошланган
Иккинчи жаҳон уруши азиз юртимизга, барча оилаларга не кулфатлар олиб келмади?!
Ана шундай шароитда вояга етган дадамиз ўз падари бузрукворлари, яъни
бобом Ёрбобо абдуғани ўғли билан ишлаб, оилани тебратиш илинжида болаликдан
меҳнатга киришиб кетганлар. Косиблик, ҳалвогарлик қилган, қуруқ мева тайёрлаш
билан шуғулланган. Улар учун, бугун пафос билан ёзадиганлар тили билан
айтганда, меҳнат фронти дарсхона вазифасини бажарган. Болаликдан ҳаёт мактабини
ўтаган. Дарсхона ўрнига “меҳмонхона чангини ютган”. Бу ҳол дадамизнинг маънавий
дунёсига қандай таъсир қилганлиги ҳақида у кишининг ҳаёт йўлларига назар ташлаган ҳар
бир одамнинг ўзи хулоса чиқариши мумкин.
Оламдан ўтганларига 20 йилдан ошган бўлишига қармасдан дадамдек оддий
инсонни Сўзангарон маҳалла аҳли ҳанузгача яхши сўзлар билан хотирлайди. Ҳар гал
ўзим туғилиб ўсган ана шу маҳаллага борганимда, ўрта ёки катта ёшдаги собиқ
маҳалладошларимнинг дадам ҳақидаги илиқ, меҳр билан айтган гапларидан бошим
осмонга етади. Улар мени кўришлари биланоқ, дадам ҳақида гап бошлашади. Улар “сиз
ажойиб инсоннинг фарзандисиз. Раҳмат ака меҳнаткаш, тиниб-тинчимас, маҳалламиз
ташвишини дилларига яқин олган одам эдилар, маҳалламизга у кишининг катта
хизматлари синган” деганларида, фахрланиб кетаман.
Олтин тўй. 1987 йил |
Дарҳақиқат, яхши инсоннинг қилган ҳар қандай эзгулиги нафақат шу
одамнинг ўзига, балки унинг фарзанду набираларига ҳам раҳмат келтиради. Бунга
отам мисолида яна бир бора амин бўлиб турибман.
Отам деярил 40 йил давомида Самарқанднинг энг катта ва қадимий
маҳаллаларидан бўлган Сўзангарон маҳалласида оқсоқол ўринбосари вазифасида
фаолият юргизган. Оқсоқоллар ўзгарарди, аммо дадамиз тўй-маъракаларни ўтказишда
мутасаддилик қилиб, юзага келиб турадиган турли муаммо, жумладан, оилавий
жанжалларни ҳал қилишда бевосита иштирок этардилар. Тўй-маъракаларнинг бошидан
охиригача оёқда туриб, уйга баъзан оч ҳолда қайтардилар.
Ўша йилларни профессор Хуршед Самибоев шундай эслайди: “Мен 1981-1991
йилларда Сўзангарон маҳалла оқсоқоли эдим. Раҳмат ака билан биргаликда қатор
ишларни амалга оширдик. Маҳалламизда 13та турли иншоотлар барпо этдик.
Чойхонанинг янги биноси, нонвойхона, тўртта хонадан иборат милиция таянч пункти
шулар жумласидандир. Ана шу ва бошқа ишларни бажаришда Раҳмат ака бош-қош
эдилар. У киши кечаю кундуз тиним билмасди”.
У вақтларда тўй-маърака ҳам, оилавий можаролару уй-жой савдоси ҳам маҳалла
иштирокисиз ўтмасди. Ҳозир энди тўйнинг кунини қўшиқчи ёки ресторан белгилайди,
оиладаги гап маҳалладан ташқарига чиқиб кетади, қўшнингиз ҳовлисини кимга
сотгани янги оила кўчиб келгандан сўнг маълум бўлади. У пайтда маҳалла оқсоқоли
ва унинг ўринбосари маҳалладаги барча ишларга бош-қош эди.
Маҳалладошлар дадамизни эслаганда, айниқса у кишининг Хўжа Нисбатдор
масжидини таъмирланиши ва расман ишга тушиши йўлида қилган эзгу ишларини ҳурмат
билан тилга олишади. 1893 йилда қурилган ушбу масжид шўро замонида харобага
айланди. Ундан кўп йиллар давомида ўғит сақланадиган омборхона, сўнгра почта
бўлими сифатида фойдаланилган эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида масжиднинг
ҳужралари ва таҳоратхонаси мослаштирилиб, уруш бўлаётган жойлардан кўчирилган
оилаларга турар жой сифатида берилади.
Маҳалла фаолларининг давлат идораларига мурожаати ва амалий
саъй-ҳаракатлари билан Хўжа Нисбатдор масжиди таъмирланиб, 1991 йилнинг
апрелида намозхонлар учун расман очилади. Лекин олдинда қатор муаммолар турарди.
1991 йилнинг июл ойида Самарқандга ўша вақтда Ўрта Осиё ва Қозоқистон
мусулмонлари диний идорасиинг муфтийси вазифасида ишлаган шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф ташриф буюрганликларини эшитиб, отамиз икки нафар муйсафид билан
Шайх ҳазратлари ҳузурларига ошиқадилар. Дадам Ҳазратни янги очилган масжидга
таклиф қиладилар. У киши таклифни қабул қилиб, вилоят раҳбарлари ҳамроҳлигида
Хўжа Нисбатдор масжидига келади.
Масжид билан, у ерда амалга оширилган ишлар билан танишгач, Шайх
ҳазратлари қандай муаммо борлигини сўраганда, дадам масжиднинг ҳужралари ва
таҳоратхонасини бўшатиш учун у ерда яшаб келаётган оилаларга уй-жой ажратишда
ёрдам сўрайдилар. Ҳазрат ёнларида турган вилоят партия қўмитаси биринчи котиби
Пўлат Абдураҳмоновга ушбу масалани зудлик билан ҳал қилиш чорасин кўриш
зарурлигини таъкидлайдилар. Кўп ўтмай ҳалиги оилалар уй-жой билан таъминланади
ва уларнинг уйлари ўрнига бир нечта хона
ва таҳоратхона қурилади.
Отамиз иккинчи марта Шайх ҳазратлари билан 1993 йилда Тошкентда
учрашган. Хўжа Нисбатдор масжиди имом хатиби Қодир Болтаев Республика диний
назорат идорасида суҳбатдан ўтиб, тегишли гувоҳнома олиши керак бўлиб қолади.
Маҳалла фаоллари бу ишга ҳам отамизни мутасадди этиб тайинлашади. Уларни
Тошкентга олиб бориб, олиб келишни маҳалланинг диёнатли фуқароларидан бўлган
Толиб Холиқов ўз зиммасига олади. Ўша сафарни Толиб ака шундай эслайди:
- Биз Республика диний назорат идорасига бориб, имом хатиб шахсан шайх Муҳаммад
Содиқ Муҳаммад Юсуф суҳбатларидан ўтишини билдик. Ҳазратнинг иш хоналари олдида
анчагина одам қабул учун навбатда турарди. Бир вақт у кишининг ўзлари кириб
келдилар. Ҳамма ўрнидан туриб, саломлашди. Шайх ҳазратларининг кўзлари Раҳмат
бобога тушиши билан у кишига яқинлашиб, қўл бериб кўришдилар ва ичкарига таклиф
қилдилар. Биз хонага кирдик. Масала нимада эканлигини билгач, Қодир акага бир
нечта савол бердилар. Назаримда,
жавоблардан қониққан бўлишлари керак. Чунки ўша куни керакли ҳужжатлар
билан Тошкендан қайтган эдик.
Масжид ишга тушган биринчи кунидан бошлаб маҳалла аҳлининг қистови
билан дадамиз унда мутавалли вазифасида ишладилар. Масжиднинг барча хўжалик ва
молиявий ишларини мутавалли бошқариб боради. Хўжа Нисбатдор масжидида имом
хатиб бўлиб ишлаган Фазлихон Баёнов шундай дейди: “Раҳмат бобо қатор йиллар давомида мутавалли
вазифасида ишлаган бўлсалар-да, бир марта ҳам ўзларига тегишли ойлик маошини
олганлари йўқ. Масжиддан ҳеч нарса умидвор эмасликларини, аксинча, масжидга хайр-эҳсон
қилиб туриш зарурлигини уқтирардилар”.
Отамиз фақат тўғри сўз ва ҳалол яшашга таъват қилиш ва панду насиҳатлар
билан чекланмасдан, ўзлари ҳаётда ана шундай бўлишга, ўзгалар корига яраш учун
яшашга интилар эдилар. Бир воқеани мисол тариқасида келтирмоқчиман. Буни менга
тиббиёт фанлари доктори, профессор Матлуб Самибоев ҳикоя қилиб берган эди.
Олтин тўй. Маҳалла табриги |
М.Самибоевнинг оталари Ҳотам Самибоев давлат идораларида ишлаган жуда
доно ва обрўли кишилардан эди. Ана шу киши синаб кўриш мақсадида дадамга қоғозда
ўралган бир даста пулни бериб, уни вақтинча сақлаб туришни сўрайди. Маълум
муддат ўтгандан кейин Ҳотам бобо “керак бўлиб қолди” деб, омонатни қайтариб
олади. Уйга бориб, уни очиб кўргач, нафақат омонатлари тўласинча турганлигини,
балки пул ўзи берган банкнотлар эканлигига ишонч ҳосил қилади. Чунки банкнотлар
рақамини ёзиб қўйган экан.
Олтин тўйда набиралар табриги |
Отамиз Раҳматулла Ёрбобоев ва волидаи муҳтарамамиз Хуррамой
Содиқоваларнинг 1987 йилда нишонланган олтин тўйларида уларнинг ибратли ҳаёт
йўллари ҳақида кўпгина илиқ сўзлар айтилган эди. Ана шундай пайтда халқнинг
ҳурматига сазовор бўлган инсонлар фарзанди
эканлигингдан фахрланасан киши. Ота-онамиз биз, саккиз нафар фарзандни вояга
етказдилар, ўқиб, саводли бўлишимиз учун барча имкониятларни яратдилар. Бизнниг
нафақат билимли, шу билан бирга тўғри сўзли, ҳар ишда масъулият билан
ёндошадиган кишилар бўлишимиз йўлида бор куч ва маҳоратларини бахшида этдилар.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий