четверг, 16 марта 2017 г.

Газ идораси ходимининг мавқеи ва обрўсини кўтариш нималарга боғлиқ?

 Газ идораси назоратчиларининг асосий вазифаси нималардан иборат? Нима сабабдан улар аҳоли орасида ўз обрўсини йўқотди? Соҳа ходимларининг мавқеини кўтариш, уларга нисбатан аҳоли ишончини тиклаш учун нималар қилиш лозим? Бу ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб саволлар “Самақандшаҳаргаз” филиали ходимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда батафсил муҳокама этилди, уларга жўяли жавоб қидиришга ҳаракат қилинди.


“Самақандшаҳаргаз” филиали бошлиғи Акбар Баҳриев назоратчиларни бевосита истеъмолчиларга яқинлаштириш ва мижозларнинг ҳар бир муаммо бўйича узоқ масофани босиб, филиал идорасига келишдек оворагарчиликдан сақлаш мақсадида шаҳарда 10та ҳудудий бўлинма ташкил этилаётганлигини билдирди. У газ истеъмоли билан боғлиқ барча масалалар айнан шу жойнинг ўзида ҳал этилишини таъкидлади. Ушбу  мақсадни амалга ошириш учун шаҳар ҳокимлиги ҳар бир ҳудудда керакли бино ажратиб берган. Шу ернинг ўзида банк шохобчаси ҳам ташкил этилади. Энди истеъмолчи фойдаланган газ учун тўловни назоратчига эмас, балки турар жойига яқин бўлган банк шохобчасига топширади.   
 
“Бундан кейин назоратчи истеъмолчилардан фойдаланилган табиий газ учун пул йиғиш билан шуғулланмасдан, том маънодаги назоратни амалга оширади, – деди А.Баҳриев. – У мижозларнинг мавжуд қоидаларга қанчалик амал қилишаётганлигини, газ ҳисоблагич асбобининг тўғри ёки нотўғри ишлаётганлигини, унда ўрнатилган тамғанинг сақланиши ва бутлигини текшириш, истеъмол қилинган газнинг ҳақини вақтида тўлаб боришга чақириш каби қатор вазифаларни бажариши зарур”.

Назоратчи ҳар уч ойда бир марта амалга оширган назорати бўйича икки нусхада далолатнома тузиб, бир нусхасини истеъмолчига қолдириши керак. Далолатномада газ ҳисоблаш асбобининг кўрсткичи ҳам акс этилиши шарт. Ушбу ҳужжат газ таъминоти идораси ва истеъмолчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг бўғини сифатида муҳим аҳамиятга эга. Чунки унда истеъмолчи томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни тугатиш муддати кўрсатилади. Шундан кейин ҳеч ким истеъмолчига кўп ойлик ёки кўп йиллик қарздорлик ёхуд бошқа бир камчилик ҳақида даъво қила олмайди. Назоратчининг ҳар қандай талаби далолатнома тузилгандан кейинги, яъни уч ойдан ортиқ бўлмаган даврни ўз ичига олиши мумкин.

Йиғилишда сўзга чиққан “Ўзтрансгаз” АК масъул ходими Бахтиёр Пўлатов газ идораси ходими ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатнинг ҳозирги аҳволини таҳлил қилар экан, афсус билан шундай деди: “Айрим назоратчиларнинг ишга совуққонлик билан муносабатда бўлиб келганлиги, хизмат вазифасига фақат бойлик орттириш манбаи сифатида қараганлиги бутун бошли тизимнинг аҳоли ўртасида обрўси тушиб кетганлигига сабаб бўлди. Энди уни тиклаш осон кечмайди. Бунга кўп вақт ва куч талаб этилади”.

Корхонани адашиб ишга кириб қолган ходимлардан тозалаш, қонун талабларини бузган, жиноят йўлига кириб қолганларни аниқлаб тегишли органларга топшириш, ҳалол меҳнат қиладиганларни ишга жалб қилиш, ишчи-ходимлар маошини кўтариш, тизимда маънавий муҳитни яхшилаш яқин келажакда бажарилиши лозим бўлган вазифалар қаторида тилга олинди.

Бундан кейин газ идорасига ишга кирувчининг номзоди ҳар томонлама, жумладан, ички ишлар идоралари томонидан ҳам ўрганиладиган бўлди. Номзодни ишга қабул қилиш масаласи “Самақандшаҳаргаз” филиалида тузилган комиссия қарори билан ҳал этилади.
Йиғилишда Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Зариф Хўжаев сўзга чиқди. У жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида шаҳарда 220та жиноят содир этилганлиги ва шундан 45таси фирибгарлик жинояти эканлигини уқтирди. Унинг таъкидлашича, ушбу жиноятни содир этганлар орасида “Самақандшаҳаргаз” филиали ходими ҳам бор. Шаҳарнинг Обараҳмат ва Қирча маҳаллаларининг назоратчиси истеъмолчилардан пул териб олиб, унинг катта қисмини ўз эҳтиёжига ишлатган. У шу йўл билан 47та оилани алдаган. “Яқинда тергов ишлари тугатилиб, собиқ назоратчи қилмишига яраша жазосини олади”, – деди З.Хўжаев.
  
Йиғилишда “Самақандшаҳаргаз” филиалида ички тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ҳамда мижозлар билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириш масалалари батафсил муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Албатта, вилоят ва шаҳар газ идоралари янги раҳбарларининг жамоада соғлом муҳит яратиш борасида бошлаган ишлари таҳсинга лойиқ. Ишчи-ходимларнинг муомала маданияти, маънавий дунёсини ошириш орқали уларнинг ўз вазифасига, жумладан, истеъмолчиларга бўлган мунасбатини тубдан ўзгартириш зарурлиги аллақачон долзарб вазифага айланиб бўлган. Эндиликда аҳолини қийнаб келаётган нореал қарздорлик муаммоси ҳам ўз ечимини топганда эди, айни муддао бўларди.

Тошпўлат Раҳматуллаев


Сайт “Новости Узбекистана”, “Жамоатчилик” бўлим, 16.03.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий