Учинчи мақола
Жанубий Қозоғистон вилояти бўйлаб ўтказилган инфотур
натижасига кўра ёзилган иккита мақола газетамизнинг аввалги сонларида эълон
қилинган эди. Уларда вилоят маркази Шимкент шаҳри ҳақида ҳамда Туркистон
шаҳрига қилинган саёҳат хусусида сўз юритилган эди. Энди азиз ўқувчиларни
Тян-Шан тоғи этакларида жойлашган дам олиш масканлари билан таништириб, инфотурни
ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида гапириб ўтмоқчимиз.
Тоғли зонадан
туризм равнақи йўлида фойдаланиш имкониятлари
Биз, инфотур иштирокчилари, икки кун мобайнида
Жанубий Қозоғистоннинг тоғли Толеби туманида жойлашган дам олиш масканлари
ҳамда мамлакатнинг энг жанубий нуқтасидаги соғломлаштириш марказларида бўлдик.
Дастлаб “Алма-тау” тоғли курорт сари йўл олдик. Чимкентдан
чиқиб, ҳаммаси бўлиб 40 дақиқадан сўнг манзилга етиб бордик. Лекин шу қисқа
муддат ичида табиий шароит, атроф-муҳитда рўй берган ўзгаришлар шунчалик
сезиларли эдики, тез ўзгарувчан манзараларни кўриб, лол қолмаслик мумкин эмас
эди. Шаҳардан чиқиб, чўл ҳудудига кириб олдик, аста секинлик билан
микроавтобусимиз баландликка қараб кўтарила бошлади. Тезда қумлоқ текисликлар
ўрнини кўм-кўк тепаликлар эгаллади. Манзилга етиб келгач, у ернинг мафтункор
табиатидан ҳайратга тушдик.
Тўғри, тоғ ва тоғ олди ҳудудлар ўзимизнинг
Ўзбекистонда ҳам бисёр. Аммо қўшниларимизнинг катта маблағ сарфлаб, кенг
кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилганлиги диққатга сазовор. Ҳар қандай
талабчан меҳмоннинг эҳтиёжини қондиришга қодир шарт-шароит яратилганлигига
гувоҳ бўлдик.
“Алма-тау”да меҳмонхона, икки ва тўрт кишига
мўлжалланган коттежлар ҳамда иккита VIP коттеж мавжуд VIP коттежнинг бири 8
кишига, иккинчиси 12 кишига мўлжалланган. Уларнинг атрофи девор бил ўраб
олинган ва ҳар бирининг ичида тўлақонли ҳордиқ чиқариш учун ҳамма шароитлар
яратилган. Бу бир гуруҳ бўлиб келувчилар ёки биргаликда кичикроқ тантанали
тадбирни ўтказувчилар учун қулайдир.
Биз “Алма-тау”дан чиқиб, Каскасу дараси томон йўл
олдик. Дара номи билан “Каскасу” деб аталадиган ва денгиз сатҳидан 1900 метр
баландликда жойлашган экологик шаҳарча (Eco Villaje Kaskasu) билан танишдик. Ундаги
ёғочдан ва пишиқ ғиштдан ясалган уйлар, алоҳида юрталарда мароқли ҳордиқ
чиқариш учун барча шароит муҳайё этилган. Унинг катта ҳудудида оҳулар бемалол
сайр қилиб, одамларга ўрганиб қолганини, ҳатто қўлимиздан нон ейишининг гувоҳи
бўлдик.
“Каскасу” экологик шаҳарчаси билан танишгач, “Тау
самали” (“Тоғ шамоли”) деган соғломлаштириш мажмуасига йўл олдик. Шимкент
шаҳридан 45 км узоқликда, тоғ ён бағрида жойлашган ушбу масканда тоза ҳаводан
нафас олиб, мазмунли ҳордиқ чиқариш мумкин. Меҳмонхона ва коттежларга гап йўқ!
Тоғ дарасидан 20 метр баландликда узунлиги 165 метр бўлган осма кўприк сизни
тоққа олиб чиқади ва кўз олдингизда такрорланмас ажойиб манзара намоён
бўлади.
Ҳамроҳларим, кўпни кўрган, турли мамлакатлардаги
туризм масканлари билан таниш бўлган тажрибали туроператорлар диққатимни бир
нарсага тордишди. Улар “Алма-тау” билан “Тау самали”даги хизмат кўрсатиш
даражасини солиштириб, ўз хулосаларини шундай баён қилишди: “Ҳар иккали
масканни ташкил этганлар катта маблағ сарфлашган, меҳмонлар учун барча
қулайликлар яратишга ҳаракат қилишган. Аммо хизмат кўрсатиш даражасида кескин
фарқ бор. “Алма-тау”да бизни кутиб олганлар дид билан кийинган эди,
менежерининг ўзи бизни электромобилга ўтқазиб, экологик шаҳарчанинг ҳудуди,
унинг сайёҳларни қабул қилиш имконияти ва уларга яратилган шароит билан яхшилаб
таништирди. Барча саволларимизга батафсил жавоб қайтарди. “Тау самали”да эса ёш
ходимнинг ўзи мавжуд ҳолатдан яхши хабардор эмаслиги кўриниб турди. Айрим
саволларга тўлиқ жавоб ололмадик. Турист учун, айниқса хорижлик меҳмон учун
камчиликнинг катта ёки кичиги бўлмайди”.
Кечани “Тау самали”да ўтказиб, эрталаб Қозоғистоннинг
энг жанубий нуқтаси, Ўзбекистон чегараси томон “Сариагаш” (“Сариёғоч”)
соғломлаштириш мажмуасига йўл олдик. У Чимкентдан 135 км, Тошкентдан эса 18 км
узоқликда жойлашган. Бу ердаги минерал сув 1946 йилда очилган бўлиб, 1949 йилда
Тошкентдаги Семашко номидаги илмий тешириш институти олимлари томонидан таркиби
аниқланган. Айни пайтда 27 гектар майдонни эгаллаган санаротиянинг 674 ўриндан
иборат саккизта биноси мавжуд.
Сариагашдаги санаториялар ҳар бир кишининг имконияти
ва ҳамёнига қараб хизматлар таклиф эта олади. Масалан, замонавий бинода
жойлашган “Арай ДеЛюкс” санаторияси европа андозаларига мос бўлган хоналарга
эга. Бизни санатория билан таништирган масъул ходим шунга яраша бошқа хизматлар
ҳам юқори савияда амалга оширилиши уқтириб ўтди.
Кечқурун Шимкентга қайтиб, “Самарқанд” кафесида
овқатландик. Бу ерда нафақат ўзбек таомлари тайёрланар экан, балки кафе соҳиби
ҳам, ошпазлар ҳам самарқандликлар экан. Ҳаммаси ўзимизникидек, ҳатто
самарқандча чакка (тошкентчаси – сузма) ҳам бор экан...
Туристлар
оқимини кўпайтиришга хизмат қилаётган марказ
Мезбонларнинг бизга уқтиришларича, Қозоғистонда
туризмни ривожлантиришдан асосий мақсад юқори самарадорликка эга, рақобатбардош
замонавий туристик мажмуа ташкил этишдан иборат. Унинг негизида соҳани
иқтисодиётнинг алоҳида сектори сифатида ривожланиши, жаҳон туристик бозорига
интеграция бўлиши ва туризм йўналишидаги халқаро алоқаларни янада кенгайтириш
учун шароит яратилиши кўзда тутилган.
Жанубий Қозоғистонда туризмни тўрт йўналишда ташкил
этиш режаси ишлаб чиқилган. Булар – Каскасуда экотуризм, Сариагашда
даволаш-соғломлаштириш туризми, Шардарада пляж туризми, Туркистон ва Ўтрорда
тарихий-маданий туризм.
Қозоғистоннинг тарихий ёдгорликлари Туркистон,
Сайрам, Ўтрор каби бир қатор шаҳарларида жойлашган. Мамлакатнинг туризм бўйича
энг катта потенциали тарихий-маданий турзимга нисбатан унинг бошқа турларида
намоён бўлади десак, хато бўлмайди.
Ўзбекистонда тарихий обидалар, турли даврларда
яратилган ёдгорликлар бисёрлиги сабабли бизда кўп йиллар давомида туризмнинг
бошқа йўналишларини ривожлантириш учун эҳтиёж йўқдек эди. Ёдгорликларимиз кўп, улар
антиқа, уларни кўргани сайёҳлар келаверади, деган фикр устунлик қилаётган эди
назаримда. Шундай эмасми?
Тўри, кўришга арзигулик обидаларимиз бор. Лекин
уларнинг томошасига асосан ёши катталар келади ва боз устига қисқагина вақт
мобайнида кўрадию кетади. Сайёҳликнинг бошқа турлари эса кўпроқ ўрта ёшдаги
меҳмонларни ўзига жалб қилади ва улар фақат томоша учун эмас, ҳордиқ чиқариш
мақсадида ҳам ўзга юртларга боришади. Табиийки, бундай туристлар янги манзилда
бир неча кун меҳмон бўлиб, яхшигина миқдорда валюта қолдириб кеташади.
Айнан шу сабабли тарихий-маданий туризмни
кенгайтиришга имконияти чекланган мамлакатлар ёки уларнинг алоҳида вилоятлари туризмнинг
бошқа йўналишларини ривожлантириш учун интилишади. Шу сабабли ҳам Жанубий
Қозоғистон акимати қошида “Онтустик”
туристик маркази ташкил этилган бўлиб, унинг олдига ички туризмни
тараққий эттириш ва хориждан сайёҳларни жалб этиш вазифаси қўйилган.
Ушбу вазифани бажариш йўлида марказ Жанубий
Қозоғистоннинг туристик салоҳияти билан таништириш учун мамлакатнинг бошқа
вилоятлари ҳамда чет эллардан туроператорларни таклиф қилади, турли буклетлар
ва журнал чоп этади.
Бизнинг сафаримизга беш кун давомида ҳамроҳлик қилган
“Онтустик” туристик маркази менежери
Айша Юсупова ташкилот ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Қозоғистонда
бизнинг марказга ўхшаган тўртта туристик марказ фаолият юргизмоқда. Марказ
тижорат фаолияти билан шуғулланмайди. У туристик ташкилотлар ва
туроператорларни бир-бирига боғловчи халқа вазифасини бажаради. Туристик
маҳсулотларимизни сайтимизда жойлаштирганмиз. Call марказимиз кеча кундуз, яъни
24 соат ишлайди. Турист бизга мурожаат қилса, тегишли туроператорга жўнатамиз.
Марказимизда 18 нафар ходим ишлайди. Туркистон ва Сариагаш шаҳарларида
филиалларимиз бор. Яқинда Ўтрор шаҳрида ҳам филиал очамиз. Аэропорт ва темирйўл
вокзалида ахборот дўконларимиз ишлаб турибди.
Кўриниб турганидек, туристларни вилоятга жалб қилиш
учун ташкил этилган марказ ўз олдига қўйилган вазифаларни аниқ билади ва уларни
бажариш учун интилмоқда. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида туризмни
ривожлантириш давлат қўмитасининг минтақавий бўлимлари мавжуд. Улар ҳам ўз зиммасидаги
муҳим вазифаларни уддаламоқда. Аммо Қозоғизтондаги туристик марказнинг вертикал
бўйича раҳбари йўқ, у вилоят акимати (ҳокимлиги)га бўйсинади. Энг асосийси,
туристларни вилоятга жалб қилиш учун тадбирлар ўтказишга керакли маблағга
эга.
Биз ҳам мамлакатимиз учун фойдали бўлган хориж
тажрибасини ўргансак, улардан энг мақбулларини танлаб олсак, мақсадга мувофиқ
бўларди. Энг асосийси, шу йўл билан туризмнинг барча йўналишларда ривожлантириш
учун кенг имкониятлар яратиларди.
Тошпўлат
РАҲМАТУЛЛАЕВ
“Туризм” газетаси, №10, 25 май 2017 йил
Комментариев нет:
Отправить комментарий