четверг, 4 мая 2017 г.

Жанубий Қозоғистон туристларни чорлайди

Биринчи мақола



Жанубий Қозоғистон вилояти бўйлаб 25-29 апрель кунлари ўтказилган инфотурда Ўзбекистон, Хитой, Қирғизистон ҳамда мезбон мамлакатнинг Остона ва Алмати шаҳарларидан келган сайёҳлик ташкилотлари иштирок этди. Унда Ўзбекистондан олтида туристик компания раҳбарлари қатнашди.

Инфотур Шимкент шаҳрида Жанубий Қозоғистон акимати (акимат Қозоғистонда ижроия ҳокимиятининг ҳудудий органи ҳисобланади) қошидаги “Онтустик” (бу қозоқча сўз “жанубий” маъносига эга) туристик маркази номи остида фаолият юргизаётган коммунал давлат муассасаси томонидан ташкил этилди. Ушбу тадбир қўшни мамлакатлардаги туристик компаниялар туроператорларини Қозоғистоннинг туризм бўйича мавжуд салоҳияти билан таништириш орқали бу ерга келадиган сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида ташкил этилди. Шу сабабли мезбонлар меҳмонларга Жанубий Қозоғистоннинг сайёҳларни ўзига жалб эта оладиган объектларни кўрсатишга ҳаракат қилишди. Булар кўп асрлик тарихга эга бўлган меъморий обидалар, Тян-Шан тоғи этакларида жойлашган дам олиш масканлари, мамлакатнинг энг жанубий нуқтасидаги соғломлаштириш марказлари каби диққатга сазовор жойларни ўз ичига олди.
Беш кун давомидаги саёҳатимиз ва учрашувларимиз ҳақида ҳикоя қилиб  бериш орқали азиз юртдошларимизни Жанубий Қозоғистоннинг кўришга, томоша қилишга  арзийдиган жойлари билан таништириш ҳамда уларга бу ерда мириқиб ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар мавжудлигини намойиш этишдир. Ушбу имкониятлар, қисқача қилиб айтганда, қуйидагиларни ўз ичига олади: масофанинг яқинлиги; бориб қайтиш учун нисбатан кўп вақт ва маблағ талаб этилмаслиги; хизмат кўрсатиш юқори даражада эканлиги; туризмнинг турли йўналишлари бўйича турларнинг мавжудлиги; ҳар бир сайёҳ  хоҳиши ва имкониятига қараб хизмат турини танлаши мумкинлиги; Шимкентдаги меҳмонхоналарнинг нархи баланд эмаслиги ва бошқалар.
Энди ана шулар ҳақида батафсилроқ маълумот бериб ўтсак.

Йўл азоби ... ранж эмас

Йўл азоби ҳақидаги ҳаммага маълум мақолни бироз ўзгартирганимнинг сабаби бор. Дарҳақиқат, кўзлаган манзилингизга етиб бориш ва у ердан қайтишнинг ташвишини сафар қилган одам яхши билади. Айниқса, хорижга чиқиш керак бўлганда, чегарагача бориш ёки аэропорту темирйўл вокзалларида кутиш, бошқа давлат ҳудудига ўтиш учун божхона ва чегара постларидан ўтиш, меҳмонхонагача етиб бориш ва қайтишда яна шунча ташвишларни бошдан кечириш одамни чарчатиб қўйиши аниқ. Аммо доноларимиз айтгандай “жон куйдирмасанг, жонона қайда”?!
Яъни хизмат сафари бўладими, ҳордиқ ёки табобат учун йўлга чиқдингизми, дўстлар, қариндошлар билан учрашувга йўл олдингизми, булардан қатъий назар йўл азоби тезда унутилади, уни ранж сифатида қабул қилиб бўлмайди. Хусусан, мамлакатлар ўртасида алоқалар мустаҳкамланиб бораётган, туризмни ривожлантириш қанчалик фойдали эканлигини барча давлатлар англаб етган ҳозирги вақтда манзилга етиб бориш ва у ердан қайтиш анча соддалишиб ва енгиллашиб бораётганлигини таъкидлаш жоиз. Буни Қозоқистонга қилган сафаримиз мисолида кўрсатиб ўтамиз.
“Онтустик” туристик маркази таклифига биноан Самарқанддан тўрт киши кундуз соат учларда таксида йўлга чиқдик. “Azimut Samarkand travel” компанияси раҳбари Азамат Эсанов,  “Tourism and Leisure” МЧЖ раиси Фероз Холматов, “Туризм” газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Дилшод Худойқулов ва камина тўрт соатга яқин йўл юриб, Қозоқистон чегарасига етиб келдик. Кўпчилик учун “Черняевка” бўлиб келаётган чегара пости Ўзбекистон томонидан расман “Ғишткўприк”, қўшни давлат томонидан “Жипак жоли” деб аталади. Бу анча катта пост бўлиб, ҳар куни ўн минглаб кишилар икки томонга қараб ҳаракат қилади. Авваллари бу ердан ўтиш машаққатлари ҳақида кўп эшитган эдим. Бир қатор сайёҳлар бу ҳақда батафсил ёзишган эди. Аммо эндиликда чегарадан ўтиш анча енгиллашибди. Биз бир соатга етмасдан Шимкентга борадиган таксида ўтириб олган эдик.
Кечки пайт бўлаганлиги учун чегара постида одам ниҳоятда кўп эди. Шунга қарамасдан, божхона декларациясини тўлдириб, божхона ва чегара назоратидан ўтиб, қўшни мамлакат ҳудудига кириб олдик. Чегара назоратидан ўтиш учун бир муддат кутишга тўғри келди. Постнинг катталигини тасаввур қилиш учун битта рақам келтирмоқчиман. У ерда 24та назоратдан ўтказиш хонаси мавжуд экан. Ўша куни уларнинг ҳаммаси ишламаётган бўлса-да, чегарадан ўтиш илинжида бўлган одамларнинг катта оқими тезлик билан камайиб бораверди. 20 дақиқа деганда биз ҳам Жанубий Қозоғистон ҳудудига кирдик. Соат кечки саккизадан озгина ўтган эди. Маҳаллий вақт билан эса соат тўққиздан ошган эди. Демак, Самарқанддан шу ергача беш соат йўл босибмиз.

Шимкент – “Яшил шаҳар” туризмни ривожлантириш йўлида

Жипак жоли постидан Шимкентгача 120 километр экан. Жуда кўп таксилар манзилга етказиш учун тайёр туришарди. Такси эгалари билан савдолашдик. Улардан бири қўнишимиз лозим бўлган “Қайнар” меҳмонхонасигача саккиз минг танга (бир АҚШ доллари = 313 танга) эвазига олиб боришга рози бўлди. Ҳайдовчи бизнинг “сизларда такси қиммат экан”, деган сўзларимизга жавобан “кундуз куни бўлганда, арзонроқ нархда олиб боришим мумкин эди, аммо кечаси орқага бўш қайтишимга тўғри келади”, деб вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди.
Бир ярим соат деганда биз манзилга етиб бордик. Кеч бўлишига қарамасдан, меҳмохонада бизни “Онтустик” туристик маркази менежери Айша Юсупова кутиб олди. У овқатланиб, дам олишимизни ва эрталаб нонуштадан сўнг узоқ сафарга чиқишимизни маълум қилди.
Жанубий Қозоғистон вилояти маркази бўлмиш Шимкент шаҳри 1992 йилгача Чимкент деб аталиб келинган. Қозоқчадаги “шим” ўзбек тилида “чим” маъносини беради. Шимкент – “Чим шаҳар”, яъни яшил шаҳар дегани.
Шимкент Қозоғистоннинг қадимий шаҳарларидан биридир. У ёзма манбаларда биринчи марта Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темур юришлари муносабати билан тилга олинган. Аммо шаҳар ундан анча олдин вужудга келганлиги ҳақида тарихий ва археологик манбалар мавжуд. 2013 йилда шаҳарга учта қишлоқ тумани ҳудудлари қўшилганлиги муносабати билан у анча кенгайиб, аҳолисининг сони ҳам ошган ва 900 минг кишига етган. Бу ерда турли  миллат вакиллари, жумладан ўзбеклар истиқомат қилади. Улар аҳоли умумий сонининг 19 фоизини ташкил этади.
Шимкентда турист учун барча шароит муҳайё этилган: томоша қилишга арзигулик жойлар, ҳордиқ чиқариш масканлари, маданият ва санъат ихлосмандлари учун марказлар, шунингдек, цирк, дендропарк, ҳайвонот боғи, бир нечта истироҳат боғлари мавжуд. Бу ерда экотуризм ва тоғ туризми ривожланган, шунингдек, балиқ овлаш ва ов билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Шаҳарнинг катталигини билдирувчи битта рақамни келтирмоқчиман. Унда 1964та кўча бор.  
Шаҳарда 33та катта ва кичик бозор, 7200та дўкон, жумладан, бир қатор супермаркет ва гипермаркетлар мавжуд.
Қозоқистондаги энг баланд ёдгорлик Шимкентда ўрнатилган. Бу Байдибек бий ҳайкали бўлиб, унинг баландлиги 10 метрни ташкил этади. Ҳайкал орқасида жойлашган 42 гектардан иборат майдон келажакда маҳаллий аҳоли ва меҳмонларни ўзига жалб қиладиган этнотарихий музейга айлантирилади.
Шимкентда туристларни қабул қилиш учун, уларга юқори савияда хизмат кўрсатишга тайёр бўлган меҳмонхоналар талайгина. Ҳар бир меҳмон ўз диди ва ҳамёнининг имкониятига қараб турар жойини танлаб олиши мумкин. Биз тўртта тўрт юлдузли меҳмонхонада бўлиб, уларнинг шароити ва нарх-навоси билан яқиндан танишдик. Булар – биз турган “Қайнар”дан ташқари “Шимкент”, “Мегаполис” ва “Канвас Шимкент” меҳмонхоналаридир.
 Шуниси диққатга сазоворки, юқори савияли хизмат кўрсатилишига қарамасдан, меҳмонхоналарнинг нархи нисбатан баланд эмас. Масалан, “Шимкент” меҳмонхонасида 9 минг тангадан 20 минг тангагача  турадиган номерлар бор. Агар Deluxe туридага номер бир киши учун 13 минг танга турса, икки киши учун нархи 16 минг тангани ташкил этади.   
Шимкентни келажакда тараққий эттиришга қаратилган қатор лойиҳалар мавжуд. Жумладан, 2020 йилгача шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги концепцияси ишлаб чиқилган.
Беш йилдан кейин ҳозирги “Турон” микрорайони ўрнида 428 гектардан иборат “шаҳар ичидаги шаҳар” пайдо бўлади. “Shymkent-city” деб аталадиган ушбу шаҳарчада 55 минг киши яшайди. Улар учун барча шароит яратилади ва у келажакдаги “ақлли”, хавфсиз ва ҳаёт кечириш учун қулай Шимкентнинг асосига айланади.    
Шунингдек, Қозоқистондаги енг йирик савдо-кўнгилочар маркази “Shymkent mall” ташкил этилади. У 38 гектар майдонни эгаллаб, тўрт минг киши ишлайдиган савдо нуқталари, аквопарк, болалар истироҳат боғи ва бошқа кўплаб объектларни ўз ичига олади.
Шимкентликлар фахр билан тилга оладиган ҳолатлар мавжуд. Улардан бири шаҳарнинг 2011 йилда Халқаро йирик шаҳарлар ва пойтахтлар ассамблеяси томонидан “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши шаҳар” деб тан олинишидир. Иккинчиси эса Президент Нурсултон Назарбоевнинг қуйидаги сўзларидир: “Ҳаёт инсонга бир марта берилади, уни Шимкентда ўтказиш лозим”.  
Бизга айтишларича, кейинги пайтларда шаҳар маъмурияти Шимкентнинг туристик брендини яратиш учун бир неча йўналишда фаолият олиб бормоқда. Улардан бири бевосита “Онтустик” туристик маркази фаолияти билан боғлиқ. Бу ҳақда келгуси мақолаларда батафсил сўз юритамиз.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ



Комментариев нет:

Отправить комментарий