вторник, 23 мая 2017 г.

Туркистон шаҳрининг мақбаралари – Қозоғистон гавҳари

Иккинч мақола







Газетамизнинг 7-сонида “Жанубий Қозоғистон туристларни чорлайди” сарлавҳаси остида биринчи мақола эълон қилинган эди. Унда мамлакатимиздан бир гуруҳ сайёҳлик фирмаларнинг вакиллари қўшни мамлакатга қилган сафари хусусида сўз юритилган эди. Ушбу иккинчи мақоламиз Туркистон шаҳрига қилган саёҳатимиз хусусида.

Жанубий Қозоғистон вилояти маркази Чимкентдан мамлакатнинг қадимий ва тарихи бой шаҳарларидан бири бўлган Туркистонгача 170 км йўл босдик. Йўл жуда текис ва равон эди. Айтишларича, бу Тошкент-Шимкент-Туркистон-Самара халқаро автомобиль йўли экан. Йўлда бизга Туркистон шаҳрининг “Турон-саёҳат” фирмасининг менежери Талгат Минбаев ҳамроҳлик қилди. У йўлбошловчи сифатида бутун сафар давомида Жанубий Қозоғистоннинг бой тарихи, меъморий обидалари ва улар билан боғлиқ ривоятлар ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига қараганда, асли касби қурувчи бўлган йигитга анча йиллар аввал ёши каттароқ бир таниши “шундай касбни танлагинки, у сенга ҳам ишлашга ва ҳам ҳордиқ чиқаришга имкон берсин”, деган экан. “Мен кўп ўйлаб, охири туроператорлик касбини танладим. Адашмаган эканман: ишлаб, дам оляпман”.
Талгатнинг сўзларини эшитиб ўтирган эдим. Бир вақт кўзим узоқдаги “Тамерлан” деган ёзувга тушди. Шунда Қозоғистонда ана шу номдаги шаҳарча борлигини эсладим. Шу йилнинг апрель ойида Амир Темур таваллуд куни арафасида Самарқандда Жанубий Қозоғистон вилояти ўзбек миллий маданият маркази вакиллари иштирокида катта тадбир бўлиб ўтган эди. Меҳмонлар Соҳибқироннинг Қозоғистондаги обрў-эътибори ҳақида тўлқинланиб гапирган эдилар. Ўшанда Тамерлан шаҳарчаси ҳақида ҳам сўз юритилган эди. Сафаримиз дастурида бу жойда тўхтаб ўтиш назарга тутилмаганлиги боис, фақат кўрганларимни суратга туширдим, холос.
Йўлбошловчимизнинг ҳикояларини тинглаб, ўзаро суҳбат қилиб, қандай қилиб Туркистон шаҳрига етиб келганлигимизни билмай қолдик. Бу шаҳарни кўришни кўпдан бери орзу қилардим. Унинг ҳақида талабалик пайтимдаёқ эшитган эдим. Домлаларимиз СамДУда фаолият юргизаётган олимлар орасида туркистонликлар борлигини ва Жанубий Қозоғистондаги бу шаҳар азалдан илм-маърифат маркази эканлигини айтишган эди.
Ҳозирги Туркистон яқинидаги катта марказ илк ўрта асрларда Шавгар деган шаҳар бўлган. У XII арда тушкунликка учрагандан сўнг тарихий манбаларда тилга олинмай қўйилади. Унинг ўрнида Ясси шаҳриниг мавқеи ортиб боради ва у XVI асрга келиб, Туркистон номини олган. Шаҳар Қозоқ хонлигининг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази сифатида мамлакат тарихида муҳим ўрин тутган. У Буюк ипак  йўлида ўзига хос нуфузга эга корвонлар қўним топадиган манзил ҳам бўлган.
Туркистон шаҳрининг рамзига айланган, унинг шуҳратини оламга янада кенг ёйишга хизмат қилаётган, бу ерга зиёратчилар ва сайёҳлар оқимининг кўпайишига сабаб бўлган ёдгорлик – бу Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасидир. Мақбара Ҳазрати Султон музей-қўриқхонаси таркибига киради. Давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонасининг ўзи 1989 йилда Хўжа Аҳмад Яссавий ёдгорлик мажмуаси асосида ташкил этилган бўлиб,  88 гектардан ортиқроқ майдонни эгаллайди ҳамда турли даврларда бунёд этилган бир қатор обидаларни ўз ичига олади.
Ана шундай обидалардан энг кўзга кўрингани ҳисобланмиш Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси Қозоғистоннинг тарихий ёдгорликларидан биринчи бўлиб 1983 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган эди. Мақбара нафақат Қозоғистон, балки бутун Ислом дунёсида катта эътиборга эга. Унинг зиёратига ҳар йил турли мамлакатлардан ўн минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Бу бежиз эмас, албатта.
Илк турк мутасаввифи, яссавийлик тариқатининг асосчиси, орифона шеърият бошловчиси бўлган Хожа Аҳмад Яссавий XI асрнинг сўнгида Туркистоннинг Ясси (айрим манбаларда Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим оиласида туғилган. Шайх Арслон боб унинг биринчи устози бўлган. Унинг ўзи бу ҳақда «Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим...» дейди. Арслон боб кўрсатмаси билан Яссавий ўша вақта Мовароуннаҳрнинг илму маърифат марказларидан бўлган Бухорога боради. Даврнинг энг пешқадам олими ва суфийси Шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушади.
Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Замонасининг машҳур сўфийлари, жумладан, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлади.
Яссавий Яссига қайтиб, янги тариқатга асос солади. Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга етганида, ер остида ҳужра ясатиб, «чилла»га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Олтмиш учда ер остига кирдим мано».
Яссавийнинг “Девони ҳикмат”и асрлар давомида эзгуликни тарғиб қилиб келаётган  китоб сифатида туркийзабон халқларнинг севимли асари бўлиб қолмоқда. Асарни чуқур ўрганган олимлар ундаги ҳикматлар маъно ва моҳият эътибори билан Қуръони карим ва Муҳаммад Алайҳиссалом ҳадисларига чуқур боғланганлигини таъкидлаб келишади. Бежиз Алишер Навоий Яссавийни «Туркистон мулкининг улуғ Шайх-ул-машойихи» деб таърифламаган эди.
Хожа Аҳмад Яссавий моддий бойлик, мансабга умуман бефарқ бўлган. У тўрт кунлик бу дунёда бойликка ружу қўйиш номақбул иш эканлигини қуйидагича ифодалайди:
Бешак билинг бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмағил молингга, бир кун қўлдан кеторо,
Ото, оно, қариндош қаён кетди, фикр қил,
Тўрт оёқлик чўбин от бир кун санго еторо.

Ана шундай улуғ инсонга хизмат қилиш йўлида камарбаста бўлган Соҳибқирон Амир Темур Хожа Аҳмад Яссавийга атаб катта мақбара қуришга жазм қилади. Қурилиш ишлари 1399 йилда бошланади. Айрим манбаларда бўлажак мақбара лойиҳасини яратишда Соҳибқироннинг ўзи қатнашганлиги, уни қуриш давомида усталарга кўрсатмалар берганлиги қайд этилган.Амир Темур вафотидан сўнг мақбара пештоқининг қурилиши чала қолади.
Мақбара қурилиши билан боғлиқ қизиқарли бир ривоят мавжуд. Унда айтилишича, қурилиш ишлари бошланиши билан ҳар куни кечаси кучли бўрон (айрим манбаларда – кўк буқа) иморатни бузиб ташлаган. Бунинг сиру синоатини ҳеч кем англаб етмаган. Бир кеча Амир Темур тушида бир авлиёни кўради. Авлиё аввал Яссавийнинг устози Арслон боб қабрини обод қилиш кераклигини айтади. Бу маслаҳатга амал қилиб, Соҳибқирон Арслон боб қабри устида мақбара қурдиргандан кейин Яссидаги ишини бемалол давом эттиради. 
Яссавий мақбарасини зиёрат қилиб, кўпчилигимиз у кишининг 63 ёшидан кейинги ҳаёти ҳақида ноаниқ маълумотга эга эканлигимизга иқрор бўлдим. Камина ҳам шу вақтгача пайғамбар ёшига еткач, Яссавий тарки дунё қилиб, қолган умрини чиллахонада ўтказган деб ўйлардим. Тўғри, у бошқа ер юзига чиқмаган дейишади. Аммо ер ости деганда, кўз олдимизга кичкина ертўла келмаслиги керак. Ер остида 18та хона қурилган экан. Масжид, ошхона, ўқиш ва ўқитиш учун алоҳида хоналар бўлган. Демак, ер остида, тоат-ибодат қилиш учун, ўқиб ўрганиш учун барча шароит яратилган.
Аҳмад Яссавий зиёратгоҳидаги кўзга кўринарли ёдгорлик оғирлиги икки тонна, диаметри икки ярим метрли дошқозон бўлиб, уни Амир Темур ясаттирган. Қозон етти хил металл қотишмасидан тайёрланган ва уни қуйиш учун Эрондан уста Абдулазиз Табризий чақирилган. Эронлик уста қозонни 1393–1399 йиллари – олти йил мобайнида тайёрлаган. Дошқозон анча вақт мобайнида ўз ўрнини йўқотган эди. У 1935 йилда кўргазмага намойиш этиш учун Ленинграднинг Эрмитажига олиб борилади ва шу бўйича қайтарилмайди. Фақат кўп йиллик уринишлару ёзишмалар натижасида қозон 1989 йилда Туркистонга қайтади.
Ҳазрати Султон музей-қўриқхонаси таркибига кирадиган яна бир ёдгорлик борки, у Ўзбекистон ва Самарқанд номи билан бевосита боғлиқдир. Бу ҳам бўлса Мирзо Улуғбекнинг қизи Робиа Султон бегим мақбарасидир. Улуғ олимнинг қизи Қозоғистон саҳросида йирик марказлашган давлат ташкил этган ва уни 40 йил давомида бошқарган шайбонийлардан бўлган Абулхайрхонга 1450 йилда турмушга узатилган эди. Робиа Султон бегим 1485 йилда вафот этади ва унга атаб қурилган мақбарага кўмилади. Мақбара бешта бинодан иборат. Унинг тарҳи 8 қиррали, бош тарзидаги пештоқ бўрттириб ишланган. Ички қисми ҳам 8 қиррали, унинг ҳар бир қирраси равоқли токчаларга бўлинган. 1898 йилда мақбара бутунлай бузиб ташланган эди. 1972-1975 йилларда қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Ҳазрати Султон музей-қўриқхонасини зиёрат қилиб бўлгач, йўлга чиқдик. Орқада қайтаётиб бир вақтлар Жанубий Қазоғистоннинг гуллаб-яшнаган шаҳарларидан бўлган Савранни кўриб ўтдик. У ҳозирги вақтда харобага айланган. Бу ерда XIII-XVIII асрларда ҳаёт қайнаган. Кейинчалик сув манбаи ўз ўзанини ўзгартиргани оқибатида одамлар уни ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Араб сайёҳи Мақдуси Савран еттита девар билан ўраб олинган катта шаҳар эканлигини ва шаҳар ичида жума масжиди бўлганлигини таъкидлайди.
Савран чўлу биёбон ўртасидаги кучли қалъа бўлган. Амир Темур ундан Олтин Ўртага қарши курашда фойдаланган. Йўлбошчимиз Талгат фахр билан ушбу шаҳар бирор марта душман томонидан ишғол қилинмаган деди.
Шундай қилиб, бир кунлик саёҳатимиз охирига етди. Катта таассурот билан Чимкентга қайтдик. Эртаси куни Қозоғистоннинг жанубидаги тоғ ён бағрларида ташкил этилган оромгоҳлар ва дам олиш уйлари билан танишишимиз режалаштирилган эди. Бу ҳақда келгуси мақолада сўз юритилади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ  

“Туризм” газетаси, №9, 18 май 2017 йил



Комментариев нет:

Отправить комментарий