пятница, 19 мая 2017 г.

Самарқандда 126 нафар имконияти чекланган коллеж битирувчиси иш билан таъминланади



Самарқандда 16 майда бошланиб, 20 майгача давом этадиган ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Энг яхши мутахассис” ва “Энг яхши бизнес лойиҳа” кўрик-танлови иштирокчилари орасида имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежининг 126 нафар ўқувчиси ҳам бор.

Самарқанд тумани маркази Гулобод қўрғонида жойлашган ушбу коллежнинг касбий таълим бўйича директор ўринбосари Қаҳрамон Назаровнинг сўзларига қараганда, ўқув юртида Ўзбекистоннинг саккизта вилоятидан келган 265 нафар енгил даражадаги ақли заиф, ҳаракат таянч аъзоларида нуқсони бўлган ҳамда кар-соқов ўқувчи таҳсил олади. Улар 10 йиллик махсус мактабни битиргач, коллежда икки йил ўқиб, касб ўрганишади. Коллежда тўртта йўналиш бўйича таълим берилади. Булар -  пойабзал иши, тикувчилик ишлаб чиқариш, маиший хизмат ва уй-рўзғор асбобларини таъмирлаш устаси, дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари устаси.  

“Ҳар йили битирувчиларимизни иш билан таъминлаш борасида керакли йўналишда ишлар олиб борамиз. Ўтган йилги битиручилар коллежда олган ихтисоси бўйича ишламоқда. Улардан айримлари ҳатто ўз ишини очиб, хусусий тадбиркор сифатида фаолият юргизмоқда”, - дейди Қ.Назаров.

Кўрик-танловнинг иккинчи куни бу ерга ташриф буюрган вилоят ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев бошчилигидаги туман ва шаҳар ҳокимлари, корхоналар раҳбарларидан иборат гуруҳ коллеж ўқувчиларининг ишлари билан ҳам танишди. Катталарнинг эътиборидан хурсанд бўлган битирувчилар ўз ишлари – пойабзал таъмирлашга зўр бериб киришиб кетишди.

Умуман олганда, вилоятнинг 160та касб-ҳунар коллежида 112 мутахассислик бўйича 53 минг нафардан кўпроқ ёшлар битиради. Улардан 26 минг нафардан кўпроғини қизлар ташкил этади. Шуниси диққатга сазоворки, битирувчиларнинг деярли 98 фоизи корхона ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномалар тузган.

Кўрик-танловнинг тантанали қисмида сўзга чиққан Ҳ.Оқбўтаев тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган битирувчиларга Марказий банк ва тижорат банклари томонидан 2017 йилда 50 млрд.сўм ажратиш мўлжалланганлигини таъкидлади. Битирувчилардан деярли тўрт минг кишининг рўйхати тузилиб, банкларга тақдим этилган. Эътиборли томони шундаки, ҳали коллежни тугатмасдан туриб, 293 нафар битируви банклардан 2 млрд. 681 млн. сўм кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азизбек Насимов бундай тадбир Самарқандда иккинчи марта ўтказилаётганлигини ва у битирувчиларни иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутаётганлигини уқтирди. Унинг таъкидлашича, иш берувчилар битирувчиларнинг касбий маҳоратига баҳо бериш ва ўзларига керакли ихтисос соҳибини танлаш имкониятидан фойдаланишади. Шу ернинг ўзида тўрт томонлама шартнома имзоланади.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Муаллиф туширган суратлар

Комментариев нет:

Отправить комментарий