вторник, 23 мая 2017 г.

Гўшт нега қимматлашди?

Самарқандда кўплаб қассобхоналарда мол ва қўй гўшти 28-30 минг сўмдан сотилмоқда, суяксиз лаҳм гўштнинг бир килоси 34 минг сўмга чиқди. Korzinka.uz супермаркетида бир килограмм гўштнинг нархи 32.500 сўмдан 40 минг сўмгача баҳоланмоқда.

Kun.uz сайти мақоламни таржима қилиб, жойлаштирибди. 

Гўшт нархи кўпчилик учун кутилмаган тарзда ошди, чунки 2014 йилдан бери амалда унинг нархи ўзгармасдан келаётган — гўшт шаҳарда 24–26 минг сўмдан сотилаётган эди. Бунгача гўшт нархидаги ўзгаришлар тез-тез содир бўлиб турарди. Таққослаш учун 2010 йилдан буён гўшт нархида содир бўлган ўзгаришларни келтираман. 2010 йилнинг ноябри: бир кило гўшт 9.000 сўм, 2011 йил декабри – 15.000 сўм, 2014 йил феврали – 22.000 сўм, 2014 йил июни – 26.000 сўм. Сўнгги йилларда Самарқандда мол ва қўй гўшти нархи деярли бир хил бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Гўштдек кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулоти нархининг кескин ошганлиги маҳаллий ҳокимиятни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўтган ҳафта ўрталарида шаҳар ҳокимлиги Самарқанддаги 70га яқин қассобхона соҳиблари ҳамда барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини чақириб, юзага келган вазиятни синчиклаб ўрганиб чиқди. Қассобларга мол гўшти килосининг 24 минг сўмдан оширмаслик тавсия этилди.

«Мол бозорда молларнинг нархи ошган бўлса, сўйилган гўшт ўзимизга 26 минг сўмдан тушаётган бўлса нима қилишимиз керак?», — дейди таниш қассоб.

Унинг сўзларига кўра, у ўз ёрдамчилари билан молнинг эгаси хонадонига бориб, ҳўкизни ўша ерда сўйиб, гўштини тарозида тортиб олиб, 26 минг сўмдан пулини нақд санаб берар экан. Молнинг қолган ҳамма нарсаси — калласи, туёқлари, териси, чарвиси, жигарини қассоб текин олади. Энди қассобнинг сўйилган бир ҳўкиздан оладиган фойдасини ҳисоблаб топиш мумкин. Агар молнинг соф оғирлиги 250 килограмм бўлса, гўштини 30 мингдан сотиб, қассоб 1 млн. 200 минг тушумга эга бўлади. Агар бунга у бепул қўлга киритган қисмлари ҳам қўшилса, унинг даромади 1,5 млн. сўмдан кам бўлмайди. Бу бир кундаги даромад, чунки таниш қассобим бир кунда битта молнинг гўштини ўтказади. Билгичларнинг айтишича, бир йил мобайнида ҳўкиз боққан, парваришлаган фермер бундай даромад қила олмайди.

Энди гўштнинг қимматлашгани муаммосига бошқа тарафдан ёндашайлик. Нега молларнинг нархи ошди? Мен бу саволни кўп йиллардан бери мол боқадиган танишларимга бериб кўрдим. Уларнинг айтишича, токи ем муаммоси ҳал бўлмас, фермерлар арзонроқ ва сифатли ем билан таъминланмас экан, соҳанинг ривожланиши ҳақида гапириш ўринсиз. Бу муаммо кечиктирилмасдан давлат миқёсида ҳал қилинмоғи лозим. Биринчи навбатда, ем-ҳашак учун ер майдонларини кенгайтириш керак. Албатта, бунинг учун маълум бир вақт талаб қилинади, ҳозирча талабни эътиборга олиб, турли хил емларни импорт қилиш керак.

Хуллас, мутахассислар бир фикрда якдил: фақатгина ем базасини мустахкамлаб, комбикорм, шрот, кунжара нархини пасайтириб, керак бўлса, ҳайвонлар учун емни импорт қилиб, гўшт таннархининг пасайишига эришиш мумкин.

Шу сабабли маҳаллий ҳокимиятнинг яхши ниятда, жамиятда ижтимоий тарангликни сусайтириш учун, маъмурий тартибда гўшт нархини пасайтиришга бўлган уриниши исталган натижаларга олиб келмаслиги тайин. Бозор иқтисодиёти шароитида маъмурий босим ўтказиш эмас, нархларни тартибга солишнинг бошқа механизмидан фойдаланиш керак.

Илгари ҳам Самарқанднинг маҳаллий ҳокимият органлари бир неча бор гўшт нархини тартибга солишга уринишган. Лекин бундай ёндашув керакли натижага олиб келмаган. Аксинча, қассобхоналар бир неча кунга ёпилиб, супермаркетларда гўшт расталари бўшаб қолган. Фақатгина бир неча қассобларгина қўрқа-писа нарх «тартибга солингунга» қадар сотилган нархдан бироз баландроқ сота бошлашган. 

Ўтмишдаги сабоқлар дарс бўлишига ишонгинг келади.

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий