пятница, 2 февраля 2018 г.

90 ёшида ҳам тиниб-тинчимаган профессор Самарқандда яшайди

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳром Вафоқулов ўзининг 90 ёшида ҳам ёшларга, атрофдагиларга ибрат бўлиб келмоқда. Умрини мазмунли ўтказишга ўрганиб қолган домла айни пайтда Самарқандда жойлашган “Вакцина” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини бошқариб келмоқда ва фармацевтикамиз учун доривор ўсимликлар хомашёсини етказиб бериш учун жонбозлик кўрсатмоқда.


Табиийки, профессор Вафоқуловга ўхшаб деярли 70 йил самарали меҳнат фаолиятини олиб борган баракали инсон ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин биз фақат у кишининг кейинги йилларда тиббиётимиз равнақи учун, аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш йўлида тиним билмасдан қилаётган меҳнати, тадбиркорлиги ҳақида қисқача сўз юритмоқчимиз. Чунки бундай фидойилик барчага ўрнак бўлишга арзийди.

Ибн Сино илмий меросининг тарғиботчиси сифатида танилган Баҳром Ҳакимович ҳали шўро замонидаёқ “Шарқ табобати” илмий-текшириш институтига асос солган эди. У кимёвий ва синтетик йўл билан тайёрланадиган дори воситалари инсон танасига нафақат шифо, балки зиён ҳам етказиши мумкинлигини дадил такрорлаб келди. У ўз заминимизда ўсадиган арзон шифобахш ўсимликлардан фойдаланиб, донишманд боболаримиздан мерос бўлган услублар билан халқимизнинг дардига даво топишга интилди.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш, олим ва шифокорларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш учун домланинг ташаббуси билан “Шарқ табобати” институти базасида 1997 йилда “Ўсимликлар, жонли мавжудотлар ва минерал ашёлардан тиббиёт учун олинадиган доривор воситалар” мавзусидаги I Республика илмий-ишлаб чиқариш анжумани ўтказилди.

Доимо изланишда бўлган профессор Вафоқулов 1998 йилда янги ташаббус билан чиқди. Унинг елиб-югуришлари натижаси ўлароқ мамлакат ҳукумати қарорига биноан Нуробод туманидаги тоғли Тепақул қишлоғи атрофидаги экологик тоза лалми ва яйлов ҳудуддан 2024 гектар ер “Вакцина” ИИЧБ балансига ўтказилди. Домла тоғ ён бағрида табиий равишда ўсадиган шифобахш ўсимликларни териб олиш билан чекланмай, уларни маданийлаштириш, кенг плантациялар яратиш устида амалий ишлар олиб борди. Лекин бу режани амалга ошириш учун асосий муаммо сув, тўғрироғи, унинг йўқлиги эди. Баҳром ота канал қазиб, Тепақул қишлоғига сув келтириш режасини тузганида, маҳаллий аҳоли буни афсона, етиб бўлмайдиган орзу деб таърифлашган эди.

Лекин 2011 йилда 11,5 км узунликдаги каналдан сув оқиб келганида қишлоқдагилар Баҳром отанинг қатъийлиги ва ишбилармонлигига тан берган эдилар. Каналга “Янги Ургут канали” номи берилган бўлишига қарамасдан, кўпчилик уни “Баҳром бобо канали” деб атайди.

Сувдан баҳраманд бўлган ҳудудда 170 гектар ер ўзлаштирилиб, турли доривор ва қишлоқ хўжалик экинлари экилди. Амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири кенг майдонда ташкил этилган наъматак плантацияси бўлди. Наъматак ва қизил дўлананинг шифобахш хусусиятлари кўпчиликка яхши маълум. Профессор Вафоқуловнинг таъкидлашича, мутахассислар турли мамлакатларда ўсадиган наъматак меваси ўрганиб, қуйидаги хулосага келишган экан. Инсон саломатлиги учун ўта муҳим бўлган С витамини Ўзбекистонда ўсадиган наъматак таркибида 16-18 фоизни ташкил этган ҳолда, бошқа жойларда ўсадиганида 10-12 фоиз экан.

Профессор Вафоқулов билан кўп йиллар давомида ёнма-ён фаолият олиб бораётган доцент Беҳзод Тўрақулов домла ўнлаб шогирдлар етиштирганлигини, доимо тўғри сўз ва камтаринлиги билан ажралиб туришини даъкидлаб, шундай деди: “Баҳром Ҳакимович атрофидагиларга ёрдами тегмаган кунни ўзининг умр дафтарига киритмайди”.  

“Вакцина” ИИЧБда табиий дори воситалари ишлаб чиқаришна йўлга қўйиш учун Баҳром отанинг югуриб елаётганлигидан яхши хабардорман. Аммо ана шу эзгу мақсад йўлда анча қийинчиликларга дуч келаётганлигига қарамасдан, бу ҳақда гапиришни ёқтирмайди. Бир куни иш жойига борганимда, хитойлик инвестор билан музокара олиб бораётганлиги устидан чиқиб қолдим. Суратда ўша лаҳза тасвирланган. У ерда олиб борилган суҳбат мазмунидан маълум бўлдики, хорижликлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилаётган экан.  

Демак, профессор Вафоқулов кўплаб ибратли ишлари билан бундан кейин ҳам атрофдагиларга мададкор бўлиб, халқимиз саломатлиги йўлида ўз тажриба ва билимини бахшида этаверади.

Домла ҳақида қисқача маълумот: бундан деярли 70 йил аввал – 1949 йилда СамМИни битирган, вилоятнинг бир қатор туманларида ишлаган, 1963 йилдан Самарқанд вилоят санитария-эпидемиология станцияси бош врачи, 1968 йилдан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, 1976 йилдан СамМИ ўқув ишлари бўйича проректори, шундан сўнг Тошкентдаги “Вакцина ва зардоб” илмий-текшириш институтини бошқарган, кейинчалик ушбу институт йириклаштирилиб, “Вакцина” ИИЧБга айлантирилгач, унинг бош директори.

Тошпўлат РАҲМАТЛЛАЕВ

Муаллиф туширган сурат


“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 02.02.2018 

Комментариев нет:

Отправить комментарий