среда, 21 февраля 2018 г.

Самарқандда журналистларнинг шу кундаги вазифаси муҳокама этилди


Самарқанд вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун  “Ҳудудий дастурларнинг ижросини таъминлашда маҳаллий газеталарнинг ўрни” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда шу кунларда журналистлар олдида турган ўта масъулиятли ва долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди.


Тадбирда сўзга чиққан Халқаро пресс-клуб раиси Ш.Қудратхўжаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Ибодуллаев шиддат билан кечаётган ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда маҳаллий журналистларнинг зиммасида турган вазифалар салмоғи ва масъулияти ҳам ортиб бораётганлигини таъкидладилар.

Ф.Тошев босма босма нашрларда Давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таҳлил асосида ёритиб, ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишларни содда ва равон тилда, оддий ўқувчи учун тушунарли тарзда баён қилиш муҳимлигни уқтирди. Аҳолининг кенг қатламини керакли ва фойдали ахборот билан таъминлаш учун ҳар бир маҳаллий газетанинг ўз сайти бўлиши ва унда янгиликларни жойлаштириб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Ш.Қударатхўжаев мамлакатимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар биринчи навбатда одамлар тафаккурини ўзгартириши кераклигини, шунда ҳар бир кишининг ўзига бўлган талаби, ишига бўлган муносабати ижобий томонга бурилишини таъкидлади. Бу жараёнда журналистлар олдида масъулиятли вазифалар турганлигини уқтириб, нотиқ айни пайтда ҳақ сўзни айтиш ва эркин ижод қилиш учун яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиш муҳимлигига тўхталди.

           
 Тадбир давомида “Ислом Каримов ҳақида хотиралар” мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишга бағишланган танловда қатнашган 35 нафар ижодкорнинг иши ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилди ва баҳоланди. Натижада иштирокчиларнинг 14 нафари танлов ғолиб ва совриндорлари бўлишди. 

Биринчи ўрин тиббиёт фанлари доктори Акбар Имомовга насиб этди. Иккита иккинчи ўринни матбуот фахрийлари Ойгул Маматова ва Амрилло Аҳмедов, иккита учинчи ўринни  ўқитувчи Гулмира Ҳалимова ва матбуот фахрийси Облақул Усмонқулов эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга танлов ташкилотчилари – Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг дипломи ва эсдалик совғалари топширилди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ 

Муаллиф туширган суратлар

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 21.02.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий