понедельник, 26 февраля 2018 г.

Бизда эндокрин касалликларига чалинганлар кўрсаткичи ривожланган мамлакатлардан камлиги яхшими ёки ёмон?


 
Самарқанд вилоят эндокринология диспансерида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида пресс-тур ўтказилди. Журналистлар диспансерда даволаш-диагностика хизмати ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳадаги янгиликлар билан танишдилар.


Вилоят эндокринология диспансерида 60 ўринли стационар бўлими, бир кунда 50 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган маслаҳат-поликлиника бўлими ва 68 беморга хизмат кўрсатадиган клиник-биохимик лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Шифохонада эндокринологлардан ташқари бир қатор тор мутахассислар – кардиолог, невропатолог, гинеколог, окулист, стоматолог ҳам беморлар хизматида.
 
Диспансер бош врачи Гулзода Неъматова журналистларни шифохонада амалга оширилаётган ишлар билан таништирди ҳамда кўплаб факт ва рақамлар келтирди, мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритди.

Бош врач дунёнинг ривожланган мамалакатларида қандли диабет касаллиги билан оғриганлар аҳолининг 5 фоизини ташкил қилишини айтиб, Самарқанд вилоятида бундай касалликка чалинганлар сони 21 минг киши эканлигини уқтирди. Бу вилоят аҳолисининг бир фоиздан ҳам камини ташкил этади. Четдан қараганда, бизда бундай оғир касалликка чалинганлар тараққий этган мамлакатлардан анча камдек кўринади. Бундан биз хурсанд бўлишимиз мумкин. Аммо...

Маълум бўлишича, аҳолининг тиббий маданияти етарли эмаслиги, ўз соғлигига доимо ҳам эътибор қаратмаслиги, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслиги каби омиллар туфайли оғир касалликларни вақтида аниқлаш имкони бўлмаяпти. Касаллик қаттиқ безовта қилгандан сўнг, дўхтирга боришни орқага суриш мумкин бўлмагач, тиббиёт муассасасига муражаат қиламиз. Ушбу муаммонинг яна бир томони мавжуд. Тор мутахассислар етишмаслиги боис аҳолини кенг профилактик кўрикдан ўтказиш имконияти бўлмаяпти.

Масалан, 2017 йилда вилоят аҳолисининг 16 фоизи профилактик кўрикдан ўтказилган ва 585 мингдан кўпроқ кишида эндокрин касалликлар анқиланган. Бу эса кўрикда қатнашганларнинг 17,2 фоизини ташкил этади. Мутахассислар етишмаслиги туфайли профилактик кўрик билан қамраш кўрсаткичи паст бўлган туманларда касалликка чалинганлар анча кам аниқланган. Нуробод туманида ҳаммаси бўлиб 915 киши ёки туман аҳолисининг 0,6 фоизи, Каттақўрғон туманида 779 киши ёки аҳолининг 0,3 фоизи профилактик кўрикдан ўтказилган.

Гулзода Неъматованинг уқтиришича, мавжуд муаммоларнинг ечими Самарқанд, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Тайлоқ ва Каттақўрғон туманларида профилактик кўриклар қамровини оширишга боғлиқ. Шунингдек, диабет хавф гуруҳига кирувчилар – 50 ёшдан ўтганлар ва гипертония касаллигига чалинганларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиб турилишини таъманлаш ҳам муаммони ҳал қилишга ёрдам беради.

“Қонда гликирланган гемоглобинни аниқлаш ишларини май ойигача жадал олиб бориш, корхона, ташкилот, ўқув юртларида профилактик кўрикларни кенгайтириш орқали эндокрин касалликларни аниқлашни кучайтириб борамиз. Фақат шу йилнинг дастлабки икки ойи давомида 38 минг нафардан кўпроқ киши кўрикдан ўтган бўлса, шулардан 522 нафарида эндокрин касалликлари аниқланди”, – деди диспансер бош врачи.   

Бу йўналишдаги муҳим вазифалардан яна бири аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғибот қилиш, фуқароларнинг тиббий маданияти ошириш йўлида тиббиёт муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини ошириш эканлиги уқтирилди.

Пресс-тур охирида журналистлар Гулзода Неъматова ҳамроҳлигида диспансернинг барча бўлимларини кўздан кечириб, беморларни қабул қилиш ва даволаш жараёни билан танишдилар. “Шифохонамиз учун 40 ўринли янги бино қурилмоқда ва у 2018 йилиниг инвестицион дастурига киритилган. Маҳаллий бюжет ҳисобидан эса янги ошхона қурилади”, – деди тадбир якунида мамнуният билан бош врач.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Муаллиф туширган суратлар

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 26.02.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий