воскресенье, 30 июня 2019 г.

Самарқанддаги машҳур хиёбонни “замонавийлаштириш” каракми?



 Кейинги ҳафта давомида интернет тармоғида Самарқанднинг сўлим гўшаси – Университет хиёбони ва у ерда амалга оширила бошланган қурилиш ишлари билан боғлиқ ҳолат кенг муҳокама қилинди. Аксарият хиёбонга қўл тегизмаслик талабини ўртага ташлади. Хўш, аҳолининг кескин норозилигига нима сабаб бўлди?

Бундан қарийб 150 йил асос солинган хиёбон ўзининг ноёб дарахтлари, асрий чинорлари, жазирамада ҳам салқинликни сақлаб турадиган ўзига хос об-ҳавоси билан самарқандликлар ва шаҳар меҳмонларининг кўнглини ром этиб келмоқда. Шаҳар экотизимидаги бундай ноёб, Марказий Осиёда ягона “яшил белбоғ”ни шу ҳолича сақлаб қолишга, керак бўлганда, мутахасисслар маслаҳати асосида енгил ва зарарсиз ободонлаштириш ишларини олиб боришга интилиш лозим эди.
Аммо бирданига, томдан тараша тушгандай хиёбоннинг бир қисми ўраб олинди, оғир техника киритилиб қандайдир ишлар бошлаб юборилди. Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг “Фейсбук”даги саҳифасида бу ерда велойўлак қурилиши ҳақида хабар жойлаштирилди. Хиёбонда фавворалар, кўприклар, ҳожатхоналар барпо этиладиган бўлди.
Кимдир бу ишни яхши ният билан бошлагандир, ўзича шаҳар замонавий қиёфа касб этсин дегандир? Лекин нега лойиҳа мутахассислар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилмади? Энг ачинарлиси, қурилиш ишлари тасдиқланмаган, муаллифлари номаълум бўлган лойиҳа бўйича бошлаб юборилган. Мавжуд тартиб бўйича лойиҳани амалга ошириш учун шаҳарсозлик кенгашининг розилиги бўлиши керак эди. Нега шошилинч тарзда, шунча камчиликлари бўлган ҳолда лойиҳани амалга оширишга киришилди?
Жамоатчилик вакиллари ижтимоий тармоқлардаги ўз чиқишларида велосипедчилар йўлаги учун шаҳарнинг бошқа жойини танлаш керак эди дейимоқда. Масалан, Қурилиш ва архитектура институти яқинидага хиёбон бир неча йилдан бери қаровсиз аҳволда. Ўша ерда велойўлак қурилиши баҳонасида ободончилик ишлари ҳам амалга оширилган бўларди. Ё шаҳар маркази керакми? Марҳамат, Марказий маданият ва истироҳат боғи номи билан юритиладиган жой бор. Бундан бир неча йил олдин ундаги аттракционлар олиб ташланиб, асрий дарахтлар кесилгандан сўнг унинг фақат номи қолган. Бу ерд на “маданият” бор, на “истироҳат”. Бундан 30-40 йил аввал паркда эрталабдан кечгача одам оёғи узилмасди. Афсус! Мана шу ерда велойўлак ташкил этиш мумкин эмасми? Нега айнан Университет хиёбони?
Хиёбонда амалга оширилаётган ишлар билан танишаётган Германидан келган турист Франк Айхлерни учратиб, унинг фикри билан қизиқдим. У касби муҳандис эканлигини, Самарқандга иккинчи марта келганлигнини уқтириб, хиёбонда бошланган ишлар ҳақида шундай фикр билдирди: “Шаҳар тирик организм каби ўзгаради, ривожланади. Аммо бу ўзгаришлар унинг тарихий қисмига зарар етказмаслиги керак. Хиёбоннинг янги лойиҳаси менга ўта замонивайлашгандек таассурот уйғотди. Самарқандга сайёҳлар унинг тарихий обидаларини, қадимий ҳудудларини кўргани келишади. Амир Темур мақбараси ёнгинасида амалга оширилаётган бундай янгиланиш мени турист сифитида қувонтирмоқда деёлмайман”.
Шаҳар жамоатчилигининг фаоллиги сабаб бўлса керак, хиёбондаги янгиланишларга ўзгартиришлар киритиладиган бўлди. 18 июнь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов журналистлар билан ўтказган учрашув пайтида хиёбонда ҳеч қандай қурилиш ёки қайта таъмирлаш – реконструкция эмас, фақатгина ободонлаштириш  ишлари амалга оширилишини таъкидлади. Вилоят раҳбарининг сўзларига қараганда, биронта дарахтга зиён етказилмайди, шаҳар аҳли ва унинг меҳмонлари учун кечаю кундуз сайр қилиши, мароқли дам олиши учун барча шароит муҳайё қилинади. Бунинг учун ХХ аср бошларига хос услубда тайёрланган ёритқичлар, ўриндиқлар ўрнатилади, Vi-Fi зоналар ташкил этилади.
Дастлаб ишлар хиёбоннинг 170 метрдан иборат бир қисмида амалга оширилади. Яъни Амир Темур ҳайкалидан университетнинг биология факультетигача бўлган ҳудудида ободонлаштириш ишлари бажарилади. Хиёбоннинг ўрта қисмида гранит плиталар ётқизилган пиёдалар йўлаги барпо этилади. Унинг икки чеккасида эса  югуриш, велосипедда сайр қилиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади.
Э.Турдимов хиёбон атрофида ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини чегаралаш, уларнинг ҳаракатланиш тезлигини босқичма-босқич  соатига 40-30 километргача камайтириш чоралари кўрилаётганлигини уқтирди. Яқин келажакда шаҳарнинг шу каби тарихий ҳудудларида техникаларнинг юришини тақиқлаш режаси ҳам бор экан.
Ишнинг бундай якунланганлиги яхши. Аммо нега аввалидан хиёбонда бажарилиши кўзда тутилган ишлар ҳақида жамоатчилик огоҳлантирилмади? Агар шундай йўл тутилганда, юзага келаган қуйидаги саволларга ўрин қолмасди: лойиҳанинг муаллифи ким? Ғоянинг ўзи кимдан чиққан? Нега тасдиқланмаган лойиҳа асосида, шаҳарсозлик кенгашининг рухсатисиз иш бошлаб юборилди? Қилинадиган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш шарт эмас деган хулосани ким берган? Нега бўлмаса, ҳокимликлар қошида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди? Бундай аҳволда “Жамоатчилик назорати ҳақида”ги қонунни ким ва қандай амалга оширади? Президентимизнинг жамоатчиликнинг кенг қатламлари билан бамасалаҳат ишлаш лозимлиги ҳақидаги талаби нега жойларда қолиб кетмоқда?

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ


Комментариев нет:

Отправить комментарий