Негадир айрим амалдорлар учун маҳаллар раисининг сариқчақалик ҳам
қадр-қиммати йўқ. Уларнинг отаси ёки ҳатто буваси қатори оқсоқолга қилган муносабати,
қўйган ноҳақ талабини кўриб, яна қандай хулоса чиқариш мумкин?
Кеча, 13 июлда МФЙ раислари билан бўлиб ўтган йиғилишда шаҳар
ҳокимлигининг ёшгина мутахассиси “керак бўлса, сизларни кечаси соат 12да ҳам
чақиртираман” деганини “ҳазм” қилиб юборган бечора оқсоқолдан нимани ҳам кутиш
мумкин?!
Ҳа, одамларимиз содда, одамларимиз бошини эгиб, “катта” айтганини
бажаришни ўрганган, амалдордан ўлгудай қўрқади. Лекин бу халқ ишониб сайлаб
қўйган, қонун бўйича қатор ваколатлари бўлган маҳалла оқсоқолларини хоҳлаган
куйга солиш, уларни хоҳлаган вақтда турли керак ва кераксиз йиғилишларга
чақириш дегани эмас-ку!
Афсуски, нафақат амалдорларда, балки оқсоқолларнинг ўзида ҳам “маошни
ҳокимлик беради, шунинг учун юқоридан нима деса ҳаммасини бажариш керак” деган
фикр қаттиқ ўрнашиб қолган. Пул ҳокимликники эмас! Бу ёки бошқа давлат идорасининг
“Ўз” пули йўқ! Пул халқники ва оксоқол халқ хизматини, авваллари давлат
органлари зиммасида бўлган 30дан ортиқ вазифани бажарганлиги учун ўша арзимас
маошни олади. Пул ҳокимлик бухгалтериясига келиб тушади ва шу ердан тақсимланади.
Вассалом!
“Биз учун шанба ва якшанба дам олиш кунлари ҳисобланади ва бу кунлар
учун табель тўлдирилмайди, – дейди кўп йиллик тажрибага эга таниш оқсоқоллардан
бири. – Лекин биз ишдан қочмаймиз. Зарур бўлса ҳафтасида етти кун ҳам ишлаймиз.
Шанба куни йиғилиш ёки тадбирга чақиришларига ўрганиб ҳам қолдик. 7 июль
якшанба куни соат 15-00 да, айни жазирама пайтида шаҳар ҳокимлигига таклиф
қилишди. Борсам селектер йиғилиши экан. Кўп одам таклиф қилинганидан зал тўлиб
кетганлиги учун кўпчиликни орқага қайтаришди”.
Маҳалла раислари йиғилиш бўлишини ярим соат ёки бир соат ва гоҳида ундан
ҳам кўп кутишга тўғри келаётганлигини ўзларига нисбатан ҳурматсизлик эканлигини
таъкидлашаётган бўлса-да, аммо ўз дил сўзларини очиқ айтишга журъати
етишмаётган эди. Бундай ҳолат кўпга чўзилмаса керак...
Бу ҳақда кўп гапириш, мулоҳаза юритиш мумкин.
Чунки анча муаммо йиғилиб қолган. Уларни МФЙ раислари Фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман, шаҳар, вилоят
кенгаши билан ҳамкорликда ечишга киришса, айни муддао бўларди? Аслида кенгаш кимга яқинроқ бўлиши ва кимнинг
манфаатини ҳимоя қилмоғи лозим: ҳокимликларними ёки маҳаллани?
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий