Ёши катталар яхши эслайди: шўро замонида бир
кишини ёмон отлиқ қилиш лозим бўлса, ягона ҳукмрон партияга хизмат қиладиган
матбуотда у бечорани гўрдан олиб, гўрга солишарди. Агар у одам, айтайлик,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлса, аъзоликдан чиқариларди ва турли хил жазога
тортиларди. Эл учун хизмати салмоқли бўлган “жиноятчи” ё узоқроқ ўлкага сургун этиларди
ёки чет элга чиқиб кетишга мажбур қилинарди.
Оллоҳга шукрлар бўлсинки, кейинги йилларда
аҳвол яхши томонга ўзгарди. Қамоқ ва сургунда бўлганлар оиласи бағрига
қайтарилди, “қора рўйхат”да бўлган ижодкорлар ўз ижоди билан шуғулланиш
имконига эга бўлди. Аммо минг афсус билан орамизда коммунистча пропаганда
исканжасида қолиб кетганлар ҳанузгача бор эканлигини тан олишимиз керакдек,
назаримда. Ошкораликни, эркин ва очиқ сўзни ҳазм қила олмайдиганлар, жўяли мулоҳаза
ёки танқидга жавобан фикр билдиришни кампаниябозликка айлантирадиганлар борлиги
кишини ташвишга солади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши каминанинг “Маҳалла оқсоқоли ердан чиққан қўзиқорин эмас!” сарлавҳаси остида эълон қилган кичик бир
мулоҳзага шунча катта диққат қаратиб, маҳалла раислари номидан раддия тайёрлагани
яна ўша эски даврни эслатди. Қанча вақт сарфлаб, бировларнинг номини қўйиб,
ўзини шарманда қилиш даражасига етиб борганларни қандай тушунмоқ керак?! Ундан кўра
кенгашдаги бирор бир саводли ходим аниқ далилларга таяниб, уларга қарши
гапиришга журъат этганни пўстагини қоқиб қўйса бўлмасмиди? Ёки у ерда шу
даражадаги саводли ва таҳлил қилишга қодир инсон йўқми?
Вилоят маҳаллалар кенгаши номидан берилган “раддия”ни ўқиб, юқорида қўйилган
саволлар қанчалик ўринли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Қаранг: https://samarqand.mahallakengashi.uz/oz/press_center/news/ .
“Раддия” қуйидаги сўзлар билан бошланади: “2019 йил 13 июль куни соат 15-00да шаҳар ҳокимлигида
тадбир чақирилган, лекин у йиғилиш эмас”. Буни қаранг, қандай донолик, кашфиёт!
200 нафардан кўпроқ МФЙ раиси тўпланиб,
бажарилиши лозим бўлган ишлар муҳокама
қилинади-ю, у йиғилиш бўлмасдан, нима бўлади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “йиғилиш”
сўзига шундай таъриф берилган: “бирор масала юзасидан тегишли шахсларнинг
тўпланиши; йиғин, мажлис”. Вилоят маҳаллалар
кенгашидаги “аллома”нинг қаричи билан ўлчайдиган бўлсак, бундан кейин журналистлар
йиғилиш бўлиб ўтганлигини ёзиб, кейинги ўринларда тадбир сўзини ишлатишлари
мумкин эмас эканда?
Вилоят маҳаллалар кенгашидаги ўша “билағон”
кимдан маълумот олган экан-а? “Раддия”да кўплаб хатога йўл қўйилганлиги, ундаги
чалкашликлар шундай саволни ўртага ташлашимизга сабаб бўлди. Йиғилиш, йўғ-э,
тадбир соат 15-00да шаҳар ҳокимлигида эмас, Сартепадаги мусиқа коллежида соат
18-00да бошланди.
“Раддия”даги яна бир ёлғон билан таништирай. Унда
йиғилишда (тадбирда?) “тегишли
ахборотни олганлар навбати билан чиқиб кетаверишган” дейилган. Йўқ! Буниси ёлғон. Мени қаттиқ ранжитгани шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Р.Султоновнинг маҳалла
оқсоқолларидан зални тарк этмасликни талаб қилиб, “керак бўлса, сизларни кечси
соат 12да ҳам чақиртираман” дегани бўлди. Мен ёзганларимда у билан Устозлар МФЙ раиси
О.Узоқов ўртасида бўлиб ўтган жанжал ҳақида фикр билдирганим йўқ.
Шундан кейин “раддия” шўра замонининг
андазалари асосида баландпарвоз гаплар, бошқача қилиб айтганда, сув билан тўлиб
тошган. Уни ёзган асосий вақти ва кучини маҳаллий ижроия ҳокимиятини ҳимоя
қилишга сарфлаган.
Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов 9
июлда бўлиб ўтган брифингда қилган чиқишида ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар
томонидан ҳамон маҳалла раислари ва фаоллари ўзларига алоқадор бўлмаган ишларга
жалб қилиш ҳолатлари кўплигини таъкидлаган. Раис жумладан шундай деган: “Ҳолбуки
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)
кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият
йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш,
уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш,
шунингдек фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга
бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш тақиқланади”.
“Маҳалла
оқсоқоли ердан чиққан қўзиқорин эмас!” сарлавҳали
материалда оқсоқолларни уларга дахли бўлмаган йиғилишларга чақирмаслик, якшанба
кунлари тинч қўйиш ҳақида сўз юритилган эди. Мисол тариқасида 7 июль
якшанба куни соат 15-00 да айни жазирама
пайтида шаҳар ҳокимлигига селектер йиғилиши таклиф қилинган, зал тўлганлиги
учун унга киритилмаган МФЙ раисининг норозилик билан айтган сўзлари келтирилган
эди. Маҳалла ичида, ўз вазифасини бажариши давомида оқсоқол учун дам олиш ҳам,
байрам ҳам бўлмаслигини, у доим маҳалла аҳлига ёрдамга тайёр туриши лозимлигини
яхши биламан. Шавкат Жавлонов таъкидлагандек, маҳалла раислари ва фаоллари
ўзларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилинмаса бўлгани.
Йиғилиш ёки турли тадбирларнинг бир-икки соат кечикиб бошланаётганлиги,
белгиланган вақти ва жойи бошланиши арафасида ўзгараётганлиги ва бунинг МФЙ
раислари оворагарчилигига сабаб бўлиши уларга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик
намунаси эмасми? Нечта мисол керак?
Вилоят маҳаллалар кенгашининг
бош идеологи, барча ғоявий кампаниялар ташкилотчиси ва лавозими буйича раис
ўринбосари ҳисобланмиш С.Турдиев ҳам ўзини сақлаб туролмади ва каминанинг чиқишимга
алоҳида “муносабат” билдирди. Ундан кўра ўзидан олдин вилоят кенгаши раисининг
ўринбосари вазифасида ишлаган камтарин инсонни, олимни вилоят ҳокимининг ўша
вақтдаги биринчи ўринбосари катта бир йиғилишда (ёки тадбирдами?) уч соат тик оёқда
туришига мажбур қилганлиги каби ҳолатларга муносабат билдирса бўлмасмиди?!
Вилоят маҳаллалар кенгашидаги пропагандист-тарғиботчи бир қатор маҳалла оқсоқоллари номидан
менга қарши қаратилган ғазабга тўла мактублар уюштирган. Бундай дейишга жиддий
асосим бор. Мактубларнинг тили ва ёзилиш усулига эътибор қаратинг. Ҳаммаси бир
қолипда, умумий гаплар, яна ўша мағзава аралаш сув.
“Чашма” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икром Хасанов ҳеч нарса
ёзмаганлигини, интернетда ўз номидан чиққан мактубни кўрмаганлигини уқтириб
шундай деди: “Мен 13 июлдаги йиғилишда қатнашмаган эдим. Ўша куни Тошкентда
даволанишда бўлганман. Шу сабабли хоҳласам ҳам мажлис ҳақида ёзолмасдим”.
Номларидан вилоят маҳаллалар
кенгаши сайтида эълон қилинган бошқа яна бир неча нафар маҳлла раислари
билан боғланиб, мактуб ҳақида сўраганимда, улар гап нима тўғрисида
кетаётганлигини умуман тушунишмади, улар номидан эълон қилинган мактубдан
бехабар эканликларини таъкидлашди. Кимга керак бўлса, улар билан қилган
суҳбатимнинг аудио ёзувини тақдим этишим мумкин. Масалан, Ўрта хўжа саҳат
маҳалла раиси Амин Жавадов ҳеч нарса ёзмаганлигини уқтириб шундай деди: “Қўли синсин
мендан сўрамасдан ёзганнинг. Қайси ҳайвон ёзган? Менинг ёшим улуғ, ўзимнинг
каллам бор, фикрим бор”. Худди шундай Қуйи хўжа саҳат маҳалла раиси Рустам Ғуломов
ҳам ҳеч нарсадан хабари йўқлигини таъкидлади.
Вилоят маҳаллалар кенгашининг МФЙ раисларини ҳимоялаш йўлида бажарадиган кўплаб ишлари
мавжуд. Уларни функционал вазифаларига дахлдор бўлмаган ишларги жалб
қилинаётганлиги ҳақида алоҳида, батафсил сўз юритармиз.
...Шу кунларда МФЙ раисларига
уйида ит ва мушук сақланаётганларнинг рўйхатини тузиб, маҳалла кенгашига
топшириш вазифаси юклатилган...
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий