среда, 31 июля 2019 г.

Нега маҳалла жойидан силжиши қийин бўлган аравага қиёсланди?


Гулрух Мўминованинг “Маҳалла – уч томонга тортқиланаётган арава” мақоласи 23 июлда “Зарафшон” газетасида, 26 июлда эса муаллифнинг “Фейсбук”даги саҳифасида эълон қилинди. Аниқ мисоллар асосида яхши таҳлилий мақола бўлибди. 


Муаллиф мақола охирида қуйидагича хулоса билдиради: "Муаммоларни тинглаб, таҳлил қиларканмиз, маҳаллани уч, баъзида тўрт-беш томонга тортқиланаётган, шунинг учун ҳам жойидан силжиши қийин бўлаётган аравага қиёслагим келди”.

Журналистлар ва кенг жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман. Келинг, маҳалла, унинг ҳозирги куни, зиммасига юклатилган вазифалар ва бу вазифаларнинг икки кишидан иборат штат билан бажариш масаласи ҳамда бошқа кўплаб муаммоларни муҳокама қилайлик. Бу билан хайрли ишга қўл урган бўлардик. Балки биргаликда маҳаллани ўз жойига қайтарармидик?

Камина маҳалла раиси этиб сайланганимдан кейин 70 кун ичида жуда кўп муаммо ва камчиликлар гувоҳи бўлдим. Бу ҳақда тўртта мақола ёздим. Улардаги далилларни таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш ўрнига вилоят маҳалла жамғармаси менга қарши ўз сайтида чиқишлар ташкил этди. Журналистнинг номзодини дастлабки муҳокамада ўтказганларга танбеҳ берилаётган экан ва мендан раисликдан кетиш талаб қилинмоқда. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолишини, журналист ичидан туриб вазият билан танишиш имкониятига эга бўлмаслигини истовчилар талаби бу.

Майли, мен кетаман, аммо бу билан муаммолар кўлами камаймайди-ку! Бу йўналишдаги чиқишларимни давом эттираман. Сиз, азиз ҳамюртларим билан маҳалла ичида ва атрофида йиғилиб қолган муаммоларни муҳокама этиш ниятим бор. Мавжуд саволларга жавоб топайлик. Мана, улардан айримлари:

Ҳозирги ўзимиз яшаб турган маҳаллани анъанавий маҳалллага қиёслаш мумкинми?

Маҳалла ўз муаммоларини мустақил ҳал қила оладиган нодавлат нотижорат ташкилотими ёки маҳаллий ҳокимият тизимига яқинроқ бўлиб қолган ташкилотми?

Маҳалла раислигига доим  ҳам арзийдиган, халқ ғамини ейдиган, аҳолини турли ўринсиз текширувлардан ҳимоя қила оладиган шахслар сайланмоқдами?

Маҳалла раисларининг ўзлари ўз мавқеи ва бошқа муаммолар ҳақида нима дейди?

Маҳалла ва унинг раиси зиммасига қандай вазифаларни қолдириб, қайсиларидан уларни озод этиш лозим?

Бундай саволлар кўп, уларни яна давом эттириш мумкин. Ўзларинг улар қаторига яна нимларни қўшган бўлардингиз?

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий