суббота, 21 сентября 2019 г.

Эркинжон Турдимов: Кўчаларни янгилашда аҳолига ҳеч қандай зиён етказмаслик лозим


Самарқандда кенг қамровли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари қадимий кент учун ғоятда муҳим бўлган йўл қурилиши билан бирга қўшиб олиб борилмоқда. Бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта кўчада замонавий техника воситалари ёрдамида юзлаб ишчи-техник ходимлар белгиланган режа асосида реконструкция ишларини амалга оширмоқда.


Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида қурилиши режалаштирилган туристик марказга олиб борадиган йўл, Гулобод ва Афросиёб кўчаларининг замонавий тус олиши ҳамда Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари чорраҳасида ер ости автомобиль йўли ва кўприк қурилиши ана шу янгиланишларнинг асосини ташкил этади.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов куни кеча реконструкцияси бошланган Афросиёб кўчасида бўлиб, амалга ошириладиган барча ишлар лойиҳа асосида пухта ва бекаму-кўст бажарилиши лозимлигини уқтирди. Вилоят раҳбари йўлсозлар ва бу ерда ҳозир бўлган бошқа мутасаддиларга қарата шундай деди: “Қилаётган барча ишимиз аҳоли учун эканлигини эсдан чиқармайлик, мақсадимиз халқимизга яшаш ва меҳнат қилиш учун қулайлик яратишдан иборат. Шундай экан, кўчаларни янгилаш жараёнида аҳолига ҳеч қандай зиён етказмаслик лозим”.
 
Лойиҳа амалга оширилса, Афросиёб кўчаси умуман бошқача тус олади. Ҳовлиларнинг олд қисми – фасади хонадон соҳиблари ва ҳомийлар кўмагида янгиланади: замонавий шаҳарсозлик усули анъанавий архитектура билан уйғунланишига  эътибор қаратилади. Эркинжон Турдимов меъморлар гуруҳи томонидан тайёрланган бинолар лойиҳасига ўзгартириш киритиш лозимлигини уқтирди. Чунки уларнинг аксарияти лойиҳада икки қаватли бўлиши кўзда тутилган эди. Вилоят раҳбари мавжуд биноларнинг олд қисми талабга жавоб берса, уларга бошқача тус беришнинг ҳожати йўқлигини, бунда аввало одамлар манфаатидан келиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
 
Йўл атрофида жойлашган маҳаллаларда шу вақтгача канализация мавжуд эмас эди. Энди йўл четида канализация қувурлари билан бирга янги водопровод тармоғи ётқизилади. Реконструкция давомида пиёдалар ҳам эсдан чиқарилган эмас. Пиёдалар йўлаги тубдан ўзгартирилади ва ҳозирги паст-баланд йўлак бир текис этиб қурилади.

Афросиёб кўчасидаги бунёдкорлик ишларининг якунланиши маҳаллий аҳоли учун қатор қулайликлар яратиши билан бирга Самарқанд меҳмонларининг кўзин қувонтиришига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бунда меҳмонларни шаҳарнинг бир қатор йирик тарихий обидалари жойлашган қисмига айнан шу кўча олиб боришини назарга олиш лозим.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий