понедельник, 27 января 2014 г.

Шоир Рауф Парфи мухлисларига

“Моҳият” газетаси тахламини варақлаб туриб, Ўзбекистон халқ шоири  Рауф Парфининг “Сўзнинг гулханида руҳим исинди” умумий сарлавҳаси остида берилган туркум шеърларига кўзим тушди. Шеърлар газетага ажойиб инсон, истеъдодли ижодкор Абдуқаюм Йўлдошев бош муҳаррир бўлган вақтда, 2003 йилнинг 28 мартдаги 13-сонида эълон қилинган.

 Буюк шоирнинг қуйидаги сўзлари ўзининг долзарблиги билан айниқса эътиборимни тортди:

Қани менинг тилим тингласа биров.
Бахтдан тўйиб кетган соқов оломон.
Олтиндан кишани, кумушдан буров,
Бўғзида олқиш-олқиш, омон-омон.


Бир мухбирга

Жангари зўр мухбир дермишлар сани,
Ўзингга қулмишсан, ўзингга ҳоқон –
Озод сўз – Ҳақиқат, Ҳақнинг маҳзани
Охир парчаланур бу ғул, бу – ёлғон.

Ёлғоннинг тийғида ўйлаб қадам бос,
Кимларни ялайсан, кимни чопасан,
Ўзингни алдайсан, қорнингни холос,
Ҳақиқатни алдаб нима топасан?!

Мен-ку бир фақирман ҳамма қатори,
Дудуқ шоирингман, Аллоҳ ошиғи.
Синиқ бир қаламдир қўлимда бори,
Сенинг қўлларингдда кимнинг қошиғи?
Дилимда озорим, тилимда торим,
Сўзнинг осмонида эркнинг қўшиғи.

***

                   Уйғондим. Деразам зулмати ўчди.
                   Уйғондим – мўъжиза. Мўъжизадир шул.
                                                             Рабиндранат Тагор

Яна мен уйғондим довдираб турдим,
Кўзимда тушимнинг қўрқинч сурати.
Ўчирдим сувратни, фалакка бурдим,
Қани, Унинг Сўзи! Қани, Қударти?!

Қани менинг тилим тингласа биров.
Бахтдан тўйиб кетган соқов оломон.
Олтиндан кишани, кумушдан буров,
Бўғзида олқиш-олқиш, омон-омон.

Ниҳоят уйғондим. Уйқуда олам.
Кўрпасини йиртиб ингради хотин.
Мендан бир тўғрам нон тилади болам.

Қандайин туганди, бу маҳшар, бу тун?
Мен уйғондим. Салом-ассалом.

Қайтиб келдим, эй ваъдаси ёлғон Кун. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий