Аҳолининг кенг қатламини бадантарбия билан шуғулланишга, турли машқларни мунтазам бажаришга жалб қилиш учун яна қандай йўл тутиш керак?
Жисмоний тарбия муҳимлигини кўрсатиш учун
ҳаракат – бу ҳаёт эканлигини, ҳаракат қилмаган одам ўз умрига зомин бўлишини
аниқ мисоллар орқали кўрсатиш зарурдай, назаримда. Чунки бу ўта муҳим вазифани
бошқа йўл билан тарғиб қилиш оғир кечмоқда. Жисмоний машқлар инсоннинг барча
аъзолари, жумладан, улардан ўта муҳими бўлмиш юракнинг тўлақонли фаолият юргизишида катта аҳамиятга эга эканлиги, бусиз
қон айланиш тизими яхши ишламаслиги ва
бу оғир касалликларга сабабчи бўлиши ана шу мисоллар орасида энг зарурлари
ҳисобланади.
Соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми
сифатида жисмоний тарбия машқларининг инсон саломатлиги учун аҳамияти беқиёс.
Улар одамга нафақат тетиклик бахш этади, балки турли касалликларнинг олдини
олишга ҳам ёрдам беради. Жисмоний тарбия машқлари: инсонга куч-қувват
бағишлайди; суякларда кальций, фосфор,
микроэлементларнинг ўзлаштирилишини ва суякнинг зичлигини оширади; юрак
ва томирларда, шунингдек, ўпкада қон айланишини тезлаштиради; марказий нерв
тизими озиқланишини кучайтириб, асабларни тинчлантиради; иродали бўлишга ёрдам
беради; хотира ва уйқуни яхшилайди;
стрессларни енгиш осон кечишида кўмаклашади; қадди-қоматни чиройли қилади.
Жисмоний машқларнинг инсон саломатлигига
ижобий таъсири, кўплаб касалликларни олдини олиш ва даволашдаги аҳамиятини
кўрсатувчи минглаб мисоллар келтириш мумкин. Айрим юртдошларимизга жисмоний
машқларнинг мўъжизавий кучини кўрсатиш учун шундай қилиш ҳам керакдир?! Чунки
мактаб остонасини тарк этгач, аксарият жисмоний машқларни бажармай қўяди.
Ушбу сатрларни ўқиб туриб айримлар “гапириш,
маслаҳат бериш осон, бу борада ўзингиз нима қилаяпсиз?”, деган саволни бериши
турган гап. Шу сабабли ўзимнинг тажрибам мисолида юқорида айтганларимга аниқлик
киритмоқчиман. Мактабда ўқиб юрган пайтимдан бошлаб бадантарбия машқларини
бажариб келаман.
Шунга қарамасдан бундан 7 йил аввал бўйин ва
бел остеорохондрози хасталигини орттирдим. Бу кўп ўтириб ишлашим, бошимни бир
хил тутиб, узоқ муддат компьютернинг мониторига қарашим оқибати эди.
Мутахассисларга мурожаат этиб, керакли муолажаларни олдим. Аммо махсус адабиёт
билан танишгач, бу билан чекланиб бўлмаслигини, яъни фақат дори-дармон билан
умуртқа поғонаси муаммосини ҳал этиш мумкин
эмаслигини англадим. Бадантарбия машқларининг ўзи организмнинг саломатлигини
тўлиқ сақлаш учун озлик қилиши, махсус машқлар ҳам зарурлиги аён бўлди.
Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, жисмоний машқлар
турини ўзгартириб бордим. Умуртқа поғонасини мустаҳкамлаш ва соғлом сақлашга
қаратилган 20дан ортиқ машқни бажариш одатимга айланди. Шунингдек, олти йилдан
бери ҳар куни Тибет ламаларининг машҳур 5та машқини бажараяпман. (Айтганларимнинг тасдиғи сифатида мақолага
илова қилиб, айрим суратларни жойлаштирдим). Натижада умуртқа поғонамдаги
муаммолар барҳам топди. Шукр, ўзимни тетик сезаман, қоматимни тик тутиб, кайфиятим
доимо яхши бўлишига интиламан.
Албатта, юқорида келтирилган таклифу
мисолларни ўқиганлар дарров бадантарбия қилишга, жисмоний машқлар бажаришга
киришади, деган фикрдан йироқман. Чунки бу мавзуда жуда кўп гапирилишига
қарамасдан, ҳали чўзилиб ётишни, бир соат, ярим соат ортиқроқ ухлашни
ёқтирадиганлар, жон койдирмасдан хасталикдан халос бўлишга интиладиганлар оз
эмас. Бундайлар “ҳаракат – бу ҳаёт” деган азалий ҳикматга умуман эътибор қаратишмайди.
Мисли шиордек кўп жойларда учрайдиган бу сўзларни улар оддий бир даъват сифатида қабул қилишади.
Шуни инобатга олиб, ҳаракат – бу ҳаёт
эканлигини исботловчи аниқ мисоллар келтирмоқчиман. Токи жисмоний машқларни
бажармаётганлар ўз ҳафсаласизлик ёки дангасаликларини оқлаш имконига эга
бўлишмасин.
Юз минг йиллар давомида югуриш, жисмоний
ҳаракат инсоннинг қаттиқ ҳаяжонланишига,
асабининг кучли қўзғалишига нисбатан
жавоби бўлиб келган. Одам қаттиқ асабийлашганда қондаги адреналин миқдори
кўпаяди ва бу ҳаракатланиш имкониятини оширади. Қадимги замонларда одам бирор
хавф сезганда, масалан, унга ёввойи ҳайвон ҳужум қилганда, ё ҳайвонга ташланган
ёки ундан қутулиш учун қочган. Яъни одам қаттиқ ҳаяжонланган пайтида югурган,
ҳаракат қилган.
Минг йиллар ўтиб, инсоннинг яшаш тарзи
ўзгарган бўлса-да, аммо унинг биологик тузилиши ўзгармаган. У замонларда
тирикчилик илинжида одам кўп ҳаракат қиларди, вақтини ва кучини озиқ-овқат
топишга, ўзини ҳимоялашга сарфларди. Эндиликда замонавий техника ва технология
ишни енгиллаштирди, рўзғор юмушларида ҳам қўл меҳнатининг ўрни камайиб
бормоқда. Натижада ҳаракатсизлик, кўп ўтириш кейинги йилларда ортиб бораётган
касалликларнинг асосий сабабига айланди.
Ушбу касалликлардан кенг тарқалгани юрак-томир
тизими хасталигидир. Бу борада мутахассислар фикри билан қизиқиб, Интернетдан
кўпгина фойдали маслаҳатларни топдим. Уларни диққат билан ўқиганлар ҳаракат
ҳақиқатан ҳам ҳаёт эканлигини англаб етса керак, деб ўйлайман. Амалий аҳамаятга
эга бўлган ўша илмий хулосаларнинг қисқача баёни қуйидагича.
Жисмоний ҳаракатлар нафақат мушакларга ва
уларни ривожлантиришга, балки юракнинг бир маромда ишлаб, бутун организмни қон
билан таъминлашига хизмат қилади. Юракнинг ўзи организмда қон айланишининг
70-80 фоизини таъминлайди. Қолганини склет мушаклари бажаради. Улар кучли насос
каби ҳаракат қилишини назарда тутиб, физиология ва геронтология бўйича йирик
мутахассис, профессор Николай Аринчин уларни периферик “юрак” деб атаган. Олим
склет суяклари тортилиш пайтида микронасос вазифасини бажаришини асослаб,
махсус асарлар ёзган.
Онда-сонда қисқарадиган ва нимжон мушаклар ҳатто
ўзини ҳам керакли миқдорда қон билан таъминлай олмайди ва юракка қарам бўлиб
қолади. Шу сабабли склет мушаклари юракнинг боқимандаси бўлиб қолмасдан,
қоннинг бутун тана бўйлаб айланишини таъминлаб туриши учун ҳам бақувват бўлиши ва
ҳам мунтазам қисқариб туриши лозим. Демак, юрагимиз ўз вазифасини тўлақонли
бажариши йўлида кучли мушакларга муҳтож.
Бунга эса фақат жисмоний машқлар орқалигина эришиш мумкин. Шундай қилиб,
ҳар куни, доимий равишда жисмоний машқларни бажариш инсон учун ҳаётий зарурат
эканлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Машқлар ёрдамида мушакни мустаҳкамлаш орқали фақат
юрак эмас, балки бошқа органларнинг ҳам
самарали фаолият юргизиши учун зарур шароит яратилади. Шунингдек, инсон
организми жисмоний жиҳатдан чиниқиб борган сари қон таркибида одамга хуш
кайфият бахш этувчи гормонлар миқдори ҳам ортиб боради. Демак, машқларни мунтазам
бажариб турган одамнинг кайфияти ҳам аъло бўлади.
“Мен ҳали соғман, жисмоний машқларни кейинроқ
бошлайман”, деганлар катта хато қилади. Кейин кеч бўлади. Касалликни даволашдан
кўра, олдини олиш осон ва маъқулроқдир. Ҳар қандай касаллик хаста бўлган
органга, бутун организмга ўз асоратини қолдириши мумкин. Агар оила аъзоларимиз
билан жисмоний машқларни мунтазам бажарсак, ҳам ўз саломатлигимизни сақлаймиз,
ҳам фарзандларимизга намуна бўлиб, уларни соғлом турмуш тарзига эртароқ жалб этишга
эришамиз.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий