Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида Аёллар маслаҳат маркази фаолиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 14 апрелда ўтказилган тадбирда вилоятда ташкил этилган марказларнинг иши ушбу туман мисолида таҳлил этилди.
Самарқанд вилоятида 2015 йилнинг биринчи чораги мобайнида 16та Аёллар
маслаҳат маркази ташкил этилди. Уларга мурожаат қилган аёлларнинг 44 нафарига
психологик, 120 нафарига юридик ва 119 нафарига тиббий маслаҳатлар берилди. Уларнинг
фаолияти Жомбой тумандаги марказ мисолида таҳлил этилган семинарда қатнашиб, марказларнинг
мақсади, вазифаси, иш услуби ҳақида кенг маълумотга эга бўлдим.
Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова
вилоятнинг 14та тумани ва 2та шаҳрида Аёллар маслаҳат маркази ташкил этилганини
уқтирди. Улар хотин-қизларга ижтимоий, тиббий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий,
психологик ва бошқа ёрдамларни кўрсатмоқда. Марказларда жамоатчилик асосида
психолог, ҳуқуқшунос, шифокор, отинойи, педагог фаолият олиб бормоқда.
Марказ ишлари хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида ташкил этилган. Марказга
қилинган ҳар бир мурожаат махсус дафтарга рўйхатга олинади ва мурожаат қилган
аёлга амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинади. Агар муаммони марказ
мутахассисларининг ҳал қилиш имкони бўлмаса ёки унинг ечими маблағ билан боғлиқ
бўлса, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси раисига расман мурожаат қилинади.
Марказлар маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий
тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Улар берган
маълумотларга асосланиб, жойларда маслаҳат ва руҳий кўмакка муҳтож бўлган
аёллар билан марказга жалб қилинган мутахассисларнинг кўчма учрашувлари ташкил
этилмоқда.
Семинарда Жомбой туман ҳокимлиги Аёллар маслаҳат маркази фаолияти ҳақида
туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳафиза Ўсарова чиқиш қилди. Марказ учун
Маҳалла жамоат фонди туман бўлинмаси биносида алоҳида хоналар ажратилган бўлиб,
улар керакли жиҳозлар билан безатилган. Мутахассисларнинг ишлаши ва мурожаат
қилган аёлларни қабул қилиши учун керакли шароитлар яратилган.
Йил бошидан бери марказга турли муаммолар билан 43 нафар аёл мурожаат
этган. Уларга қандай амалий ёрдам кўрсатилганлигига мисол тариқасида Ҳ. Ўсарова
қуйидагиларни сўзлаб берди.
Тўрт яшар боланинг онаси ўғли оғир бетоблигини, бир ойда фақат дорининг
ўзига 4 миллион сўм кераклигини билдириб ёрдам сўраган. Марказ раҳбари бу
масала бўйича туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Ҳокимлик ҳомийлар топиб, бу
оилага керакли ёрдам кўрсатган.
Бир аёл турмуш ўртоғи йўқолганлигини, оиласи ночор иқтисодий аҳволга
тушиб қолганлигини, болалари қийналаётганлигини кўриб, чидолмасдан тез-тез
хаёлига ўзини ўлдириш келаётганлигини айтади. Марказ психологи аёлга руҳий
инқироздан чиқишига ёрдам кўрсатади. Туман ҳокимлиги аёлнинг эрини топишга
милицияни жалб этади ва унинг қаердалиги аниқланади. Ҳ. Ўсарованинг сўзларига
қараганда, оилага кўрсатилаётган ёрдам туфайли аёлнинг аҳволи яхши томонга
ўзгариб, инқироздан чиқиши тезлашмоқда.
Семинарда вилоят имом хатибининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича
маслаҳатчиси Нозима Темирова сўзга чиқиб, отинойилар билан диний ва
маънавий-маърифий йўналиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар хусусида
тўхталиб ўтди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий