Айрим давраларда, суҳбатларда ўзингни журналист деб аташга уяласан киши. Сенинг қанақа журналист эканлигингдан бехабар бўлган суҳбатдошларинг дарров бизда ҳақиқий журналист йўқлигини, газеталарда ўқишга арзийдиган ҳеч вақо қолмаганлигини, телевидение фақат сериаллар ва реклама маконига айланганлигини иддао қилишади.
Келинг, яхшиси умумий гапларни қўйиб турайлик-да, оммавий ахборот
воситалари (ОАВ)даги қандай ҳолатлар уялишимизга сабаб бўлаётганлигини кўриб
чиқайлик.
Ҳамма гап пулда...ми?
Яқинда бир даврада тўрт-беш киши ўтириб олиб, журналистларни гўрдан
олиб, гўрга уришларининг гувоҳ бўлдим. Ўтирганлардан бири гап бошлади: шу
мухбир дегани роса жонга тегди-да. Ҳали униси келади, ҳали буниси келади. Пул
сўрайди. Корхонамиз кичик, биз учун 100-200 минг сўм ҳам катта нарса.
“Нимасини айтасиз, – суҳбатдошини қувватлади иккинчиси. – Заправкамдан
ҳафтасида икки-уч мухбирнинг оёғи узилмайди. Зарур ишим чиқиб қолди ёки
Тошкентга бориб келишим керак, деб мошинасининг бакини бепул тўлдиришимни
сўрайди”.
Ўтирганлардан яна бири суҳбатга қўшилди. Ўзининг шағал ишлаб чиқариш
корхонаси борлигини ва унинг ҳузурига ҳам ҳар замонда “реклама қиламан”,
“мақтаб чиқараман” деб ёки танқидий материал тайёрлашини шама қиладиган
журналистлар келиб кетишини гапириб берди.
Айтин-чи, бундай гап-сўзларни эшитиб, эзилмай бўладими?! Афсуски, ушбу
ҳолат кўпдан бери давом этмоқда. Бу мавзуга бағишланган “Тижоратчи мухбирлар
рэкети” сарлавҳали мақолам 2001 йилда
аввал “Самарқанд” газетасида, сўнгра ўша йилнинг 27 июнида “Ҳуррият”да босилиб
чиққан эди. Унда, жумладан, шундай дейилган: “Кўпгина корхона ва ташкилотлар,
айниқса, дон, ун, ёғ ишлаб чиқарувчилар, бақувват тадбиркору тижоратчилар
видеокамера, диктофан ёки блокнот билан ҳазурига келувчи чаққонлардан юраклари
безиб қолганлигини айтишади. Улар ўша тижоратчи мухбирларнинг ишини ўзига хос
рэкет деб талқин этишади”. (Мақолани Интернетда қуйидаги манзилда ўқиш мумкин: http://n.ziyouz.com/yangi-kitoblar/toshpo-lat-rahmatullayev-matbuot-va-demokratiya).
Ҳаётдан узоқлашган матбуот кимга керак?
Юқорида келтирилган ҳолатдан ташқари журналистикамизда бизни
уялтирадиган қатор бошқа сабаблар ҳам мавжудлигини афсус билан таъкидлашга
тўғри келади. Улардан бири оммавий ахборот воситаларида аҳолига кераги бўлмаган
материалларнинг жойлаштирилишидир. Ўқиб ўрганишни канда қилмайдиган
танишларимдан бири мажбурий обуна бўйича ишхонаси оладиган олтита газетани икки
дақиқада “ўқиб” ташлашини уқтирди. Яъни, ўша газеталарни варақлаб чиқишга унинг
шунча вақти кетади.
Газеталаримиз, радио ва телевидение ҳаётдан узоқлашган. Жамиятнинг
мавжуд муаммоларидан узоқда бўлмоқлик аслида журналистика учун энг даҳшатли
ҳолатга айланиши лозим. Ҳар ҳолда, аҳоли буни шундай қабул қилишга ҳақли. Ахир,
халқ маблағи ҳисобидан фаолият юргизаётган ахборот воситаларидан жамият
аъзолари ўзларига керакли ва фойдали ахборот талаб қилиши керак эмасми?
Жамият ўзига дахлдор ахборотни билишга ҳақли. Демократик жамиятда аҳоли
ҳукумат сиёсати ва қарорлар қабул қилиш жараёнидан хабардор бўлиши лозим деган
ақида мавжуд. Жамоатчиликни унга тегишли ахборот билан таништириш учун аввало шу
ахбортни излиш, тўплаш ва эълон қилиш талаб этилади. Айнан бу иш журналистлар
зиммасидадир.
Ҳукумат бажараётган ишлар ва қонун чиқарувчи органнинг фаолиятидан
хабардор бўлган жамият аъзолари ягона тўғри қарор қабул қила олишга қодир
сайловчи ва қонунни ҳурмат қилувчи фуқаро бўла олишлари мумкин. Шунингдек, ана
шундай хабардор аҳоли ўзини қонун доирасида тута олади ва мамлакатни бошқаришда
фаол иштирок этади. Аҳолининг хабардор бўлиш ҳуқуқи ҳукуматнинг очиқ фаолият
юргизишини, халққа ҳисоботдор бўлишлигини тақозо этади. Афсуски, ҳунузгача
кўпчилик ахборот олиш ҳуқуқи энг муҳим фуқаролик ҳуқуқлардан бири эканлигини
тушуниб етмаган.
Яхши сарлавҳа жозибаси
Қандайдир сабаб билан газета долзарб муаммоларни кўтармаётган экан, ҳеч
бўлмаганда чоп этаётган материаллари сифатли журналистика талабларига жавоб беряптими?
Келинг, бу саволга газеталаримиз ва ахборот агентликлари тайёрлаётган янгиликларнинг
сарлавҳаси ва кириш қисмини таҳлил қилиш йўли билан аниқ жавоб қайтарайлик.
Сарлавҳанинг асосий вазифаси ўқувчига материал нима хусусда эканлиги
ҳақида маълумот етказишдан иборат. Шунингдек, сарлавҳа ўқувчини ўзига жалб
қилиш ҳамда газета саҳифасини безаш воситаси ҳамдир. Демак, сарлавҳа ҳам
мазмунли, ҳам жозибали, ҳам чиройли бўлиши лозим.
Сарлавҳа аниқ бўлмаса, у ўқувчини чалғитади. Сарлавҳани ўқигач,
материал билан танишсангиз-у умуман бошқа маънодаги хабарга дуч келсангиз, ўзингизни
алданган ҳисобламайсизми? Мана бир мисол. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги
сайтидан жой олган “Томорқа – даромад манбаи” сарлавҳаси остидаги янгиликни ўқиганда, материал қишлоқ хўжалиги
муаммосига бағишланган, унда томорқанинг афзалликлари, ундан қандай унумли
фойдаланиш кераклиги хусусида фикрлар баён қилинган деб ўйлашга ҳақлисиз.
Аслида қисқа, ҳаммаси бўлиб бешта гапдан иборат ушбу хабарда Фарғона
вилоятининг маҳаллаларидан бирида иссиқхоналар ташкил этилганлиги ва уларда
лимон етиштирилаётганлиги ҳақида сўз юритилади.
( www.uza.uz, 27.01.2015).
Ўқувчи бир қарашдаёқ сарлавҳадан хабар мазмунини англаб олиши зурур.
Uza.uz сайтидаги қуйидаги янгиликларни тўла ўқиб чиқмагунча фақат сарлавҳаси
билан танишиб, уларда гап нима ҳақида кетишини илғаб олиш амри маҳол: “Экологик
тоза ва тежамкор” (27.01.2015), “Хизматга масъулиятнинг меваси” ”(22.01.2015),
“Шифо масканининг янги биноси”(23.01.2015), “Шифохонанинг янги биноси”
”(26.01.2015), “Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда”, “Пиру бадавлат отахон”,
“Истиқболли лойиҳалар самараси” ”(27.01.2015).
Сайт мутасаддиларининг сарлавҳага
эътиборсизликлари оқибатида айнан бир хил сарлавҳа турли мазмундаги
хабарларга қўйилмоқда. Масалан, сайтнинг ўзида қидириб кўрганимда,
“Шифохонанинг янги биноси” сарлавҳаси 7 марта такрорланганлигига гувоҳ бўлдим.
ЎзА хабарлари таҳлилига бежиз кўп тўхтамадим. Чунки агентлик
материалларини кўпгини газеталар босиб чиқаради. Улар ҳам ЎзА йўл қўяётган
хатоликларни такрорламоқда. Яъни ушбу материалларга қўйилган мавҳум сарлавҳалар
газеталарни ҳам “безамоқда”. Масалан, “Оқсаройда қабул” сарлавҳаси шулар
жумласидандир.
Энди “Моҳият” газетасидаги янгилик мазмунини ёритишга хизмат қилмаётган
сарлавҳалардан мисоллар келтирмоқчиман. “Эътибор ва ғамхўрлик намунаси”
(26.12.2014, №52), “Паспорт тарғиботи – ҳаёт зарурати” (26.12.2014, №52),
“Самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда” (19.12.2014, №51), “Инсон ҳуқуқлари –
олий қадрият” (19.12.2014, №51) сарлавҳалари остида берилган хабарларнинг ҳар
бирида аниқ тадбирлар ҳақида сўз юритилади. Аммо “навбатчи” сарлавҳалар бу
хусусда ҳеч қандай маълумот бермайди.
Ёки “Халқ сўзи” газетаси янгиликларида қўйилган қуйидаги сарлавҳалар
улар мазмунини очишга хизмат қила оладими? “Шижоат майдони”, “Саноат усулида парваришланади”,
“Модернизация шарофати”. Булар газетанинг 2015 йил 23 январ 15-сонидаги учта
хабарнинг сарлавҳаларидир. Мана, газетадан олинган яна битта “ўзиги хос”
сарлавҳа: “Улуғвор вазифалар белгилаб олинди” (22.01.2015, №14).
Шукр, сарлавҳадан материал мазмунини билиб олиш имконини берувчи веб-сайтлар
ҳам мавжуд. Масалан, “Ўзбекистонлик пианиночи Чайковский номидаги халқаро
мусиқа танловига таклиф этилди” (daryo.uz),
“Владивостокда ўзбекистонлик қизлар
ишлаётган фоҳишахона фош қилинди” (12news.uz) каби сарлавҳаларга кўзингиз
тушиши билан хабарда сўз нима ҳақида боришини англаб оласиз.
Киришда мазмун мужассам бўлмоғи лозим
Аксар ҳолларда янгилик ёки мақола нима ҳақида эканлигини билиш учун уни
ярмигача ёки охиригача ўқиб чиқишга тўғри келади. Аслида эса, сифатли
журналистика талабларидан бири шуки, материалнинг сарлавҳаси ва кириш қисми
билан танишган ўқувчи унинг мазмуни ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоғи керак.
Янгиликнинг кириш қисми, биринчи ва энг муҳим абзаци – хатбошиси
замонавий журналистикада лид деб аталади. Бу сўз инглиз тилидан кириб келган.
Инглиз тилида “lead” сўзининг бир қатор маънолари мавжуд бўлиб, “бошқармоқ”, “етаклаб
бормоқ” шулар жумласидандир. “Лидер” сўзининг асосида ҳам ана шу “lead” ётибди.
Демак, лид хабар ёки мақоланинг аввалида туриб, унинг асосий маъносини мужассамлаштирган
ўзига хос “етакловчиси” ҳисобланади.
Лидда материал нима ҳақда эканлиги аниқ ва тушунарли тарзда баён
этилиши зарур. Лид хабарни тўласинча ўқиб чиқиш иштиёқини ўйғотадиган
даражада жозибали бўлиши лозим. Бошқа
томондан, лидда воқеанинг мазмуни шундай очиб берилиши керакки, хабарни тўла
ўқиб чиқишга вақти бўлмаганлар унинг ўзи билан чекланган тақдирда ҳам воқеа
ҳақида етарли ахборотга эга бўлсин.
Воқеа-ҳодисанинг асосий моҳиятини очиб бериш учун ким, нима, қаерда, қачон, нега, қандай қилиб деган саволларга жавоб
қайтариш ўрнига битта тоғдан, битта боғдан гапирадиган журналистнинг хабари
талаб даражасидаги янгилик сирасига
кирмайди.
Энди ушбу айтилганлар доирасида газеталаримизда берилаётган
янгиликларнинг кириш қисмини кўриб чиқадиган бўлсак, аҳвол анча оғирлигига
гувоҳ бўламиз. Шу ернинг ўзида бир-иккита мисол келтирган эдим, ёзганларимнинг
ҳажми катталашиб кетди. Олиб ташладим. Ўзингиз, азиз ўқувчи, ЎзА сайтига кириб
олиб ёки газеталармизни варақлаб, хабарларда лидни бир қидириб кўринг-чи. Зора топсангиз. Зора
сарлавҳа ва кириш қисмини ўқиб, янгилик мазмунини англаб олсангиз.
Газетанинг қандай
бўлиши фақат таҳририятнинг ишими?
Ёзганларимни ўқиб кимдир унда кўтарилган мавзу журналистика муаммоси
бўлиб, уни кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилиш шартмиди, деб ўйлаши мумкин. Ҳа,
шарт! Матбуот сўзининг жамиятдаги ўрнини инобатга олиб, газеталаримизнинг ва
бутун оммавий ахборот воситаларининг қандай бўлиши ижтимоий аҳамиятга молик
масала эканлигини тан олишимиз лозим. Бу бир томондан. Бошқа томондан эса,
газета чиқаришга каттагина маблағ кетади ва ўқилмаган газета пулнинг
совурилишидир.
Газета қайсидар ташкилот ёки маъмуриятнинг органи, унга маблағни
таъсисчи беради, шу сабабли газетага қандай материални жойлаштиришни улар ҳал
қилади деб, сифатсиз нашрни оқлаш катта хатодир. Газетага берилаётган пул
ташкилот ёки маъмуриятники эмас, у халқнинг умумий бойлиги, солиқ тўловчилар
маблағи ҳисобланади. Шунингдек, мажбурий обуна орқали аҳоли ўзи хоҳламаган
тарзда таҳририятларни яхшигина сармоя билан таъминлаяпти Шу сабабли газетани
кераксиз, яъни ҳеч ким ўқимайдиган, фақат таъсисчига маъқул бўлган ахборот,
қисқа расмий хабарлар ва реклама билан
тўлдириш нотўғри.
Мана, “Халқ сўзи” газетаси 4 саҳифда чиқади. Кўпинча унинг 1,5-2
саҳифаси реклама билан банд қилинади. Демак, ўқувчиларнинг манфаати умуман
ҳисобга олинмайди. Газеталар ўртасида ўз ўқувчиси, ўз обуначиси учун рақобат
бўлмаганлиги, таҳририятлар муштарий учун курашиш тушунчасидан узоқлиги боис,
улар истаганини қилади. Чунки келгуси йили яна мажбурий обуна орқали ўзига
керакли тиражни таъминлашини таҳририятлар яхши билади.
АҚШда бўлганимда, ҳикматга айланиб қолган шундай сўзларни эшитган эдим:
яхши газета – бу ўз ўзи билан
суҳбатлашаётган миллатдир. Демак, бундай газетага аҳоли тўла ишонади. ОАВ,
агар аҳоли уларга ишонч билдирмаса, муваффақият билан фаолият юргиза олмайди.
Ҳар ҳолда, мажбурий обуна бўлмаган мамлакатларда шундай. Газетани ҳеч ким сотиб
олмаса, телекўрсатувларни одамлар кўрмаса, радио каналини тингламаса, бундай
шароитда ахборот воситасининг бозори касод бўлади, у синади.
Журналистика ташвиқот қуроли ёки қандайдир кучларнинг хизматкори эмас,
у ойнадир. У ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида жамиятни вақтида огоҳ этувчи ахборот
етказиш воситаси саналади. Оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини бажариш
жараёнида жамиятга хизмат қилади. Бу вазифалар эса қуйидагилардан иборат: аҳолини янгилик ва ранг-баранг ахборот
билан таништириш; муҳим ижтимоий масалалар бўйича мавжуд фикрлар ва қарашлардан
хабардор этиш; кўнгилочар дастурлар ёрдамида аҳолининг бўш вақтини мазмунли
ташкил этишга ёрдам кўрсатиш; товар ва хизматлар ҳажми ортиб кетаётган бир
шароитда реклама майдони сифатида
аҳолига тўғри қарор қабул қилишга кўмаклашиш. Тан олиш керак,
бизнинг журналистика асосий эътибори ва диққатини охирги икки вазифасини
бажаришга қаратиб келмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев
P.S. Ишончим комилки, мақолада кўтарилган ва
журналистикамизда мавжуд бошқа муаммолар хусусида касбдошларим ва соҳа
мутахассисларининг ҳам айтадиган гаплари бор. Ўзим муаммолар таҳлилига бағишлаб
ўндан ортиқ мақола тайёрлашим мумкин. Уларни чоп этадиган матбуот органи борми?
Журналистикамизнинг келажагига бефарқ бўлмаганларни қандай бирлаштириш мумкин? Эскича
ишлаш услубидан воз кечмаган таҳририятларга ишга йўл олаётган ёш журналистлар
нимани ўрганмоқда? Вилоятларда ташкил этилган журналист маҳорат мактабида
кимлар сабоқ бермоқда? Саволлар, саволлар, яна саволлар...
Комментариев нет:
Отправить комментарий