вторник, 7 апреля 2015 г.

Самарқандда Соҳибқирон таваллуд кунига бағишланган анжуман ўтказилди

Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими Соҳибқироннинг 9 апрелда нишонланадиган таваллуд куни муносабати билан илмий-амалий анжуман ўтказди. Унда олим ва адиблар ҳамда жамғарманинг вилоят бўлими раёсат аъзолари  иштирок этишди.  

Анжуманнинг очилишида дастлаб жамғарманинг Самарқанд вилоят бўлими раиси профессор Қўзибой Мамараимов кейинги бир йил давомида бўлим томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Жумладан, ўтган давр мобайнида Темур ва темурийлар даври тарихи ва маданиятига бағишланган бешта анжуман ўтказилган, вилоятдаги ўқув юртлари жамоаларида олимларнинг чиқишлари уюштирилган, Халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг Самарқандга ташриф буюрган бир қатор вилоят бўлимлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилган.
Амалга оширилган диққатга сазовар ишлар қаторига самарқандлик олимлар Усмон Санақулов, Қўзибой Мамараимов, Маърифат Ҳандамова, Амриддин Бердимуродов ва бошқалар томонидан 10га яқин китоб ва рисола чоп этилганлигини ҳам қўшиш мумкин.
Анжуманда профессор Шакар Аҳадов “Мирзо Улуғбек маънавияти”, профессор Усмон Санақулов “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахсияти ҳақида” мавзуларида  маърузалар қилишди. Олимлар чиқиши ўзига хослиги ва мавзуга янгича ёндашуви билан йиғилганлар эътиборини ўзига жалб этди ва мунозараларга сабаб бўлди.
Мунозарада Археология институти директори Амриддин Бердимуродов, профессор Зиёдулло Муқимов ва бошқалар иштирок этиб, ҳали Темур ва темурийлар даврини ўрганиш борасида кўпгини ишлар амалга оширилиши лозимлигини уқтиришди. Анжуманда, шунингдек, 2016 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги нишонланиши   муносабати билан олимлар ва кенг жамоатчилик олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз юритдилар.

Анжуман якунида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ориф Ҳожи  Соҳибқиронга бағишлаб ёзган шеърларини ўқиб берди.

Тошпўлат Раҳматуллаев

  


Комментариев нет:

Отправить комментарий