Табиий газ истеъмолчилари ўз ҳуқуқларини билгандагина уларни алданиб
қолмасликлари мумкинлигини кундалик ҳаётимиз кўрсатиб турибди. Яқин вақтгача
фақат истеъмолчи зиммасидаги мажбуриятлар ҳақида сўз юритиларди.
Уларнинг
асосийси истеъмол қилинган (баъзида ҳатто етказиб берилмаган) газ учун ҳақ
тўлашдан иборат деб тушиниларди. Истеъмолчини унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда газ
етказиб берувчининг мажбуриятлари билан таништиришдан ҳеч ким манфаатдор
эмасдай кўринарди.
Мисол тариқасида одатий бўлиб қолган ҳолатни келтирмоқчиман. Истеъмолчи
қандайдир сабаб билан газни ҳисобга олиш ускунаси(счётчик)ни даврий текширувдан
ўтказишнинг амал қилиш муддатини ўтказиб юборган бўлса, жаримага тортилади. Бу ерда
фақат истеъмолчи айбдор саналади. Аслида бундай эмас. Бу ишда газ таъминоти
корхонасининг назоратчиси ҳам масъулдир. Шуни инобатга олиб, “Самарқандшаҳаргаз”
филиали томонидан ишлаб чиқилган “Табиий газ истеъмолчилари учун эслатма”да
назоратчи газни ҳисобга олиш ускунасини даврий текширувдан ўтказишнинг амал
қилиш муддати тугашига бир ой қолганда, истеъмолчини бу ҳақда огоҳлантириши кераклиги
белгилаб қўйилган. Албатта, бу – масъулият истеъмолчи зиммасидан тўласинча соқит
қилинади дегани эмас.
“Эслатма”да биринчи марта газ ўтказаётган хонадон соҳиблари билиши
зарур бўлган маълумотлар алоҳида келтирилган, газни ҳисобга олиш ускунасини
даврий текширувдан ўтказиш учун бажарилиши лозим бўлган ишлар қадамба-қадам
кўрсатиб ўтилган. Афсуски, шу вақтгача айрим фуқароларимиз счётчикни
текширувдан ўтказгандан сўнг келтириб жойига ўрнатиш билан чекланган. Бу ҳақда тузилган
далолатномани газ идорасининг автоматик бошқарув тизимига тақдим этиши ва
қайддан ўтказиш зарурлигини билмаган. Счётчикнинг назорат тамға (пломба)сини
ўрнатиш ва бу ҳақда назоратчи тузган далолатномани газ таъминоти корхонасида
рўйхатдан ўтказишни ўйламаган. Аниқроғи, ана шундай йўл тутиш кераклигини
аҳолига ҳеч ким айтмаган. Бехабарлик оқибатида истеъмолчилар кўплаб жарима
тўлашга мажбур эди.
Кўп йиллар давом этган бундан нотабиий ҳолатга Самарқанд вилоятида чек
қўйила бошланганлиги диққатга сазовордир. Бундан бир ойча олдин
“Марказгазтаъминот” унитар корхонаси раҳбари Шукрулло Маҳмудов “Табиий газ
истеъмолчилари учун эслатма” тайёрлаш ва уни аҳоли ўртасида кенг тарқатиш
ташаббуси билан чиққан эди. “Эслатма”ни тайёрлашни “Самарқандшаҳаргаз” филиали бошлиғи
Акбар Баҳриев ўз зиммасига олди. Натижада қисқа вақт ичида ҳар бир фуқаро
учун муҳим бўлган ҳужжат ишлаб чиқилди
ва унинг катта форматдаги нусхалари маҳаллаларга тарқатилди.
Нореал қарздорлик тугатилади...ми?
Аҳолини газ идорасидан қарздорлиги масаласи кўпдан бери барчанинг
диққат марказида десак, хато бўлмайди. Айниқса, катта миқдордаги нореал қарздорлик
туфайли газ идорасига қатнашдан безиб қолган юртдошларимиз қанча! Шукрлар бўлсинки,
Самарқандда кейинги вақтда бундай аҳволга чек қўйила бошланди. Қайси маҳаллада
истеъмолчилардан ноқонуний пул талаб қилинганлигини эшитган замони “Самарқандшаҳаргаз”
филиали раҳбарияти ўша ҳудудга бориб, масалага ойдинлик кирита бошлади.
Жойларга чиққанда қанчалик кўп ва кенг маълумот олиш имкониятини кўрган
филиал раҳбари Акбар Баҳриев маҳаллаларда мунтазам сайёр қабул ўтказишни йўлга
қўйди. Уларда асосан қайси масалаларга урғу берилишини аниқлаш мақсадида NUZ.UZ
мухбири ҳам бир нечта қабулда қатнашди.
Нурли йўл, Оқ сарой, Мингтут маҳаллаларида қарздорлик, газ ҳисоблагич(счётчик)га
тамға ўрнатиш, электрон газ ҳисоблагич ўрнатиш учун қандай йўл тутиш кераклиги,
назоратчиларнинг муомала маданияти, хонадонларда битта счётчикка бештадан ортиқ
газ жиҳози улар мумкин эмаслиги ҳақидаги талаб қанчалик тўғри эканлиги каби
кўплаб саволлар ўртага ташланди. А.Баҳриев барча саволларга батафсил жавоб
қайтарди.
Масалан, газ жиҳозлари сони ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берилди: “РЛ-6
газ ҳисоблагичи бир соатда 10 кубометргача газ ўтказиш қобилиятига эга. Гап бу
ерда газ жиҳозларининг сонида эмас, балки уларнинг қанча ҳажмда газ истеъмол
қилишида. Шунга қараб жиҳозларнинг сони ҳар хил бўлиши мумкин”.
Оқ сарой маҳалла раиси Шокир Хурсандов газ идорасининг автоматик
бошқариш тизими (АБТ) базасида маҳалла бўйича 2,5 млрд. сўм қарздорлик
мавжудлиги кўрсатилганлиги ва ушбу сумманинг қанчаси нореал қарздорлик
эканлигини аниқлаш учун нима қилиш кераклигини сўради. Бунга жавобан айни
кунларда нореал қарздорликни аниқлаш мақсадида қайта хатлов ўтказилаётганлиги
айтилди. Шунингдек, истеъмолчи барча ҳужжатлари билан газ идорасига бориб, АБТ базасидаги
маълумотлар билан тўлов ҳужжатларини солиштириб кўриши керак.
Нурли йўл маҳалласида аҳоли янги тайинланган назоратчининг қўполлигидан
нолиди. Жумладан, назоратчи 1-гуруҳ ногирони кўзи ожиз Комилжон Жумаевга қўл
кўтариб, унга тан жароҳати етказган экан. А.Баҳриев воқеага гувоҳ бўлганлардан
унинг тафсилотини билиб олгандан сўнг, ўша жойнинг ўзида, барчанинг кўз олдида “Самарқандшаҳаргаз”
филиали кадрлар бўлими раҳбарига назоратчининг хизмат гувоҳномасини олиб қўйишни
ва Меҳнат кодексининг тегишли моддаси билан ишдан четлаштириш масаласини кўриб
чиқишини буюрди.
“Ҳа, бекорга Президентимиз кўпроқ халқ ичига киришни, халқ билан
мулоқот қилишни талаб қилмас экан, – деди идорага қайтгандан кейин А.Баҳриев. – Буни қаранг, ярим кун иш хонамдан чиқиб,
одамлар билан учрашиб, муаммолардан
хабар топдим, уларнинг қанчаси жойида ҳал қилинди, фуқароларнинг овора бўлиб
идорога келишига ҳожат қолмади. Бу тажрибани албатта давом эттирамиз”.
Ўша куни кеч уйга қайтдим. Леки кун мазмунли ўтганлигидан мамнун эдим. Ўзимча,
қани энди ёш раҳбарнинг ана шундай хайрли ишларини юқоридагилар
қўллаб-қувватлаб турса, ҳаммамиз учун зўр бўларди-да, деб қўйдим.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Сайт “Новости
Узбекистана”, “Жамоатчилик” бўлими, 02.06.2017
Комментариев нет:
Отправить комментарий