Германиялик 44 ёшли Кай Маркус Буюк ипак йўли бўйлаб ўз югуришини 12 март куни бошлаган эди. Ўз блогида қайд этишича, у ҳар куни 60-80 км йўл босиб, тўққиз кунда бир марта дам олади ва ушбу кунни маданий айирбошлашга сарфлайди.
Кай Маркус Гамбургда бошланиб,
Шанхайда ниҳоясига етадиган югуришини маданий марафон деб атайди. Оралиқдаги
масофа – 12 минг км. У профессионал спортчи эмаслигини, мақсади марафон орқали
маданиятлараро кўприк ўрнатишдан иборат эканлигини таъкидлайди.
Кай Маркуснинг югуриши 235 кун давом этади ва саккизта мамлакат орқали
ўтади. Булар – Германия, Польша, Белоруссия, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон,
Қирғизистон ва Хитой. 12 март куни бошлаган югуришини Маркус 3 ноябрда якунлаш
ниятида. Унинг шиори “Сиз танҳоликда кўп нарсага эраша оласиз, биргаликда эса
ҳамма нарсага эришасиз”.
23 майдан 30 июнгача Маркус Ўзбекистон ҳудудида бўлди. 31 май куни
Хивага қадам қўйди. Уни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари,
спортчи ёшлар кутиб олишди. У ўзига берилган саволларга батафсил жавоб қайтаришга
ҳаракат қилди. Жумладан, “жаноб Кай Маркус, сизни Гамбург-Шанхай йўналиши бўйича
12000 километр узунликдаги масофани пиёда босиб ўтишга ундаган асосий
сабабларни айтиб ўтсангиз” деган саволга у шундай жавоб қайтарди:
– Мен Шарқ мамлакатлари тарихи ва маданияти ҳақида кўп эшитганман. Ана
шу жойларни ўз кўзим билан кўришга аҳд қилиб, марафонга чиқдим. Ундан ташқари, ҳаётим
бекорга ўтиб кетишини хоҳламадим ҳамда тарихда қоладиган иш қилишни ўз олдимга
мақсад қилиб қўйдим. Бунинг учун қадимги Буюк ипак йўлини югуриб ўтишга қарор қилдим.
Келажакда одамлар мени Буюк ипак йўлини югуриб ўтган киши деб танишларини ва эслаб
юришларини жуда хоҳлайман.
Қадимги Буюк ипак йўли бўйлаб давом этадиган саёҳатим мени мазкур йўл бўйлаб
жойлашган мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг тарихи, урф-одатлари,
маданияти ва шу ерда истиқомат қиладиган халқнинг турмуш шароитларига қизиқишим
ва улар билан бутун дунёни таништириш мақсадида бошланган.
Меҳмон 13-14 июнь кунлари Самарқандда бўлди. У Самарқанд олимпия
захиралари коллежида вилоят спорт мураббий-ўқитувчилари ҳамда енгил атлетика
бўйича ёш иқтидорли спортчилар ҳамда Регистон майдонида оммавий ахборот
воситалари ходимлари билан учрашди.
Унинг сўзларига қараганда, Самарқанднинг тарихий обидаларини томоша
қилиб, миллий қадриятларимизни ўрганганлиги унга катта завқ бағишлаган. Чунки у
болалигида эшитган афсонавий шаҳарни ўз кўзи билан кўришга мушарраф бўлган. “Жаҳоннинг
кўпгина давлатларида бўлганман, – дейди спортчи. – Аммо юртингиздаги қадимий
осори-атиқаларга бой бўлган гўзал шаҳарлар менда ўзгача таассурот қолдирди. Йўл-йўлакай
миллий урф-одатларингиз, юртдошларингиз билан танишиб кетяпман”.
Меҳмон-спортчи Тошкентга етиб келиши билан, 19 июнда Ўзбекистон
Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шарапов у билан
учрашди. Учрашув давомида марафончи Ўзбекистондан олган таассуротлари ҳақида,
уни лол қолдирган меъморий обидалар ҳамда одамларнинг меҳмондўстлиги ва
очиқлиги ҳақида сўзлаб берди. У, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат
қўмитасига Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида унга кўрастилган
меҳмондорчилик, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси вакиллари, ёшлар ва
журналистлар билан ташкил этилган учрашувлар учун миннатдорчилик билдирди.
Учрашув давомида марафон Ўзбекистоннинг туристик йўналишдаги обрўйини янада оширишга,
Германия ва Хитойдан келадиган туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши
қайд этиб ўтилди.
Кай Маркус Тошкентдан чиқиб, Фарғона водийси томон йўл олди. Марафончи Андижон
орқали Қирғизистонга ўтади ва у ердан Хитойга равона бўлади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий